Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Турмуш ўртоғим ишлаб чиқариш вақтида бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этди. Бизнинг вояга етмаган фарзандларимиз боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан нафақа олиши мумкинми?
З.Аҳматова, Тошкент шаҳри

— Ҳа, мумкин. Меҳнат кодексининг 291-моддасига асосан, боқувчисини йўқотганлик пенсияси меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги туфайли вафот этган боқувчининг меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига, унинг меҳнат фаолиятининг муддатидан қатъи назар тайинланади. Агар у бошқа сабаблар натижасида вафот этган бўлса, шунга мувофиқ келадиган умумий меҳнат стажига қараб тайинланади, бундай меҳнат стажининг муддати суғурта қилинган ходимнинг вафот этган кунига қадар бўлган ёшига боғлиқ бўлади.

— Амакимнинг ўғли ишдан уйга қайтаётиб автоҳалокатга учради. Унинг олган тан жароҳати ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб ҳисобланадими? Иш вақти тушунчасига нима киради?
Н.Жўрабоев, Наманган вилояти

— Меҳнат кодексининг 114-моддасига кўра, ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади. Меҳнат кодексининг 189-моддасига мувофиқ ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек, иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади. Шунга кўра, иш берувчини моддий жавобгар деб эътироф этиш учун амакингизнинг ўғлига қайси автомашинада автоҳалокатга учрагани ва ушбу ҳалокат кимнинг айби билан содир бўлганини аниқлаш тавсия этилади.
Мазкур масала юзасидан ҳудудий меҳнат органларининг давлат техника инспекторларига мурожаат қилинса, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки бошқа ҳолатда бўлганлигига оид хулоса берилади. Шунга асосан якуний хулоса чиқарилади.
Саволларга Ўзбекистон Республикаси
 Меҳнат вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси бошқармаси бош мутахассиси Олим Ашуров жавоб берди.
 
— Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз. Аслида бизни ҳеч ким кечгача ўтиришга мажбур қилмайди, фақат баъзида раҳбарият томонидан кечки соат 17.00 да йиғилиш ўтказилганда ишдан кечроқ кетишга тўғри келади. Ушбу иш вақти нормал ҳисобланадими?
М.Носиров, Тошкент шаҳри

— Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслии лозим. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш Меҳнат кодексининг 123-моддасига кўра амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, ходимни саккиз соатдан ортиқ ишлатиш мумкин эмас. Иш ҳажмининг ортиши ёки муҳим топшириқлар ижросини кечиктириб бўлмаслигини инобатга олиб, иш берувчи асосий иш вақтидан ташқари қўшимча иш вақтида ҳам ходимнинг розилиги билан уни ишга жалб қилиши мумкин. Бунда қўшимча ишлаган иш вақти учун икки ҳисса иш ҳақи тўланиши лозим. Бу вақт қонун ҳужжатларига мувофиқ йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.
Саволга Ўзбекистон Республикаси
Меҳнат вазирлиги Давлат ҳуқуқ инспекциясининг катта мутахассиси Барно Казакбоева жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади....
01 янв 1970
«Сизга ушбу хатни ёзишдан мақсадим шуки, 1988 йилда туғилган ўғлим 2015 йилда оила тебратиш учун Косон туманидаги шахсий хонадонлардан бирида...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунга келиб қатор соҳаларда ўзининг ижобий натижаларини бераяпти....
01 янв 1970
Жорий йил Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида бир гуруҳ опа-сингилларимиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазовор бўлишди....