Наманган ва Фарғонада таҳририят ходимлари газетхонлар билан учрашди

/
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида сафдошларимизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойлардаги БПТ ва депутатлик гуруҳлари, қолаверса, парламент ва ундаги “Адолат” СДП фракцияси фаолияти ҳақида кўп ва хўб ёзилади. Бошқа ёритиладиган қизиқарли ва ҳамма учун керакли мавзулар ҳам талайгина. Хўш, йилнинг биринчи ярмида ижодий жамоа қандай ишларни амалга оширди? Газета материалларининг мазмундорлиги ва таъсирчанлигини яхшилаш учун яна нималар қилиш керак? Танқидий ва таҳлилий материалларни кўпайтириш, журналистларнинг касб маҳоратини юксалтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлиги кўнгилдагидайми? Газетхонларнинг фикрини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан қандай режалар бор? Яқинлашиб келаётган сайловлар муносабати билан нашр фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй беради?
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида партия фаолларининг “Adolat” газетаси таҳририяти вакиллари билан ўтказилган учрашувида ана шу ва матбуот фаолиятига доир бошқа қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди. Тадбирни вилоят партия кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев олиб борди.
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев ўзи раҳбарлик қилаётган ижодий жамоа олиб бораётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. У таҳририят ва партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади. Ҳар бир сафдошимиз газетанинг чиқиши билан мунтазам танишиб бориши, улар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириши муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун айни пайтда барча имкониятлар мавжуд. Газетага обуна бўлиш мумкин, унинг ҳар бир янги сони билан интернет тармоғидаги манзилида танишиб борса ҳам бўлади.
Албатта, сайловлар яқинлашгани сари партия матбуоти вакиллари учун ҳам долзарб дамлар бошланмоқда. Газета сафдошларимиз олиб бораётган ишларни янада кенг ёритиш, унинг кўпчиликка маъқул келадиган имижини яратиш йўлида тинмай изланиш олиб бормоқда. Булар, албатта, “Адолат” СДПнинг сайловлардаги муваффақиятини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Таҳририят масъул ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубов ҳам партиядошларимизни газета билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди. Чунки журналистлар ҳам ўзларининг чиқишларига жамоатчилик қандай муносабат билдираётганини билишни жуда-жуда истайдилар. Ана шундай мулоҳазалар ичидан янги мавзулар ҳам вужудга келади. Газетанинг ҳар бир сўзи ўқувчига қандайдир янгилик бериши, уни бунёдкорлик ишларига руҳлантириши зарур. Матбуотнинг инсон маънавиятини шакллантиришдаги роли ва ўрни ҳам ниҳоятда катта. Бундан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Аммо баъзан бунга риоя қилмаслик ҳоллари ҳам учраб турибди. Уларга тезда барҳам бериш талаб этилади.
Шундан сўнг “Адолат” СДП Наманган шаҳар, Чортоқ туман кенгашларининг раислари Ойлархон Охунова, Ҳабиба Мирабдуллаева, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи етакчиси Олимхон Мақсудов ва бошқалар ҳам газета ва унинг фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Газета ижодкорлари билан ўтказилган мулоқот барча фаолларимизда катта таассурот қолдирди, — дейди вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев. — Биз таҳририятнинг навбатдаги иш режалари билан танишдик. Ўз навбатида, журналистлар ҳам ўзлари учун янги мавзуларни кашф қилишди. Бундай учрашувларни тез-тез ўтказишга келишиб олдик. Бу ҳар икки томон учун фойдали бўлади, деб ўйлаймиз.
Худди шу куни “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси журналистлари Наманган вилоятининг энг олис туманларидан бири Норинга ҳам ташриф буюрдилар. Бу ердаги энг катта бошланғич партия ташкилотларидан бири фаолият кўрсатадиган тиббиёт бирлашмасида газетхонлар билан учрашув ўтказилди.
Журналистлар билан мулоқотни мазкур муассаса раҳбари, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Абдували Мавланов очиб берди. У “Adolat” норинлик тиббиётчилар учун энг севимли нашрлардан бири ҳисобланишини таъкидлади.
— Кейинги пайтда газета саҳифаларида бизнинг фаолиятимизга доир бир қатор материаллар ёритилди, — дейди А.Мавланов. — Яқиндагина, яъни Хотира ва қадрлаш куни арафасида партиядошларимизнинг Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини қандай эъзозлаётгани ҳақида мақола босилиб чиқди. Олдинроқ марказий поликлиника катта ҳамшираси, “Шуҳрат” медали соҳиби Дурдона Шералиева, шунингдек, бирлашмамизнинг “Тез тиббий ёрдам” бўлими фаолияти ҳам қаламга олинган эди. Биз газетани доим қизиқиш билан кузатиб борамиз.
Шундан кейин сўзга чиққан “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев, журналист Камол Матёқубов, вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев, вилоят кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев матбуотнинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрни, уни янада ривожлантириш, мазмундорлигини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирдилар.
Ўз навбатида, газетхонлар ҳам бир қатор фикр-мулоҳазаларни баён этди. Жумладан, улар газета саҳифаларида тиббиёт соҳаси ходимлари фаолиятига кенгроқ ўрин берилишини таклиф қилишди. Чунки шифокорлар партия электоратининг каттагина қисмини ташкил этади. Вақти-вақти билан бадиий асарлардан парчалар, шеър ва ҳикоялар бериб борилса, газетхонларнинг “Adolat”га қизиқиши янада ошарди. Хориждаги сиёсий ҳаёт, хусусан, социал-демократик йўналишдаги партиялар фаолияти ҳақида материаллар бериб турилиши ҳам фойдадан холи эмаслиги айтилди.
— Бошқа нашрлар қатори “Adolat”нинг ҳам ҳар бир сонини ўқиб бораман, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгаши аъзоси Акмалжон Юлчиев. — Ўзимга маъқул келган материалларни белгилаб қўяман. Уларни бошқаларга ҳам ўқишни тавсия этаман. Баъзи мақолалар хусусида ҳамкасбларим, маҳалладошлар, оила аъзоларим билан ўртоқлашаман. Мана, 13 июль сонида босилган материаллар орасида “Мен дардимни кимга айтаман?” сарлавҳали мақола эътиборимни тортиб қолди. Уни қайта-қайта мутолаа қилдим, таҳририят ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган тадбиркорга минбар бериб, жуда тўғри йўл тутибди. Биз мана шундай чиқишларни кўпайтириш керак, деб ҳисоблаймиз.
Учрашув ниҳоясида таҳририят вакиллари газетконларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
 
