Биз терроризмга қаршимиз

/
Яратувчилик ишлари тинчлик шароитидагина амалга ошади
Урганч шаҳар тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Урганч шаҳар ташкилоти томонидан “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” мавзусида тадбир ўтказилди. Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ижтимоий лойиҳаси доирасидаги ушбу тадбирда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этдилар.
Вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Раҳимбой Латипов бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталарида рўй бераётган террорчилик хатти-ҳаракатлари, қонли можаролар, мутаассиблик, ўзаро низоларнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида, аввало, ўсиб келаётган ёш авлодда тасаввур ҳосил қилиш, инсон онгини заҳарлашга уринаётган ёвуз ниятли кимсалар алдовидан эҳтиёт бўлишга ундаш, жойларда маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш партия фаолларининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланганини қайд қилди.
Ёшларнинг интернетдан тўғри фойдаланишида “Ёш адолатчилар” қаноти фаолларининг ўрни мавзусида сўз юритган вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Иномжон Мадраҳимов тараққиётга ёт ғоялар остида турли кучлар интернетдан фойдаланиб, ахборот эркинлигини суиистеъмол қилаётганлиги, ўсиб келаётган ёш авлод онги ва қалбини эгаллаш йўлидаги уринишлар кучайиб бораётгани, шу боис ҳар биримиз огоҳ бўлишимиз лозимлиги, ёшларнинг бўш вақтларига мазмун бағишлаш, уларнинг интернетдан тўғри фойдаланишига чуқур эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтди.
Дарҳақиқат, бир иншоотни барпо қилиш, бир манзилни обод этиш, бир инсонни улғайтириб, камолга етказиш қанча меҳнат ва маблағ талаб қилишини яхши тушунамиз. Яратувчилик ишлари тинчлик шароитидагина амалга ошади ва буларнинг барчаси бунёдкорлик деган улуғ саъй-ҳаракатларнинг самараси саналади. Аммо жаҳоннинг қай бир нуқталарида бино ва иншоотларни бир зумда вайрон этиш, қонли можаролар келтириб чиқариш, инсон ҳаётини заррача қадр қилмаслик ва умрига зомин бўлиш хатти-ҳаракатлари содир қилинмоқда.
Шу боис вайронкор ғояларга қарши туриш бунёдкор ғоялар билан яшаётган ҳар бир юртдошимизнинг фаол фуқаролик позициясига айлангани бежиз эмас.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Мустақил фикрли ва билимдон ёшлар қарашларида огоҳлик — муҳим мезон
Мустақил мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда “оммавий маданият” хуружидан асраш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир. Энг муҳими, уларнинг барча соҳаларда муваффақиятга эришишлари учун моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар кенгаши ташаббуси билан шаҳардаги ахборот технологиялари коллежида бўлиб ўтган “Огоҳликни мен қандай ҳис этаман” мавзусидаги тадбирда ҳам экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари мисоллар орқали айтиб ўтилди, юртимиз мустақиллигини асраш, тинчлик ва фаровонлигимизни таъминлаш учун курашиш, огоҳликни қўлдан бермаслик ҳар биримизнинг энг муҳим бурчимиз эканлиги таъкидланди.
Тадбирда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Акмал Бобоевнинг “Мустақил фикрли ва билимдон ёшлар — келажагимиз” мавзусидаги маърузаси кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.
— Киши атрофидаги воқеликка ҳушёрлик ва сергаклик билан боқиши, ўзини ўраб турган ижтимоий муҳит, воқеа-ҳодисаларни тўғри таҳлил қила олиши керак, — деди А.Бобоев. — Улардан тўғри хулоса чиқариб, турли кўринишларда акс этадиган ғоявий, маънавий таҳдид ва хуружларни англай олиш учун етарли билимга эга бўлиш, ўқиб-ўрганишдан тўхтамаслиги зарур.
Вилоят партия кенгаши раиси Абдуқаҳҳор Аҳмедовнинг “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги муҳим вазифамиздир” мавзусида қилган маърузаси ҳам тадбир иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.
— Ахборот технологиялари асрида ахлоқсизлик, ёвузлик ва зўравонликни интернет ёрдамида тарқатишга зўр бераётганлар бор, — деди А.Аҳмедов. — Бу билан халқларнинг миллий қадриятлари, маданий, маънавий ва маърифий меросини эскирган деган қарашларни сингдиришга, ёшларнинг дунёқарашларини хиралаштиришга уринадилар. Тафаккурида бўшлиқ мавжуд бўлган одам бегона ғоя ёки қарашни ўзига тез сингдириб олади, бу ҳолатни асло назардан четда қолдириб бўлмайди.
— Дарҳақиқат, маънавий таҳдидлар шаклан турлича бўлса-да, уларнинг мақсади бир хил — ёшларнинг тафаккурини сийқалаштириш, уларни ўзига маънавий қул қилиш орқали мудҳиш ниятлари йўлида фойдаланишдан иборат. Буни ҳар бир ёш, ҳар бир фуқаро тушуниб етмоғи шарт, албатта, — деди тадбирда “Ёт маданият маънавий таназзулга етаклайди” мавзусида маъруза қилган халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари, Қашқадарё телерадиокомпанияси муҳаррири Замира Бобоназарова.
Партия фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар ташкилотлари, маънавият-тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, маданият ва спорт ишлари бўлими ҳамда педагоглар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Ҳусниддин Бердимуродовнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тўпланганларда қизиқиш уйғотди.
Огоҳлик — давр талаби. Ҳар қандай экстремистик, ёт ғоялар моҳияти ўзгалар устидан ҳукмронлик қилиш, жиноят содир этиш, инсониятни таназзулга бошлашдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар онгида ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, “оммавий маданият” хуружидан асрашда нафақат мутасадди муассасалар, балки ҳар бир фуқаро масъул эканлиги эътироф этилди. Истиқболимиз эгаларининг илм-фанга қизиқишларини кучайтириш, ижодий қобилият ва салоҳиятини ошириш, баркамол шахсни тарбиялаш ўта муҳим вазифа ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Тадбир сўнггида ўқитувчи ҳамда маҳаллада яшовчи хайрихоҳларимиздан 100 нафари партия аъзолигига қабул қилиниб, уларга аъзолик билетлари тантанали равишда топширилди ва шаҳардаги “Ойдин” маҳалласида янги БПТ тузилди. Демак, Қарши шаҳрида партиядошларимиз сафи 100 нафарга ортиб, БПТлар сони 46 тага етди
— Мен кўпдан буён орзу қилиб юрган “Адолат” СДПга аъзо бўлдим, — дейди Шаҳноза Солиева. — Биз, ёшлар обод, эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлида ҳамнафас бўлишимиз, доимо тараққиёт сари интилишимиз лозим. Тараққиёт учун эса юртимизнинг осойишталиги энг муҳим омил ҳисобланади.
Шундай экан, огоҳлик фаолиятимизнинг мазмунига айланиши лозим, биз огоҳликни ана шундай ҳис этамиз.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаронинг ва вояга етмаган шахснинг тирик эканлигини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чам...
01 янв 1970
Дилором Омонуллаева басталаган дилтортар қўшиқ ва мусиқалари билан миллионлаб санъатсевар ҳамюртларимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган беназир иж...
01 янв 1970
Таъкидлаш лозим, Хитой Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Фақат 2015 йилнинг ўзида Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми ...