Маҳсулот сифати муҳим

/
Биз бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал-демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.
(Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан)

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги “Буюк Турон” маҳалласида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Булоқбоши туман кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли, тадбиркор Давронбек Эргашев бошчилигида самарали фаолият юритаётган мебелсозлар шундай тадбиркорлардан саналади.
Улар яратаётган 10 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар юқори сифати билан истеъмол бозорида жуда тез муносиб ўрин эгаллади. Йилнинг ўтган даврида 250 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаришга эришган жамоа тўла буюртма асосида иш юритмоқда.
— Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, икки йил аввал ўз фаолиятимизни йўлга қўйгандик, — дейди ёш тадбиркор Д.Эргашев. — Албатта, бугунги тараққиёт даврини замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, “Ҳамкорбанк” томонидан берилган 18 миллион сўм молиявий кўмак ҳисобига Хитойдан ёғочга гул ўювчи дастгоҳ сотиб олдик. Натижада иш унумдорлиги ортиб, маҳсулот таннархи кескин арзонлашди. Чунки илгари қўл билан бажарилган ишлар эндиликда бир вақтнинг ўзида мана шу машина орқали амалга оширилмоқда.
Дастлаб бу ерда фақат миллий услубда сандиқлар тайёрланиб, ички бозорда сотилаётганди. Тез орада мижозлар сони ортиб, мебель ва турли уй жиҳозлари тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди. Жамоанинг маҳаллий иқтидорли ҳунарманд ёшларидан иборатлиги ва ҳар бир устанинг олдига янги лойиҳалар ташаббуси билан чиқиш шарт сифатида қўйилгани яхши натижалар бермоқда. Уларнинг маҳорати ва изланишлари ҳисобига ҳар бир тайёр маҳсулот янгича қиёфа касб этмоқда. Кичик корхонанинг рақобатчиларидан фарқли равишда ҳам миллий, ҳам замонавий услубда сифатли жавон ва меҳмонхона жиҳозлари яратаётганлиги ютуқлар омилига айланмоқда. Маҳсулотларга ўйиб туширилган бежирим гуллар уларга янада кўрк бағишлаяпти. Мижозлар талаби ортмоқда.
Айни чоғда тадбиркор яна бир қатор ишларни компьютерлаштирилган технологиялар ёрдамида амалга ошириш ҳаракатида. Натижада маҳсулот тури кўпайиб, уни экспорт қилиш имконияти юзага келади.
Эътиборлиси, бу ерда ярим тайёр маҳсулотлар ҳам тайёрланади. Тумандаги бир неча тадбиркорлик субъектлари билан шартнома имзоланган. Уларга кўрсатилаётган хизматдан топилган даромад янги дастгоҳлар сотиб олишга сарфланади.
— Маҳалламизда бу каби ишлаб чиқарувчилар кўпчиликни ташкил этади, — дейди партиядошимиз, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокиржон Тешабоев. — Ҳар икки хонадоннинг бирида чеварчилик мактаби яратилган, тунукасоз ва дурадгорлар сафи кенгайиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ва пировардида турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, ички бозорни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратишда тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси ортиб бормоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тайлоқ туманида аграр соҳани ривожлантиришда, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликда интенсив технологияларни қўллаб юқори ҳосил ва даромад олиш...
01 янв 1970
Илм-фан ютуқлари, илғор ишланмалар ва инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва ривожлантиришда самарали ташкил этиб келинаётган ярмарка ...
01 янв 1970
«Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрс...
01 янв 1970
Самарқанд шаҳридаги “8-март” тикувчилик ишлаб чиқариш фабрикаси вилоятда енгил саноат салоҳиятини белгилаётган корхоналардан бири ҳисоб...