Минг булоқлик партиядошларимиз ибрати

/
Минг булоқлик партиядошларимиз ибрати

Мингбулоқ – Наманган вилоятининг энг олис туманларидан бири. У ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш миқёслари кенгайган пайтда вужудга келганди. Яқин ўтмишда ҳам асосан қишлоқ хўжалигига, хусусан, пахтачилика ихтисослашган эди. Мустақиллик йилларидагина туманда саноат, қурилиш, транспорт соҳалари, инфратузилма тармоқлари  тараққий эта бошлади.

“Адолат” СДП тузилмалари туманда бундан ўн йил муқаддам ташкил топган. Лекин шунда ҳам сафдошларимиз фаолияти анчагача кўзга ташланмай турди. Бунга партия туман кенгашида  раҳбарлар қўнимсизлиги ҳам сабаб бўлди. Фақат 2014 йилдагина вазият бирмунча ўзгарди. Ўша пайтда кенгаш раислигига  сайланган меҳнат фахрийси Олимжон Аҳмедовнинг саъй-ҳаракатлари билан иш бирмунча жонланди. Тарқалиб кетиш арафасида турган бошланғич партия ташкилотлари сақлаб қолинди. Шу туфайли бўлса керак, 2014 йилдаги сайловларда сафдошларимиз илк бор халқ депутатлари туман Кенгашида икки ўринни эгаллашди. Аммо ўз-ўзидан маълумки, бу депутатлик гуруҳи ташкил этиш учун кифоя қилмасди.

Албатта, бундай ҳолат партия вилоят кенгаши раҳбариятини қониқтирмасди. Шунинг учун туман “адолат”чиларига янги раҳбар сайлаш масаласи кун тартибидан олиб ташланмади. Бу вазифага муносиб кадр танлаш ҳаракати давом этаверди. Ниҳоят 2018 йилда Раъно Умарова номзодига тўхташга қарор қилинди. У олий маълумотли ўқитувчи, мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлаган. Туман ҳокимлигида бош мутахассис вазифасини бажарган. Охирги пайт­да эса “Маҳалла” жамоат фонди  тизимида фаолият кўрсатмоқда эди. Қисқаси, кўп жиҳатдан партиявий ишни эплаб кетиши мумкин, деган қарорга  келинди.

— Мен Раънохон билан дастлабки суҳбатдаёқ унинг билимли, тиришқоқ ва сер­ғайрат инсон эканлигига ишонч ҳосил қилдим, — дейди “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев. — Боз устига тумандаги қатор фаоллар ҳам унда яхши тавсиф беришди. Энг муҳими, бу  қўйилган вазифани тўла бажариш учун барча имкониятларни сафарбар қилиш қобилияти бор экан. Бундан таш­қари, одамлар билан ишлашда тажрибаси етарли эканлиги, кўпчиликни ортидан эргаштира олиш истеъдоди кучлилиги ҳам сезилди.

Мана, орадан икки йилга яқин вақт ўтди. Бугунга келиб Мингбулоқ туман “адолат”чилари фаолиятида кескин ўзгариш бўлди. Улар аксарият кўрсаткичлар бўйича вилоятда етакчи ўринлардан бирига чиқдилар. Бунда туман партия кенгаши раиси Раъно Умарованинг ташкилотчилиги ва жонсараклиги, ишни тўғри йўлга қўя олганлиги муҳим аҳамият касб этди.

— Биринчи навбатда кадрлар билан ишлашга эътибор бердим, — дейди у. — Яъни жойларда бизнинг сиёсатимизни олиб борадиган фаоллар гуруҳини шакл­лантиришга эътибор қаратдим. Улар ичида турли касб эгалари бор. Сафдошларимизни бирлаштириб турган жиҳат “Адолат” СДП ғоялари ва мақсадларига садоқатдир. Айнан мана шу туйғу  жамоатчилик ишларида, турли партиявий тадбирларда қатнашишга чорлайди.

Чиндан ҳам шундай. Масалан, Дилдора Охунова туман партия кенгаши “Аёллар қаноти”ни бошқаради. У мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари. Айни пайтда “Уюрчи-Дамкўл” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган БПТ раиси. Дилдора аввалроқ  ўтказилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида муваффақиятли қатнашди. Туман ва вилоят бос­қичларида ғолиб чиқиб, Тошкент­га йўл олди. Республика босқичида ҳам яхши иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Ёки ўтган йил декабрида  халқ депутатлари туман Кенгашига ўтказилган сайловлар натижасини олайлик. Бунда ҳам сафдошларимизга омад ёр бўлди. Илк бор тўртта депутатлик ўрни қўлга киритилди. Шу туфайли депутатлик гуруҳи  ташкил этилди. Унга 1-Қўриқобод сайлов округидан депутат ўофуржон Усупжонов раҳбарлик қилмоқда.

Мингбулоқлик “адолат”чилар етакчиси Раъно Умарованинг ишлари  шу кунларда ниҳоятда кўпайган. Бир ёқда депутатлик гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш, иккинчи томонда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, шунингдек, яқинда нишонланадиган партиямизнинг 25 йиллигини муносиб ўтказишга тайёргарлик кўриш зарур. Фаоллар билан маслаҳатлашиб, бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур сана муносабати билан корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳаллаларда учрашувлар, давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари ўтказиш мўлжалланган.

Шунингдек, “Қўриқобод” ва Ойбек номли МФЙлардаги БПТ раислари Нодира Усмонова ва Саида Бойтуманова ўртага ташлаган таклиф бўйича ҳам иш бошланди. Улар партия ташкил топганлигининг чорак асрлик юбилейи муносабати билан ҳар бир бошланғич ташкилотда 25 нафардан янги аъзо жалб қилишга бел боғлаганлар. Бу ташаббус мавжуд 29 та БПТнинг барчасида қўллаб-қувватланди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

Суратда: Раъно Умарова (чапда) Дилдора Охунова билан.


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворисла...
01 янв 1970
Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан очиқ мулоқотнинг самарали усул ва механизмлари жорий этилиб, бу борадаги долзарб вазифал...