Хоразм Депутат илк учрашувини ёшлар билан ташкил этди

/

Хоразм

Депутат илк учрашувини ёшлар  билан ташкил этди

Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партиясидан  халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат Улуғбек Қурязовнинг Хонқа туманидаги 35-умумтаълим мактабида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.  Унда сайловчилар билан бир қаторда ёшлар ҳам иштирок этишди.

Учрашув аввалида депутат сайловчиларга номзодини қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдирди ва келгусида сайловчилар олдидаги масъулият ва бурчни оқлашга ваъда берди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувидаги маърузасининг мазмун ва моҳияти тўғрисида ёшларга атрофлича тушунча берди. Илгари сурилаётган илғор ғояларнинг барчаси ёшлар келажаги учун дастурил­амал вазифасини ўташи, бунда эса, албатта, ёшларнинг фаоллиги талаб этилиши хусусида сўз юритди.

Фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар қизғин тус олган учрашув сўнггида иштирокчилар қизиққан саволларига депутат томонидан жавоб берилди.

Халқ билан мулоқот

Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар шижоат билан  фаолият бошлаб юборишди. Яқинда Урганч шаҳар Кенгаши депутати Равшанбек Жуманиёзов “Юқори боғ” маҳалла фуқаролари йиғинида аҳоли билан учрашди. Хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг яшаш шароити, уларни ўйлантираётган муаммолар билан яқиндан танишди.

Мулоқот давомида “Юқори боғ” МФЙ ҳудудида ечимини кутаётган бир талай муаммолар борлиги, хусусан, 17-умумтаълим мактаби ҳамда 22-сон мактабгача таълим муассасаси жойлашган “Маҳтумқули” кўчасининг 400 метр қисми таъмирталаблиги сабаб ёзда тупроқ, қишда  лой бўлиб, ўқувчилар учун ноқулайликлар туғдираётгани баён этилди.

Шунингдек, маҳалла аҳо­лиси томонидан “Мунис Хоразмий” кўчасидаги ариқ кўмилиб қолгани боис аҳоли томорқаларини суғоришда муаммоларга дуч келаётгани, энг ачинарлиси, мевали дарахтлар қуриб бораётгани тўғрисида гапирилди. Мазкур кўча ҳудудида қаровсиз қолган 350 метрдан зиёд ер майдони аҳолининг саъй-ҳаракати билан ишлов берилиб, полиз экинлари, мевали дарахтлар экиб, мўъжазгина шакллантирилган боғ ҳам сувсизликдан ўз жозибадорлигини йўқотиб бораётгани айтилди.   

Шунингдек, учрашувлар давомида бандлик, тиббиёт ва таълим соҳасига оид муаммолар ўртага ташланди. Сайловчиларини қийнаётган муаммолар депутат Р.Жуманиёзовнинг диққат марказидан жой олди ва ўз депутатлик ваколатидан келиб чиққан ҳолда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари киритиш, қолаверса, юзма-юз суҳбатлашиб, ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишини билдирди.

— “Юқори боғ” маҳалласидаги “Самарқанд” кўчасининг 200 метр қисми таъмирталаблигидан маҳалла аҳли бир неча йилдирки азият чекаётган эди, — дейди нуроний отахон Алимардон Мирзақулов. — Урганч шаҳар ободонлаштириш бош­қармаси  ҳомийлар ёрдамида янги йил байрами арафасида  йўлга тош ётқизиб, бизни муаммодан халос этишди. Бу хайрли ишнинг амалга ошишида депутат Равшанбек Жуманиёзовнинг алоҳида хизматини қайд этиш жоиз. У қисқа вақт ичида тиниб-тинчимаслиги билан сайловчилар ишончини қозонишга улгурди.

 Ёшлар вайронкор ғояларга қарши

Янгибозор туманидаги 6-сон умумтаълим мактабида  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят ҳамда Янгибозор туман кенгаши, туман ҳокимлиги,  мусулмонлар идораси туман бўлими, туман ички ишлар бўлими ҳамкорлигида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда  ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ва туман фаоллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад — ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, глобаллашув жараёнида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, лойиҳа доирасида ўтказиладиган тадбирлар орқали аҳолининг кенг қатламига партия мафкураси ва ғояларини тарғиб қилишдан  иборат бўлди.

Тадбирни 6-сон умумтаълим мактаби директори, Янгибозор туман Кенгаши депутати Гўзал Жуманова очиб берди.

Таъкидланишича, айрим ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси пастлиги, миллий қонунчилигимизни яхши билмаганликлари,  мафкуравий иммунитет шаклланмаганлиги туфайли  ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятчиликка қўл уриш ёки ўзи билмаган ҳолларда қўшилиб қолиши ҳолатлари  учраётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги глобаллашув шароитида ёшларни миллий маънавиятимизга бегона бўлган турли хил зарарли ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш, улар ўртасида миллий қонунчилигимизни кенг тарғиб қилиш ҳамда аждодларимиз яратган бой маънавий меросимизни сингдириш орқали уларда ватанпарварлик хислатларини шакллантириш ҳар биримизнинг  олдимизда турган устувор вазифамиз ҳисобланади.

— Тадбир жуда ҳам қизиқарли ташкил этилди, — дейди ўқувчи Аброр Умрбеков. — Тенгдошларимиз билан кўпдан қизиқаётган саволларимизга ойдинлик киритдик. Айниқса, Ватанни кўз қарочиғидай асраш, юрт дарди билан ёниб яшаш, ён атрофга бўлган дахлдорликни оширишга ундовчи чарловлар биз, ёшларни руҳлантириб юборди.

Фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган тадбир сўнггида иштирокчилар  саволларига соҳа вакиллари томонидан  батафсил жавоблар олишди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

 

Хоразм вилоят

 

кенгаши матбуот котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирмоқда....
01 янв 1970
Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман....
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....