Фарғона давлат университетида “Аdоlаt” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимларининг вилоят партия кенгаши фаоллари ҳамда газетхонлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муштарийлар билан кечадиган ҳар бир учрашув ва мулоқотлар таҳририят фаолиятидаги самарадорликка, газета саҳифаларида таҳлилий-танқидий мақолалар янада кенг ўрин эгаллашига, шу орқали ҳамюртларимизнинг матбуотга бўлган ишончи ортишига муҳим омил бўлади. Шу маънода айтганда, бу галги учрашув ҳам хилма-хил фикрларга, таклиф ва мулоҳазаларга ҳамда баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди.
Шерзод КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Эътироф этиш керак, “Аdоlаt” ижтимоий-сиёсий газетаси партиямизнинг юз-кўзи. Аммо 16 минг нафар партия аъзоси, 300 дан ошиқ бошланғич партия ташкилотига эга бўлган вилоятимизда 2019 йил учун газетага бор-йўғи 135-150 дона обуна бўлингани жуда ачинарли ҳолат. Бинобарин, келгуси 2020 йил обунасини ташкил этишда бу ҳолатга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга, газета саҳифаларида вилоятимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янгиликлар ҳамда вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз, депутатларимиз ташаббуси ва фаолияти кўпроқ ёритилишини истардик.
Гулбаҳор САИДЎАНИЕВА,
Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, партия фаоли:

— Тўғри, ҳар бир газетанинг ўз йўналиши, ўз ўқувчилар доираси бор. Нима бўлганда ҳам газета хабар тарқатиш баробарида республикамизда кечаётган ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишга, юртдошларимизнинг у ёки бу муаммолари ечим топишида кўмакдош бўлиши зарур. Бунинг учун эса Президентимиз Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, танқидий-таҳлилий мақолаларни кўпроқ эълон қилиш керак. Бунда журналистлардан янада кўпроқ фаоллик, тезкорлик ва холислик талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, матбуот давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини ўташи керак. Бу эса жамият равнақига хизмат қилиши шубҳасиз.
Ислом ҲАМРОЕВ,
“Аdоlаt” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири:

— Албатта, газетхонлар фикри, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари биз учун жуда муҳим. Бинобарин, жойларда бўлиб ўтаётган учрашувларда муштарийлар билан кўпроқ мулоқот қилишга интилаяпмиз. Юртдошларимизга шуни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, матбуот нашрлари телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларга нисбатан узоқ вақт сақланиб туриши билан ажралиб туради. Масалан, бугун ижтимоий тармоқда ўқиган хабарингизни бир йил, беш йил ёки ўн йилдан сўнг тополмаслигингиз мумкин. Ёхуд айнан бугунги кунга оид кўрсатув эллик-олтмиш йилдан сўнг эфирга узатилмаслиги мумкин. Лекин газета тахламини яна юз йилдан сўнг ҳам кутубхонадан, архивдан топиб ўқиса бўлади.
Бундан ташқари, газета ва журнал ўқишни китобхонликнинг дебочаси дейиш мумкин. Аммо бугун тўрт ёки саккиз саҳифалик газетани ўқимаган инсоннинг эртага юз-икки юз бетлик китобни ўқишга тоқати бўладими?
Йўқ, албатта. Шундай экан, биз катталар, айниқса, ота-оналар фарзандларимизни газета-журнал ўқишга, мутолаа маданиятига ўргатишимиз керак.
Дилобар МИРЗАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қувасой шаҳар кенгаши раиси:

— Чиндан ҳам биз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар ва партиямиз фаолиятига тааллуқли жараёнлар ҳақида айнан “Аdоlаt” газетаси орқали хабар топамиз. Бинобарин, мана шундай учрашувлар партия вакиллари ва газетхонлар билан кўпроқ ташкил қилинса, ўзаро фикр алмашсак мақсадга мувофиқ бўларди. Биз жамоатчилик ва электоратимиз вакиллари ўртасида бу борада кенг кўламда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришдан чарчамаймиз.
Самимий мулоқот ва таклиф-мулоҳазаларга бой бўлган худди шундай учрашув Олтиариқ туманидаги “Маматхўжа Агро Файз” фермер хўжалиги ҳамда Фарғона давлат ўрмон хўжалигининг Олтиариқ бўлими жамоаси билан ҳам бўлиб ўтди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Хуршид СУЛТОНОВ  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. ...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳам...