Ҳадя шартномаси қандай тасдиқланади?

/
— Ёшим саксондан ошди. Фарзандларим, невара-чевараларим бағрида яшаяпман. Аммо кўзим очиқлигида бир хонали уйимни ёлғиз қизимнинг фарзандига ҳадя қилиб бермоқчиман. Уйни ҳадя қилишнинг тартиб-қоидалари ҳақида маълумот берсангиз.
Содиқжон МАДМУСАЕВ,
Фарғона шаҳри

— Бу масала бўйича сиз давлат нотариал идорасига мурожаат қилиб, ҳадя шартномасини имзолашингиз ва уни нотариал тасдиқлатишингиз лозим. Ҳадя шартномасини тасдиқлаш ва унинг ҳуқуқий оқибатлари Фуқаролик кодексининг 502-510-моддаларида ўз аксини топган, кодекснинг 502-моддасида таъкидланганидек, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади. Ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя, деб тан олинмайди. Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси, деб тан олинади.
Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, ҳадя қилувчи ҳадя олувчидан ҳадяни олишни рад этиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари, ҳадя қилиш, айни пайтда ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин. Умумий биргаликдаги мулкни ҳадя қилишга мулкнинг барча иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилади.
Агар шартнома тузилгандан сўнг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.
Борди-ю, ҳадя олувчи ҳадя қилувчи ва унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир этса, ҳадя суд орқали бекор қилинади. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.
Шуни унутмаслик керакки, ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланилмайди.
Ҳадя қилинган ашёдаги камчиликлар ҳадя олувчига топширилгунга қадар пайдо бўлгани аниқ кўриниб турган камчиликлар жумласига кирмаслиги ва ҳадя қилувчи бу ҳақда билган бўлса-да, ҳадя олувчини огоҳлантирмаганлиги исбот қилинган бўлса, ҳадя олувчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар ҳадя қилувчи томонидан қопланиши лозим.
Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳадя олувчининг шартномада белгиланган ҳуқуқлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтмайди. Шунингдек, ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтади.
Саволга Тошлоқ туман 1-сон ДНИ нотариуси
Бобурбек ЭГАМБЕРДИЕВ жавоб берди.
 
— Умр йўлдошим билан узоқ йиллар бирга яшадик. Бироқ ўзаро муросага кела олмай, бир йил аввал расмий никоҳдан ажрашдик. Оғир касалликка чалинганман. Дори-дармонга пулим етмаяпти. Собиқ турмуш ўртоғимнинг топиш тутиши ёмон эмас. Айтинг-чи, ундан даволанишим учун ёрдам сўрашга ҳаққим борми?
Жамила Маматова,
Тошкент вилояти

— Оила кодексининг 117-моддасида эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шартлиги қайд этилган. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек, хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Сиз билан боғлиқ ҳолатда собиқ эрингиздан таъминот олиш ҳуқуқи Оила кодексининг “Никоҳдан ажралганидан кейин собиқ эр (хотин)нинг таъминот олиш ҳуқуқи” акс эттирилган 118-моддага асосан тартибга солинади.
Ушбу моддага асосан, никоҳдан ажралгандан кейин собиқ эр ёки хотинга тўланадиган алимент миқдори ва уни тўлаш тартиби собиқ эр-хотин ўртасидаги келишув билан белгиланиши мумкин.
Яъни, етарли маблағга эга бўлган собиқ эр (хотин)дан:
собиқ хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида;
ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган болага қараган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр);
никоҳдан ажралгунга қадар ёки никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб бир йил давомида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр);
никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб беш йил ичида пенсия ёшига етган ёрдамга муҳтож хотин (эр), агар эр-хотин узоқ вақт никоҳда туришган бўлса, суд тартибида алимент талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
Саволга Чиноз тумани ФҲДЁ бўлими мудири
Барно РАҲИМОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ЎзМТДП фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонуннинг кучга кириш муддати 12 ой этиб белгиланганига эътироз билдириб, ушбу муддатни 6 ой этиб белги...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи воҳа аҳлини янгидан-янги марралар сари илҳомлантирди....
01 янв 1970
Инсон бахти учун зарур моддий ва маънавий неъматларга, аввало, тинчлик орқали эришилади. ...
01 янв 1970
Аҳоли, айниқса, аёллар билан суҳбатлашганимизда улар иш билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлаб, биздан жўяли бир гап эшитишни, аниқ жавоб айтишимиз...