«Қачонгача чанг ютиб яшаймиз?..»

/
Фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш ҳар биримизнинг зиммамизга  масъулият юклайди. Энг қувонарлиси, мамлакатимизда фаолият юритаётган блогерларнинг  юртдошларимиз билан мулоқотлари, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этаётгани ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб борилмоқда.
 
Хусусан, партиямиз фаоли, блогер Шавкат Атамуратовнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан партия фаоллари ҳамкорлигида бир қатор хайрли ишларга қўл урилди. Жумладан, Янгиариқ туманидаги “Янгиобод” маҳалласида яшовчи 90 ёшни қаршилаган, кам таъминланган оила — Ҳусан ота ва унинг турмуш ўртоғи  Пошшажон она Майлиеванинг соғ­лиғи тўғрисидаги шикоятлари эътиборга олиниб, Урганч шаҳар шифохонасида муолажа олишлари таъминланди. Шу маҳаллада яшовчи 1968 йилда туғилган, 1-гуруҳ ногирони Отабой Пирматовнинг қаровчиси Бобур Пирматовга меҳнат стажи белгиланадиган бўлди.
 
Партиядошимизнинг  саъй-ҳаракатлари билан Урганч туманидаги “Мироблар” маҳалласи аҳлини  кўпдан ташвишга солаётган муаммо бартараф этилди. Маҳалла аҳолиси  партиядошимизга  маҳалладаги хонадонларни электр энергияси билан таъминлайдиган тармоқлар қўшни маҳалладаги трансформаторга 1980 йилда уланган бўлиб, аҳоли сони ортиб бораётгани боис, трансформаторнинг қуввати етмасдан  кунаро бузилаётгани натижасида фуқароларнинг маиший техникалари куйиб қолаётганини айтиб, “Мироблар” маҳалласига янги трансформатор  ўрнатиб бериш учун тегишли ташкилотларга мурожаат этилгани, аммо бу муаммо шу пайтгача амалга ошмаётгани тўғрисида билдиришганди.  Партиядошимиз Урганч туман ҳокимлиги  виртуал қабулхонасига мурожаат этди ва зудлик билан маҳалла ҳудудига янги трансформатор ўрнатилди. Аммо трансформаторга электр тармоқлари уланмади. Шу сабабли Шавкат Атамуратов партия вилоят кенгаши фаоллари  билан биргаликда “Мироблар” маҳалласи томон йўл олди ва маҳалла аҳолиси билан учрашди.
 
Бу ерда яшовчи Қадамбой Собуров, Жуманазар Қўчқаров, Рустам Матяқубов ва бошқалар “Мироблар” маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилгани боис жорий йилнинг май ойи­да  қурилиш ишлари бошланганидан маҳалла аҳолиси хурсанд бўлгани, аммо қувончлари узоққа чўзилмай маҳалла аҳолиси муаммолар қуршовида қолганини айтишди.  “Дўр­мон” кўчасига сув қувурларини ўтказиш учун равон, асфальт қилинган йўл бузилиб, қувурларни  ўрнатишганидан кейин, йўл чанг тўзонли, яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, йўлнинг иккала томонидаги дарахтлар қуриб қолгани, чанглар уйларгача кираётганидан ёш болалар, кексалар азият чекаёнганини баён этишди. Шунинг­дек, дастур доирасида тунги чироқлар ўрнатилгани, аммо кеч соат олтидан кейин икки-уч  соатгина ёниб, ўчиб қолаётгани тўғрисида гапиришди. Айни пайтда қўшни кўчадаги хонадонлар табиий газ билан таъминлангани, аммо “Дўрмон” кўчасида газ қувурлари  кесиб ташлангани туфайли яқинлашаётган  совуқ кунларда аҳолининг жабрланишига олиб келишини эътироф  этишди.
 
Партия вилоят кенгаши етакчилари блогер Ш.Атамуратов билан биргаликда аниқланган муаммолар ечимини топишга ҳаракат бошлашди.
 
Аммо бир савол туғилади,хўш, бу ерда “Обод маҳалла” дастури доирасида белгиланган ишлар муддатида бажариладими ёки чала қолиб кетаверадими? “Мироблар” маҳалла аҳли чанг ютиб яшайверадими?
 
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шайхонтоҳур тиббиёт коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар ҳамда Шайхонтоҳур туман кенгаши ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилд...
01 янв 1970
Жорий йил ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда сенаторларнинг жойларда фуқаролар билан бўлиб ўтаётган ...
01 янв 1970
Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонига маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар”нинг ташрифи уларни хурсанд қилди....
01 янв 1970
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсат...