Учқўрғонда кластер усули

/
Бу йил пахтачилик соҳасида Учқўрғон туманида вилоятда биринчи бўлиб ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг кластер усули амалда қўлланилмоқда. Мана, ҳозир йиғим-терим давом этмоқда. Эрта баҳордан бери фермер хўжаликлари аъзоларининг меҳнати кўзга ташланиб турибди. Ҳосил чўғи ёмон бўлмади. Бу эса, назаримда, кластер усулининг афзалликларини кўрсатмоқда.
Пахтачиликда кластер усули туманда шу йил ташкил этилган “Textile Finans Namangan” корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Маҳаллий пахта тозалаш корхонаси, йилига 7 минг тонна калава ип ва шунча миқдордаги калава ипдан мато тайёрлаш қувватига эга бўлган “Uchkurgan tеxtile” ва “Uztex Uchkurgan” масъулияти чекланган жамиятлари ҳам кластер усули иштирокчилари ҳисобланадилар.
“Textile Finans Namangan” корхонаси ва тумандаги 404 та фермер хўжалиги ўртасида шартнома имзоланган. Улар тасарруфидаги 9836 гектар майдонга чигит экилиб, 32,5 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилди. Янги усул талабларига биноан уруғлиқ, минерал ўғитлар, ёнилғи ва бошқа зарур материаллар таъминотини “Textile Finans Namangan” ўз зиммасига олди. Масалан, чигит экишда Франциядан келтирилган 5 та янги сеялкадан унумли фойдаланилди. Уларнинг ҳар бири уялаб экиш технологиясига асосан, ҳар гектар ер ҳисобига 30 килограмм уруғликни тежаб берди. Пировард натижада туман бўйича ҳар йилгига қараганда 290 тоннадан зиёд уруғлик чигит кам сарфланди.
Машина-механизмлар паркини замонавий технологик воситалар билан тўлдириш йўлида бошқа тадбирлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, Беларусь Республикасидан келтирилган 30 та “МТЗ” трактори, 20 та культиватор ҳам ғўза парваришини пухта олиб боришда қўл келди. Шунингдек, вегетация даврида фермер хўжаликлари 49 миллиард сўм миқдорида бўнак маблағлари билан таъминланди. Зарур миқдордаги минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари ва биомаҳсулотлар вақтида етказиб берилди. Ҳосил йиғим-теримини молиялаштириш ҳам диққат марказида турибди.
Яна бир янгилик шуки, бу йилги мавсумда илк бор терим машинаси фермерларга ёрдамга келди. Америкада ишланган юқори унумли “John Deere” комбайни 6 қаторли шпинделга эга. У бир кеча-кундузда 40 гектар майдондаги пахтани йиғиштириб олади. Муҳим жиҳати, бункерга тўпланган 2,2 тонналик хомашё полиэтилен ўрамада той шаклида ўралиб, бошқа машинага ортиб берилади. Унинг қайси фермер хўжалигига тегишли эканлиги, вазни ва терилган санаси компьютерлаштирилган тизим томонидан “тойпахта”га ёпиштирилади.
“Бободеҳқон” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Тожибоевнинг айтишича, пахта териш машинаси ёрдамида 32 гектар ердаги ҳосил жуда тез фурсатда териб олиниб, 110 тоннадан зиёд пахта қабул пунктига топширилди. Натижада теримга ажратиш мўлжалланган маблағнинг катта қисми тежаб қолинди.
Айни кунларда Учқўрғонда пахтачилик кластери йиғим-терим суръатининг юқорилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нурбек АБЛУЛЛАЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда банк тизимида мижозлар учун қулай имкониятлар яратиш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, уларнинг ўзаро ҳамкорликда ...
01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 1809,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши фаоллари ва депутатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадон...