Мижозлар ишончи — аудиторлик фаолиятининг муваффақияти гарови

/
Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу амалий чора-тадбирлар, авваламбор, аҳолининг янги шаклланаётган бозор институтлари ва механизмларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг бу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб, иқтисодиётни янада эркинлаштириш жараёнини бозор инфратузилмаларининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланган аудиторлик тузилмасини ривожлантириш, бу борада нафақат мамлакатимиздаги, балки хорижий мижозларнинг ҳам ишончини қозона оладиган юқори малакали аудиторлик хизматларининг молия бозорида етакчи мавқега эга бўлишини таъминлаш зарурлиги борасидаги ташаббуслари асосида бугун аудит соҳасини ривожлантириш орқали корхона ва ташкилотларнинг молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш масалаларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Мазкур соҳани янада ривожлантиришда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг “Аудиторлик ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда улар кўрсатаётган хизматлар сифати учун жавобгарликни ошириш тўғрисида”ги, “Аудиторлик ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2016 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонунчилик, назорат-таҳлил ва ташкилий-ҳуқуқий тадбирларнинг асосий йўналишларига мувофиқ “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг Фарғона вилоятида ижро этилиши ҳолати ўрганилганда бунга яна бир бор амин бўлдик.
Ўрганиш Молия вазирлиги, Республика аудиторлар палатаси, Фарғона вилояти адлия бошқармаси, Марказий банкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси, Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилди.
Назорат-таҳлил ишлари шуни кўрсатдики, вилоятда қонуннинг ижро этилишини таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар қилинган. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда 7 та аудиторлик ташкилоти Адлия вазирлигида рўйхатга олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилган лицензия асосида фаолият кўрсатмоқда.
2015 йилда Фарғона вилоятида аудиторлик ташкилотлари томонидан 662 та хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувлари ўтказилиб, жами 1975,3 миллион сўмлик хизматлар бажарилган. Жумладан, 252 та мажбурий аудиторлик текширувлари ўтказилиб, 750,3 миллион сўмлик, 237 та хўжалик юритувчи субъектларнинг таклифига биноан текширишлар ўтказилиб, 549,7 миллион сўмлик, шунингдек, 173 та 675,3 миллион сўмлик профессионал хизматлар бажарилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида аудиторлик ташкилотлари фаолиятида бир қатор хато ва камчиликлар ҳам кузатилди. Жумладан, вилоятдаги аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилиб, ижобий хулосалар берилган хўжалик юритувчи субъектларда ҳудудий солиқ органлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишларда 7 та ҳолатда бюджетга қарийб 600,0 миллион сўм солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, вилоятдаги аудиторлик ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлари учун тўланиши лозим бўлган маблағларни ундириш юзасидан тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги оқибатида “TTT-Audit” ва “Akademik-Audit” аудиторлик ташкилотларида 40 миллион сўмга яқин дебитор қарздорликлар сақланиб қолмоқда.
Айрим ҳолларда акциядорлик жамиятларининг йиллик молиявий ҳисоботини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ нашр этилиши ҳамда уни аудитнинг халқаро стандартларига асосан ташқи аудитдан ўтказиш ишлари аудиторлик ташкилотлари томонидан талаб даражасида ташкил этилмаган.
Ўрганиш давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш юзасидан “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Фарғона вилоятидаги ижросини ўрганиш якунлари” мавзусида семинар ташкил қилинди.
Семинар давомида ташқи аудитни ўтказиш шартлари ва ижобий аудиторлик хулосасини эълон қилиш талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётида учраётган муаммоли масалалар ечимини топишга қаратилган ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги республикамизда кенг нишонлан...
01 янв 1970
— Мен 2010 йил уйланиб, 2015 йил март ойида ажрашдим. 2012 йили квартира сотиб олган эдим....
01 янв 1970
Инсон бахти учун зарур моддий ва маънавий неъматларга, аввало, тинчлик орқали эришилади. ...
01 янв 1970
ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни унинг сиёсий, иқтисодий имкониятлари, халқнинг интеллектуал салоҳияти ҳамда маданияти билан бе...