ЭЛДА АЗИЗ ИНСОН

/
“Адолат” СДПнинг25 йилЛИГИ ОЛДИДАН ЭЛДА АЗИЗ ИНСОН
 
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топади. Абдуқаҳҳор Аҳмедовни воҳада ҳамма танийди. Аввало, яхши инсон эканлиги учун, барчанинг иззат-ҳурматини жойига қўйгани учун. У табиатан ўз вазифасини қойилмақом бажариб қўядиган одам. Шунингдек, ишдан ортиб, оиладагилари, дўст-биродарлари, маҳалла-кўйдагилар кўнглини топишга вақт ҳам, имконият ҳам топа олади.
 
Албатта, Абдуқаҳҳор Аҳмедовнинг шу даражага етиши осон бўлмаган. 35 йилдан ортиқроқ меҳнат фаолияти давомида у киши анча-мунча қийинчиликларни кўрган, ўзига хос ҳаёт мактабини ўтаган.
 
Камтарин, дилкаш дўст, юксак маънавиятли Абду­қаҳҳор Аҳмедов 2005-2017 йиллари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қаш­қадарё вилоят кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатди.  Бу даврда вилоят кенгашида катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, раиснинг саъй-ҳаракатлари билан вилоят Кенгаши партия аъзолари сони 3100 нафардан 6060 нафарга кўпайди. Бошланғич партия ташкилотлари сони эса 133 тадан 204 тага етди. Шуниси эътиборлики, бу кўрсаткичларга асосан ёшлар ва хотин-қизлар ҳисобидан эришилди.
 
Айнан Абдуқаҳҳор Аҳмедовнинг ташаббуси билан республикада биринчи бўлиб партиянинг вилоят кенгаши аппаратида ишлайдиган ходимларга ҳомийлар ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан транспорт ҳамда тушлик пули берила бошланди. Бундан ташқари, ходимлар моддий рағбатлантириб борилди.
 
Абдуқаҳҳор Аҳмедов партиямизнинг вилоят кенгашига раҳбарлик қилган 2009 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловларда фаол иштирок этди. Сайловолди жараёнларида партия аъзоларининг сиёсий фаоллиги ошгани туфайли Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар депутат, Сенатга 1 нафар сенатор, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 3 нафар, шаҳар, туман Кенгашларига эса 26 нафар депутат сайланди. Маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар 2005 йилда 6 нафарни ташкил қилган бўлса, 2009 йилдаги сайловларда уларнинг сони 20 нафарга кўпайди. Бу, албатта, Абдуқаҳҳор Аҳмедовнинг “Адолат” СДП мақсад ва вазифалари ҳақида халқ орасида тинимсиз тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борганлиги натижасидир.
 
Абдуқаҳҳор ака вилоят партия кенгашига раҳбар бўлиб ишлаган йилларда мустақил Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини кўзлаб улкан ишларга бош-қош бўлди. Айниқса, ёшларни маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш, оила ва маҳалла, жамоат ташкилотлари билан сиёсий партия­лар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ўсиб келаётган авлоднинг турли диний оқимларга кириб қолиш ҳолатларининг олдини олиш борасида алоҳида жонбозлик кўрсатди.
 
Меҳнат қилган элда азиз деганларидек, Абдуқаҳҳор Аҳмедов ўз иш фаолияти давомида қилган самарали хизматлари учун “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланди, бир неча бор халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳар ва Чироқчи туман Кенгашларига депутат этиб сайланди.
 
Абдуқаҳҳор Аҳмедов ўз зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан, пухта бажаради. Адолатли, одамларга ғамхўр, уларнинг талаб-эҳтиёжини яхши тушунгани учун ҳам доимо жамоа аҳлининг ҳурмат эътиборига сазовор бўлади.
 
Абдуқаҳҳор Аҳмедов бугунги кунда ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган барча тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
 
Биз Абдуқаҳҳор акани фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ролини оширадиган, ислоҳотлар муваффақиятини таъминлайдиган, давлатимиз сиёсатини тўғри тушуниб, халқимизга етказа оладиган раҳбар сифатида эъзозлаймиз.
 
Дарвоқе, бошида қиров, қалбида баҳор яшнаб турган, ҳали ёшлардек ҳаракатлари чаққон ва тетик Абдуқаҳҳор Аҳмедов ҳамон сиёсий ҳамда жамоат ишларидан четда қолаётгани йўқ. У киши вилоят миқёсидаги тарғибот-ташвиқотда ҳам, маҳалласидаги ҳар қандай жамоат ишида ҳам хайрли эзгуликка доимо ҳозиру нозир.
 
Биз бу сахий қалб ва бағри кенг инсонни қутлуғ 75 ёши билан қизғин муборакбод этиб, узоқ умр тилаб қоламиз, “Доимо инсонларга ёрдам кўрсатиб, дуолар олиб яшайверинг, устоз!” деймиз.
 
Рўйиддин РАУПОВ,
Комил  САХАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...
01 янв 1970
Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради....
01 янв 1970
Халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган аҳолини ташвишга солаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқ билан доими...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши тизимида ўқув-семинарлар ташкил этиб келинмоқда....