Кексаларни эъзозлаш — азалий қадрият

/
Хотира — муқаддас туйғу. Бу фазилат инсоннинг маънавий қиёфасини белгилайди. Зеро, хотира ўзликни англашга, бугун ва келажакдаги устувор вазифаларни белгилашда тўғри хулоса чиқаришга замин яратади.
Президентимизнинг 1999 йил 2 мартдаги “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги Фармонига кўра, бу кун ҳар йили умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Шу куни халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон олиб-жон берган ота-боболаримизни алоҳида эҳтиром ва ҳурмат билан хотирлайди, қадрлайди.
Хотира ва қадрлаш куни сабаб Ватанимиз тинчлигини асраш йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган ҳамда бугунги кунда ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча уруш фахрийлари, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиз йўқланади. Жойларда бундай мўътабар инсонлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, тантанали маросимлар ўтказилиб, нуронийларимиз пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишади. Давраларнинг тўрига кўрк бағишлайдиган кекса отахон-онахонларимизга ўзгача ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.
Таъкидлаш лозим, юртимизда Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кекса авлод вакиллари нафақат Хотира ва қадрлаш кунига яқин вақтларда қадрланади, ёдга олинади, балки фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларни эъзозлаш доимо бағрикенг, танти, олижаноб халқимизнинг диққат-эътиборида бўлиб келган. Шу ўринда ўтган 2015 йил Юртбошимиз ташаббуси билан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам нуроний отахон-онахонларимиз учун қулайликлар яратиш йўлида олиб борилаётган ишларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлаш зарур.
Хусусан, ўтган йили ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни назарда тутувчи Давлат дастури қабул қилинди.
Биргина 2015 йилнинг ўзида кексаларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 миллион 750 минг нафар отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилди, уларга пенсия пуллари ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилиши таъминланди. Қолаверса, 1941-1945 йилларда урушда қатнашган ва фронт ортида хизмат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги компенсация пуллари тўлаб берилди.
Жорий йилнинг 18 апрелида Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ҳам уруш ва меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган доимий эътибордан шоҳидлик беради. Фармонга мувофиқ, 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ўалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланди. Ушбу пул мукофотини Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига республикамиздаги бир қатор давлат идоралари, вазирликлар вакиллари тантанали ва байрамона вазиятда топшириши юклатилди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, “Маҳалла” жамғармаси ва бошқа нодавлат ташкилотлар, жамоат ташкилотлари томонидан Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказилишига оид вазифалар белгиланди.
Мазкур фармонда белгиланган вазифаларнинг ижросида биз, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг депутатлари, фаоллари ва аъзолари ҳам муносиб даражада иштирок этамиз, Хотира ва қадрлаш куни кўтаринки кайфият ва юқори даражада ўтказилишига ўз ҳиссамизни қўшамиз, албатта. Партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари ташаббуси билан жойларда — таълим муассасалари, маҳаллалар, ташкилот ва корхоналарда кучли ирода, матонат, сабр-бардош билан не-не қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний бобо-момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштиришга бағишланган суҳбатлар, учрашувлар уюштирилади. Бундай учрашувларга ўша машъум урушда қатнашган ёки фронт ортида меҳнат қилган фахрийларимизни азиз меҳмон сифатида таклиф этиб, уларнинг чиқишларидаги жонли ва ҳаётий мисоллари орқали ёшларимиз онг-шуурига тинчлик-осойишталикни қадрлашни янада кучлироқ сингдиришга эришамиз.
Зеро, ўтганларни хотирлаш, осмонимиз мусаффолиги учун курашган ёнимиздаги азиз инсонлар — отахон ва онахонларни эъзозлаш, қадрлаш ҳар биримизнинг фарзандлик вазифамиздир.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб к...
01 янв 1970
Ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш уларнинг ҳаётини яхшилашга, эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.&nb...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...