Қонунийлик, адолат ва ошкоралик фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолати бўлиши лозим

/
Мустақиллик йиллари ҳаётимизнинг барча соҳаларида фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижаси ўлароқ турмуш сифати ва даражаси ўсди, мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди ҳамда республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига эришилди.
Шунингдек, ўтган 25 йиллик давр республикамизда мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан тинчлиги ва осойишталиги, юрт ободлиги ва халқ фаровонлигини таъминлаш бўйича ўзига хос тарихий из қолдирди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, бу даврда мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш соҳаси, айниқса, унинг муҳим қисми ҳисобланган ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Ички ишлар идораларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ва юксак малакали, профессионал кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани, шахсий таркибнинг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар соҳадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда. Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизими яратилгани юртдошларимиз хотиржамлигида намоён бўлмоқда.
Ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, жамият ҳаётига татбиқ этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонунлари қабул қилиниб, жамият ҳаётига татбиқ этилиши жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини қонун даражасида тартибга солишга хизмат қилди.
Мазкур қонунлар ижросини таъминлаш, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари ҳам муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Асосий мақсади – жамиятнинг террорчилик, қўпорувчилик хуружларидан, барча кўринишдаги экстремизм, уюшган жиноятчилик каби жиноий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган тизимни шакллантириш, ички ишлар органларини шахс ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг ишончли гаровига айлантиришни назарда тутган ҳолда олиб борилган бундай ислоҳотлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, 2015 йилда АҚШда фаолият кўрсатаётган Гэллап институти томонидан “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” мавзусида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра Ўзбекистон дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллагани юртимизда тинч ва осуда ҳаётни асраш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг халқаро эътирофидир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини, энг асосийси, одамларимизнинг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, бу масала бундан буён ҳам эътиборимиз марказида туриши лозимлиги ҳақида сўз юритиб, ички ишлар органларининг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Қонун лойиҳасида ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ва шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассам этилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, мазкур қонун лойиҳасининг долзарблиги, янгилиги нимада? Ушбу савол фуқароларни қизиқтириши табиий, албатта.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда жамиятимизнинг барча соҳаларидаги ислоҳотлар ва Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий давлатни шакллантириш шароитларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари соҳасига дахл қилиш имконияти билан боғланган давлат органининг амал қилиши, фаолиятининг таркиби ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи алоҳида қонун билан амалга оширилиши мумкин ва шарт.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси айнан шу мақсадга йўналтирилган бўлиб, у мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг хорижий ва миллий тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида биринчи бор ички ишлар органлари ва унинг ходимларини давлат миқёсида ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашга, уларнинг ижтимоий зарурати ва аҳамиятини эътироф этишга қаратилган.
Мазкур ҳужжатнинг асосий йўналиши – ички ишлар органлари фаолиятини амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бўлиб, республика ички ишлар органларининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари, ишлаш тамойиллари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, чек қўйиш ва очишдан иборат. Шу билан бирга, шахсларни ҳам ноқонуний ижтимоий хавфли хуружлардан, ҳам ходимлар томонидан ички ишлар органларига юклатилган вазифаларни бажариш чоғидаги ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш кафолатланмоқда.
Қонун лойиҳасини тайёрлашга мамлакат ичида жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси суверенитетини таъминлашга алоқадор концептуал масалалар асос қилиб олинган.
Ички ишлар органларининг ижро ҳокимияти тизимидаги ўрни, уларнинг вазифа ва тамойиллари, мажбуриятлари, ҳуқуқлари, ўқотар қуролдан фойдаланиш тартибини белгилаш, қўллаш учун рухсат этилган махсус воситаларнинг муайян рўйхати, хизматга қабул қилиш ва уни ўташ тартибининг умумий шартлари ва қоидаларини белгилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига риоя қилишни кафолатлаш назарда тутилаётгани, ходимларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари, шунингдек, фуқаролар томонидан ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибининг мустаҳкамланаётгани қонун лойиҳасининг муҳим янгиликларидан саналади.
Шу билан бирга, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон тарихида биринчи бор ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий мақомини ягона ҳужжатда тартибга солади, ички ишлар органининг ташкилий тузилмаларини, жойини, жамият ва давлат олдидаги ролини белгилаб беради. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан келгусида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, барча турдаги мулклар, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва бошқа ғайриҳуқуқий тажовузлардан ошкора-ҳуқуқий ҳимояси билан боғлиқ қатор ижтимоий муносабатларни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат даражасида ҳуқуқий тартибга солишга эришилади.
Сўнгги йилларда ёшлар ўртасида ички ишлар органлари тизимида хизматни ўташ ва ишга киришга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, қонун лойиҳасида ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва хизматдан бўшатиш билан боғлиқ хизмат муносабатларини тартибга солинаётгани, бу борада очиқлик ва ошкоралик тамойиллари белгилаб қўйилаётгани ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар мустаҳкамланаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳам ушбу тизимда хизмат қилишга бел боғлаган мард, жасур ва ватанпарвар ёшларнинг сафини янада кенгайтиришга, айни пайтда ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва қийинчиликсиз бажаришига ўз ҳиссасини қўшиши, шубҳасиз.
Умуман, қонун лойиҳасида ички ишлар органлари фаолиятининг энг муҳим тамойиллари сифатида қонунийлик, бирлик, ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш, фуқароларнинг эркинлиги ва қонуний манфаатлари, очиқлик ва шаффофлик каби умуминсоний қадриятлар мустаҳкамланган.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан уйғунлигини инобатга олиб, яъни унинг жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва хавфсизлигини, ижтимоий адолатни таъминлашдаги аҳамияти долзарб эканлигидан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ундаги айрим камчиликларни бартараф этиш, унда белгиланган ички ишлар органлари фаолиятининг асосий тамойилларини янада кучайтириш зарур, албатта.
Энг муҳими, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳага доир қонун ҳужжатларини яхлитлаштириш орқали амалдаги тизимнинг фаолият самарадорлигини янада оширишга, жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикнинг барқарорлигини таъминлашга, пироварида, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга, мамлакатимиз тараққиётини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғ...
01 янв 1970
«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда ҳеч қандай ҳақсиз ортиқча мол олишга айтилади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 11-13 май кунлари да...
01 янв 1970
Хусусан, вилоятимиздаги хотин-қизлар қўмиталари ходимларининг масъулияти, шижоати ортганлиги иш жараёнида яққол сезилмоқда....