Самарқанд олмаси харидорларни ўзига чорламоқда

/
Оҳалик тоғ ёнбағридаги маъмурчиликнинг тўкин дастурхонига айланган кўркам манзара экотуризм нуқтаси сифатида ҳам кўплаб хорижий сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. Улар орасида Туркия, Судан, Маракко, Россия сингари мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар Оҳаликнинг олтин замини саховатига таҳсинлар айтишмоқда. Хусусан, Голландиядан келган бир гуруҳ сайёҳлар тоғ этагидаги салкам 600 гектарлик боғ манзарасини кўриб, самимий эътирофларини шундан баён этишди:
— Европада ва унинг боғдорчилик юксак даражада ривожланган ҳудуди ҳисобланган Голландияда ҳам интенсив, серҳосил боғлар ҳар қадамда учрайди.
Аммо уларнинг ҳар бири майдони 10-15 гектардан ошмайдиган кичик боғлар. Сизда эса яхлит майдонда 600 гектарлик боғ барпо этилибди. Ҳосилининг таъмини татиб кўрган европалик қуёш ҳароратидан ранг ва қувват олган мевани харид қилиш учун, албатта, шу ерга келади.
Ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидек, узоқ-яқиндан Самарқанд заминига ташриф буюраётган хорижликлар тоғ этагида жойлашган “Оҳалик олтин боғлари” масъулияти чекланган жамияти боғбонлари билан мева экспорти бўйича фойдали шартномалар тузишмоқда. Хусусан, Россия Федерациясининг Хабаровск ва Краснодар ўлкаларидан келган харидорлар билан тузилган салмоқли экспорт шартномаси асосида Самарқанддан уларга узум, олма пешма-пеш жўнатилмоқда.
— Ҳозиргача хорижий буюртмачиларга 1200 тонна олма, 500 тонна гилос, 100 тонна шафтоли ва бошқа турдаги мевалар етказиб бердик, — дейди Самарқанд туманидаги “Оҳалик олтин боғлари” МЧЖ иш бошқарувчиси Одил Хидиров. — Ялпи ҳосилнинг 70 фоизи ёки 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот юқори сифатда баҳоланиб, четга сотилди. Ўз навбатида, экспорт аграр соҳани ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Боғбонлар саркорининг таъкидлашича, фақат шу йилги даромад ҳисобидан боғ қатор ораларига ишлов бериш, ҳосилни ташиш учун 4 та янги минитрактор сотиб олинди. МЧЖ аъзолари бўлган ишчи-мутахассисларнинг ҳам ойлик маошлари сезиларли даражада оширилди.
— Инновацион технологияга асосланган интенсив боғлардан оддий маҳаллий шароитдаги майдонларга нисбатан 3-4 баробар кўп ҳосил етиштираяпмиз, — дейди МЧЖ бош ҳисобчиси, “Адолат” СДП аъзоси Санъат Санганов. — Шу боис партиямиз дастуридан ўрин олган инновацион иқтисодиётнинг афзалликларини янада кенгроқ намоён этишга интилаяпмиз. Бизда тўпланган тажрибани оммалаштириш туфайли бугун Самарқанд вилоятида 2 минг гектардан ортиқ интенсив боғ барпо этилгани аграр соҳадаги катта ютуқ деб баҳоланмоқда. Яна бир партиядошимиз, агроном Дилшод Салимов интенсив боғ афзалликларини юзага чиқариш мақсадида вилоятдаги фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатаётганлигини таъкидлайди.
Ҳа, Оҳаликдаги инновацион ташаббус бугун юртга фойда келтириб, эл дастурхонини сероб, файзли, баракали қилмоқда. Боғбонни дунё бозорига чиқариб, даромадига даромад қўшмоқда. Демак, аграр соҳа ходимлари истеъмолчи эҳтиёжи йўлида қандай ишлаш зарурлигини англаб етмоқда. Бу эса ислоҳотнинг энг муҳим шартидир!
 Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман кенгаши фаоллари ҳам маҳаллаларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этишга интилмоқдалар....
01 янв 1970
Эътироф этиш керак, якунланаётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” барча жабҳада ва ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ҳамда жона...
01 янв 1970
Ҳозир барча фуқароларнинг шахсий пластик картаси бор. Пул маблағларини пластик картада сақлаш ва ишлатиш қулай, хавфсиз ҳисобланади. Аммо сизнинг п...
01 янв 1970
«Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрс...