Эътироз уйғотган «тонировка», жарима қоидалари Вазирлар Маҳкамасига таклифлар берилди

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари билан биргаликда “Ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратишнинг долзарб масалалари ва депутатлик ташаббуси” ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Мазкур масала партиянинг кўплаб оммавий ахборот воситаларида, хусусан, kun.uz, xabar.uz, uza.uz, qalampir.uz веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди ҳамда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги вакиллари иштирок этган фракция йиғилишида депутатлар томонидан ҳайдовчининг соғлиғи, унинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимояланиши ҳамма нарсадан муҳим эканлиги таъкидланди. Фракция йиғилишида шу каби бир қатор масалалар кўтарилди.
Биринчидан, сўнгги пайтларда ҳайдовчилар, кенг жамоатчиликда йўл ҳаракати қоидалари юзасидан бир қатор эътирозлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, “тонировка” учун рухсатнома олишнинг жуда қимматлиги, ўзи шундоқ ҳам иссиқ ва деярли туман кузатилмайдиган бир шароитда машина фараларини кундузи ёқиб юриш талаби (кейинчалик ўзгартирилди ва муддати кечиктирилди) ва шу каби масалалар шулар жумласидандир.
Умуман, кўпчиликка маъқул келмаган мазкур нормаларга оид қарорлар жамоатчиликнинг фикрини ўрганмасдан, кенг муҳокама қилинмасдан қабул қилиниши натижасида ижтимоий тармоқларда ҳам эътирозли фикрлар қайд этилди.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган йиғилишда ҳам “қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш вақти келди” дея таъкидлаган эди. Шуни назарда тутиб, фракция йиғилишида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари қонуности ҳужжатларини, айниқса, кенг аҳолимизга оид ҳужжатларни (“Йўл ҳаракати қоидалари”) фақатгина тўғридан-тўғри қонунлар орқали халқ ва унинг вакиллари томонидан қабул қилиниши лозимлигини қайд этишди.
Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, депутатларнинг фикрича, ижтимоий адолатсизлик ва дискриминацияга мисол бўлади, дейиш мумкин. Сабаби, транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан, республика ҳудудига ташриф буюрадиган сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган қарордан ўтган бир йил вақт давомида фақатгина 1000 га яқин автомобиль эгалари фойдаланди. Мамлакатимизда 2 500 000 дан ортиқ автомобиль мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, атиги 0,04 фоиз ҳайдовчилар бу имкониятдан фойдаланибди, холос. Халқимизга қулай шароит яратиш мақсадида қабул қилинган қарорнинг натижаси ва қамров даражаси шундай бўладими, деган савол туғилади. 18 245 700 сўмни тўлашга қурби етмаган 99,96 фоиз ҳайдовчиларга ким шароит яратади? Ушбу рақамлар ва ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фикр-мулоҳазалардан аён бўладики, мазкур қарор кўзланган мақсадга хизмат қилмади ва ўз вазифасини бажара олмади. Шундан келиб чиқиб, партия фракцияси вакиллари мазкур қарордаги тўлов миқдорини аҳолининг реал даромадларидан келиб чиққан ҳолда пасайтиришни таклиф этди.
Учинчидан, автомобиль йўловчилари ва айниқса, ҳайдовчиларни тўғридан-тўғри тушувчи ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамда мутлақо бепул ва барча бирдек фойдаланиши учун Ҳукуматнинг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарор билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентнинг 74-бандига ва 2015 йил 25 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.4 бандида транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигига белгиланган 70 фоиз чегирмани 55 фоизгача тушириш таклифи тайёрланди.
Жорий йилнинг 19 июль куни Вазирлар Маҳкамасига фракцияда кўтарилган масалалар бўйича таклифлар юборилди ва амалга оширилган ишлар бўйича 1 августгача Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этиш сўралди.
Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг” эканлигини таъминлашга ҳамда “қонунлар халқ ва унинг манфаатларини кўзлаб қабул қилинади” тамойили учун хизмат қилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайловчилар ишонч билдирган вакиллар фуқароларни ўйлантираётган у ёки бу масалада мутасадди идораларга депутатлик сўрови киритиши ва ижрони назорат...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Республикамиз тараққиётининг янги босқичида сиёсий партияларнинг масъулияти тубдан ортмоқда. ...