Муаммолар ҳал этилмоқда

/
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари сайловчилар олдидаги бурч ва масъулиятларини чуқур ҳис этиб, замон талаби асосида фаолият олиб боришга астойдил интилмоқдалар. Партиямизнинг дастурий ғоялари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, жойлардаги бошқарув органлари олдига долзарб масалаларни қўйиш, мавжуд муаммоларни ўз ваколатлари доирасида ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор беришаяпти.
Биргина ўтган йилнинг тўртинчи чорагида бўлиб ўтган вилоят Кенгаши сессиясига депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан киритилган 2 та масала, яъни бозорларда хизмат кўрсатиш сифати ҳамда тиббий хизматни тубдан яхшилаш билан боғлиқ масалалар ижобий ҳал этилди.
Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, улар ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар ҳақида”, “Вилоятда янги иш ўринларини яратиш ва “Бандлик” дастурининг ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”, “Юридик ва жисмоний шахсларга банк хизмати кўрсатиш, бу борада талаб ва таклифлар ўрганилиши, мавжуд муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилиши” каби масалалар “Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия”, “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш бўйича доимий комиссия” ва “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссия” йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинди. Айни пайтда юқоридаги масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим қилинган.
Дарҳақиқат, гуруҳ аъзолари сессиялар кун тартибига муҳим таклифлар киритиш, сайловчиларни ўйлантираётган масалалар ечимида ўз фаолликларини намоён этишмоқда. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия”си аъзоси Мақсуда Мустафоева ҳар сафар сессияларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ўз таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этиб, сайловчиларнинг мурожаатларини ҳам ўз вақтида ҳал этишга эришаяпти. У яқиндагина Косон туманидаги “Арабхона” маҳалласида сайловчилар билан ўтказган учрашувларида фуқаролар айрим ички йўлларни таъмирлаш лозимлигини баён этишган эди. Шунингдек, маҳалладаги 98-умумтаълим мактаби директори Нодир Зариповнинг мазкур илм маскани атрофига девор қуриш, мактабда ошхона, усти ёпиқ спорт зали, спорт майдони барпо этиш ҳақидаги мурожаати асосида депутат М.Мустафоева туман молия бўлими раҳбари номига депутатлик сўрови киритди. Депутатлик сўрови мутасадди ташкилотлар томонидан тезда ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш учун туман маҳаллий бюджетидан етарли маблағ ажратилди, айни пайтда мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Маҳаллалардаги носоз йўллар ҳам туман йўлсозлик корхонаси томонидан таъмирланаяпти.
— “Қуйибоғ” маҳалласида сайловчилар билан ўтказилган учрашувда ота-оналар касб-ҳунар коллежларига қишлоқдан қатнаб ўқийдиган фарзандлари, қолаверса, бутун маҳалла аҳлига қулайлик яратиш учун маҳалладан туман марказигача жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш масаласида мурожаат қилишди, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Мақсуда Мустафоева. — Бу муаммо ҳам тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди ва бу масалага ечим топиш мақсадида Косон тумани ҳокими номига депутатлик сўрови киритилди.
“10-Гулистон” сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат Нодира Рўяповага ўузор туманидаги “Чуқур”, “Катта”, “Дўлтали” қишлоқлари аҳолисининг электр энергияси таъминотига доир масалада қилган мурожаати асосида туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари номига киритилган депутатлик сўровига мувофиқ амалий ишлар қилиниб, мавжуд камчиликлар бартараф этилди.
Депутатлик гуруҳи аъзолари Чироқчи туманидаги “Бешчашма”, “Додиқ”, “Наврўз”, “Жар”, “Ҳумо” ва бошқа қишлоқ фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан ўтказган мулоқотларида ҳам аҳоли томонидан ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ўртага ташланган эди. Депутатлар ҳудуддаги касб-ҳунар коллежи спорт залини янги анжомлар билан таъминлаш, “Қарамтепа” қишлоғи орқали ўтувчи Чироқчи—Кўкдала йўлига асфальт ётқизиш, “Жар”, “Ҳумо” қишлоқларида истиқомат қилаётган нафақадорларга нафақаларни ўз вақтида олишларига кўмаклашиш, “Янгиқурилиш”, “Қизилчорва”, “Кўктош” қишлоқлари аҳолиси эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ баллонлари таъминотини яхшилаш, “Лангар”, “Қуруқсой”, “Тарағай” маҳаллаларида “Uzmobil” алоқа тизими сифатини замон талабига мослаштириш юзасидан мутасадди идораларга депутатлик сўровлари киритилди. Қувонарлиси, депутатларимизнинг аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга йўллаган сўровлари ўз муддатларида ижобий ҳал этилмоқда.
Бугунги давр депутатлар олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Замон талаби даражасида ишлаш, ўз навбатида, депутатларни янада ташаббускор, қатъиятли ва фидойи бўлишга ундайди, албатта.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда мазкур қонун талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ташкилотчилигида мазкур лойиҳа доирасида 76 марта тарғибот тадбирл...
01 янв 1970
Суҳбатдошимиз — “Самарқанд ALJ” концерни раиси, хусусийлаштиришнинг қалдирғоч корхоналаридан бирига асос солган Жуманиёз Алибеков...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам қи...