Оилада ҳам, жамиятда ҳам фаол

/
Мирзаобод туманида адолат тамойилини ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирган ҳолда, нафақат касбий маҳорати, билими, балки сиёсий фаоллиги, ҳаётий тажрибалари билан жамоадошларига ибрат бўлаётган сафдошларимиз кўп. Эл саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилиб келаётган ҳамшира Дилбар Бекжўраева ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ана шундай фаолларидан биридир.
Д.Бекжўраева шифохонада ҳамшира бўлиб иш фаолиятини бошлаган 1985 йилдаёқ яхши мутахассис, ишчан ва билимдонлиги боис вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган эди. Мана, 28 йилдирки, Дилбар опа Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Беруний” қишлоқ врачлик пунктида қишлоқ аҳли саломатлигини асраб-авайлашдек шарафли ва масъулиятли касбини улуғлаб, эл эъзозига сазовор бўлиб келмоқда.
— Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул, деган ҳаётий ҳикмат амалий фаолиятимизда ўз аксини топган, муассасамиз томонидан болаларни ҳар хил юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари намунали олиб борилмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларидан жиддий масъулиятни талаб этади, — дейди Дилбар опа Бекжўраева. — Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, аёлларни фарзандлар саломатлигини асрашда эътиборли бўлишга ундаш билан бирга уларга туғуруқлар оралиғини сақлаш, болани тўғри овқатлантириш, шунингдек, кўкрак сути афзалликлари ҳақида батафсил тушунчалар берамиз. Зеро, дунёга келган ҳар бир фарзанд жамиятимизнинг бойлиги, оилалар қувончидир.
Мақсадим, қизиқиш ва интилишларим Ўзбекистон “Адолат” СДП ғояларига муштараклигини англаб, партияга аъзо бўлганимга етти йилдан ошди. Аслида “адолат” сўзининг ўзиёқ кишининг диққатини оҳанрабодай ўзига жалб этади. Адолатлилик ғоясини рўёбга чиқариш, барчанинг қонун олдида тенглиги, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга бел боғлаган сиёсий куч сафида шу юксак мақсадлар учун, оз бўлса-да, улуш қўшаётганимдан мамнунман. Шу билан бирга, партиямизнинг жамиятда хотин-қизлар роли ва мақомини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини илгари суриши, тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этишга аҳд қилганман. Шу боис маслакдошларим билан биргаликда партиямиз дастурий ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, оналар ва болалар саломатлигини асраш йўлида сиёсий куч аъзосига хос қатъият ва шижоат билан меҳнат қилмоқдамиз.
Фидойи сафдошимиз партиянинг туманда ўтказилаётган тарғибот тадбирларининг ташаббускорлари қаторида ташкилотчилик қобилиятини намоён этиб келмоқда. “Оила мустаҳкамлигини таъминлашда замонавий аёлнинг етакчилик роли: аёл, оила ва жамият”, “Йўлларни асрайлик”, “Интернат маданияти ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифамиздир”, “Бизнинг мақсадимиз — адолатли фуқаролик жамияти”, “Соғлом бола — келажак пойдевори”, “Мустаҳкам ва соғлом оилани барпо этишда ота-оналарнинг етакчи роли” каби тадбирларда тиббиёт ходими ва партия фаоли сифатида асосли ва барчага тушунарли маърузалари билан тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчан ва самарали ўтказилишига ҳисса қўшиб келмоқда.
Соғлом она ва бола йилида ҳар бир тиббиёт ходимининг зиммасидаги масъулият янада кучайди. Шубҳасиз, соғлом боланинг дунёга келиши, аввало, онанинг соғлиғига боғлиқ. Албатта, аёлларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш, оиладаги маънавий муҳитни яхшилаш, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳларнинг олдини олишга барча бирдек ҳаракат қилмоғи лозим. Муҳими, кенг кўламли тарғибот ишлари самара бериб, бу ҳаётий ҳақиқатларни одамлар чуқур англаб етмоқда.
— Азалдан аёл эзгулик, фидойилик тимсоли бўлиб келган. Келажак ворислари бўлган фарзандларни парваришлаш, тўғри тарбиялаш унинг муқаддас бурчидир, — дейди, “Беруний” қишлоқ врачлик пункти мудири Маҳмуд Очилов. — Оилада тарбияни тўғри йўлга қўйган аёл жамиятда ҳам ўз вазифасини аъло даражада уддалай олади, ишнинг мураккаблиги, қийинчилигидан чўчимайди. Дилбар Бекжўраева ҳам ана шундай оилапарвар, касбига чин кўнгилдан меҳр қўйган аёллардан. Шу ўринда айтиш жоизки, Дилбар опа Бекжўраева умр йўлдоши Жумабой Бекжўраев билан тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди, касб-корли қилишди. Қизлари — Саодат ва Нилуфар она изидан бориб, тиббиёт соҳасини танлашди. Ўғиллари — Абдураим ва Шерали эл-юртимиз ризқ-рўзини кўпайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида деҳқончилик билан машғул бўлиб, ҳар йили пахта ва дон экинларидан юқори ҳосил олмоқдалар. Қаҳрамонимизнинг хонадонида оиланинг барча аъзолари “Адолат” партиясини танлашган.
Бугунги давр сиёсий партиялар фаоллари, етакчилари олдига қатор долзарб вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни замон талабига мос равишда амалга ошириш ҳар бир сафдошимиздан шижоат, профессионал маҳорат, янгича ёндашувлар билан ишлашни тақозо этади. Сафимизда Дилбар опа каби фидойи ва жонкуяр, давр билан ҳамнафас аёллар сони ортаётганлиги партиявий ишларда муваффақиятларимиз салмоғини ҳам оширади.
Улуғбек СУЯРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Мирзаобод туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ташкилотчилигида мазкур лойиҳа доирасида 76 марта тарғибот тадбирл...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ...
01 янв 1970
2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд...
01 янв 1970
— Судланганлиги олиб ташланган шахс ички ишлар идораларига ишга кириши мумкинми?...