Масалалар ечим топмоқда

/
Сайловчилар манфаатлари йўлида жонкуярлик билан иш олиб бораётган халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари яқинда яна бир хайрли тадбир ўтказдилар. Депутатлар шаҳардаги 3-сонли оилавий поликлиника раҳбари Эъзозхон Аҳмедова бошчилигида Қўқон шаҳар “Бунёдкор” маҳалласида ижтимоий ҳимоя ва тиббий ёрдамга эҳтиёжманд хонадонларда бўлдилар.
— Маҳаллаларда ўтказган қабул кунларимиздан сўнг аҳолидан тушган мурожаатларни депутатлар билан кенгашиб, ҳар томонлама муҳокама қиламиз, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Эъзозхон Аҳмедова. — “Бунёдкор” маҳалласи фуқароларидан тушган мурожаатларда бепул дори-дармонларга эҳтиёж борлиги билдирилган. Шуни назарда тутиб, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда бугун йигирмадан ортиқ хонадонларга кириб бордик ва ушбу масала ижобий ҳал этилди.
Партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг депутатлик сўрови асосида ўсмирлар, хотин-қизлар, кексалар ва ҳомиладор аёлларга берилган кальций етишмаслиги, витаминоз, хафақон, камқонлик, йод танқислиги, дармонсизлик каби турли касалликларга қарши қўлланиладиган дори воситалари “Соғлом авлод учун ” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ажратилди.
— Сайловчилар ишонч билдирган депутатимиз Эъзозхон опа бошчилигида депутатлар ҳар бир хонадон ҳолидан хабар олиб, биз аёллар билан дилдан суҳбатлашиб, фарзандларимизнинг муаммолари, оилавий турмуш тарзимиз билан қизиққанлиги бизни қувонтирди. Оилаларга зарур дори-дармонлар берилди, — дейди уй бекаси Барчиной Ортиқова.
Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг ташаббускор депутатлик гуруҳи галдаги хайрия тадбирини “Саодат” маҳалласида ўтказишни келишиб олдилар.
Маълумки, жорий йилнинг 1 мартидан 1 апрелига қадар республикамиздаги даволаш-профилактика муасассаларида “Патронаж ойлиги” бўлиб ўтди. “Патронаж ойлиги”да Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошчилигида оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалар гуруҳи, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи юқори малакага эга лор, невропатолог, эндокринолог, онколог, фтизиатр каби тажрибали мутахассислар ҳамроҳлигида юзлаб хонадонларда бўлдилар.
Ойлик давомида ўқув муассасалари, маҳаллалар, оилалар ва кенг жамоатчиликка турли касалликларнинг олдини олиш чоралари ва соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
— Ушбу ойлик давомида хонадонларда бўлиб, тиббий патронаж ишларини ташкил этиш билан бирга оилаларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, касалликларни юзага келтириши эҳтимоли бўлган омиллар, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга эътибор қаратилди. Маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда аҳолининг кенг қатлами ўртасида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан жами 974 нафар иштирокчи жалб этилган ҳолда 18 маротаба тарғибот тадбирлари олиб борилди
“Патронаж ойлиги” доирасида “Ноиб кўприги” маҳалласида “Сил касаллигининг олдини олиш” мавзусида ўтказилган тадбирда партия депутатлик гуруҳи, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиникалар, вилоят Силга карши кураш диспансери вакиллари фаол иштирок этдилар. Шу куни қон таҳлили, “УЗИ”, “ЭКГ” бўйича малакали шифокорлар, онколог, маммологлар, кўчма рентген автомашинаси кун бўйи маҳалла ахолиси ихтиёрида бўлди ва 538 нафар хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамият тараққиётида авлодлар алмашинуви, ворисийлик барча замонларда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этган....
01 янв 1970
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларга таълим кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар мавжудми?...
01 янв 1970
Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. ...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларида...