Хусусий мулк давлат ҳимоясида

/
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий база яратилиб, бу билан тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги қонуний кафолатланди ҳамда иқтисодиётнинг муҳим соҳаси бўлмиш кичик бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш борасида бир қатор ижобий ишларни амалга ошириш билан бирга, хусусий тадбиркорлик ва хусусий мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ҳимоясининг кучли тизимини яратишга жиддий эътибор берилмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2012 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Эндиликда хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек, бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилиши белгиланган бўлиб, мулкдор хусусий мулк бўлган мол-мулкини национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.
Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдор билан келишувга кўра, тегишлигича туман, шаҳар, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.
Шунингдек, олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.
Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча вилоят ҳокими қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади.
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда мазкур қонун талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, бошқармага 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларидан 87 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 85 таси кўриб чиқилиб, 33 таси қаноатлантирилди ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Шунингдек, бошқарма томонидан ўтган давр мобайнида иш режа ва келиб тушган мурожаатларга асосан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан 16 та тақдимнома, 7 та огоҳнома ва кўрсатма киритилди, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 1 та баённома расмийлаштирилди ҳамда судларга 1 125. 211. 000 сўм миқдорида бўлган жами 27 та даъво аризалари киритилди.
Киритилган тақдимномаларга асосан жами 14 нафар масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилган, 3 та қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, 11 та қарорларнинг ижроси ҳаракатдан тўхтатилиб, ноқонуний равишда ундирилган 641 430 сўм пул маблағлари эгаларига қайтарилиши таъминланди.
Ҳусусан, Термиз шаҳридаги “Сурхон қурилиш Термиз” МЧЖ раҳбари Н.Боқиевнинг жамиятга тегишли бўлган 2 қаватли савдо дўкони бузилиши натижасида МЧЖга етказилган зарар учун компенсация тўлови амалга оширилишида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, шаҳарнинг Денов кўчасида жойлашган икки қаватли, ертўлали, 509,56 кв.м ер майдонини эгаллаган савдо дўкони биноси Термиз шаҳар ҳокимининг 2005 йил 13 июндаги 477-сонли қарори асосида “Сурхон қурилиш Термиз” МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиб, ушбу ҳақда Ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастр ДУК томонидан ТА 1864849-рақамли гувоҳнома берилган.
Термиз шаҳар ҳокимлигининг 2014 йил 16 июлдаги “Термиз шаҳрининг С.Саодат кўчаси (жумладан, М41 “Бишкек—Душанбе—Термиз” автомобиль йўлининг узунлиги 4 км бўлган 1618-1622 км қисми ва шунга туташган 4Р 230 “М41 автойўлига” автомобиль йўлининг узунлиги 1,5 км бўлган 3,55 км қисми) реконструкция қилиш объектининг лойиҳаси бўйича йўл минтақасида бузилишга тушган турар ва нотурар бино-иншоотларнинг мулк эгаларига компенсация миқдорини белгилаш ҳамда амалга оширилган харажатларни тўлаш тўғрисида”ги 761-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор асосида шаҳарнинг С.Саодат, Денов ва бошқа кўчалари ёқасида жойлашган, 2014 йилда бузилиши режалаштирилган жами 97 та турар ва нотурар бинолар рўйхати, компенсация тўлови миқдори ҳамда ушбу компенсация тўловини амалга оширишга масъул бўлган идора тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатнинг 84-тартиб рақами билан “Сурхон қурилиш Термиз” МЧЖга шаҳарнинг Денов кўчасида жойлашган савдо дўкони биноси учун тўланиши лозим бўлган компенсация миқдори 397 411 369 сўм миқдорда белгиланган бўлиб, ушбу тўловни амалга ошириш учун Республика йўл жамғармаси масъул этиб белгиланган. Мазкур компенсация миқдори низоли бинонинг “Сурхондарё баҳолаш ва консалтинг маркази” МЧЖ томонидан 2014 йил 25 июндаги баҳолаш якунига қараб белгиланган.
Шунингдек, 2015 йил 25 майда Термиз шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниб, мазкур қарорнинг 1-бандига кўра, қайд этилган объектнинг реконструкция қилиниши муносабати билан компенсация маблағларининг тўлови Республика йўл жамғармасидан сўралиши белгиланган. Айни пайтда мазкур қарорга илова қилинган рўйхатнинг 29-тартиб рақамида “Сурхон қурилиш Термиз” МЧЖга тегишли бўлган Денов кўчаси 15-уй манзилидаги савдо дўкони биносининг эркин баҳоси 747 673 950 сўм этиб белгиланган.
Бошқарма томонидан мурожаатни ўрганиш натижалари бўйича МЧЖ манфаатини кўзлаб Сурхондарё вилоят хўжалик судига Термиз шаҳар ҳокимлиги зиммасига “Сурхон қурилиш Термиз” МЧЖга тегишли савдо дўкони бузилиши оқибатида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонига тенг ҳажмда ер майдони ажратиш мажбуриятини юклаш ҳамда савдо дўкони бузилиши оқибатида МЧЖга етказилган зарарни қоплаш учун Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 747.673.950 сўм миқдорида компенсация тўлови ундириш ҳақида даъво ариза киритилди.
Юқоридаги мисолдан ҳам кўриниб турибдики, республикамизда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари доим қонун ҳимоясида.
Ғайрат ТИЛОВҚОБИЛОВ,
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайлов куни сайлов бюллетенини айрим сабабларга кўра хато тўлдирсам ёки бюллетенни бузиб қўйсам, участка сайлов комиссияси аъзоларидан бошқа бюллет...
01 янв 1970
Жорий йилда фарзандим юртимиздаги олий ўқув юртларидан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади....
01 янв 1970
— Гаров тушунчаси, гаров тўғрисидаги шартноманинг шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида маълумот берсангиз....