«Бор меҳримиз сенга, болажон!» хайрия акцияси давом этмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказиб келинаётган тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий донорлик хайрия акцияси юртдошларимизда чуқур хайрихоҳлик уйғотмоқда Буни мазкур акция иштирокчилари сони йилдан-йилга ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ҳамда 3-4 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акциясида республикамиз бўйлаб 1500 га яқин хайрихоҳлар иштирок этди. Уларнинг беғараз донорлиги туфайли 398 000 грамм қон тўпланди ва ушбу қон юзлаб болажонлар дардига малҳам бўлди.
Жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ҳар бир болага меҳр-мурувват!” ойлиги доирасида беғараз донорлик акцияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирда турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодиса туфайли қон алмаштиришга муҳтож бемор болаларга жон бағишлаш, уларнинг ҳаётга қайтишларига ёрдам бериш, оғир бемор болаларнинг умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш, бу ёруғ дунё гўзалликларига интиқ кўзларига нур ато этиш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ишга бел боғлаган юзлаб юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, партия фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, партия фаоллари, кўплаб сафдошларимиз, хайрихоҳлар ҳамда бошқа кўнгилли фуқаролар ана шундай эзгу мақсадда хайрия акциясида иштирок этишди. Улар қаторида Республика қон қуйиш марказига кўплаб таниқли шахслар ҳам ташриф буюргани қувонарли ҳолдир. Таниқли адиблар, санъаткорлар, журналистлар бемор болажонлар учун беғараз донорлик қилиш мақсадида жам бўлишди.
Дарҳақиқат, қон — бу ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ўтказилган беғараз донорлик акциясида мингдан ортиқ кўнгилли юртдошларимиз қон топшириб, халқимизга хос меҳр-мурувватли, саховатли бўлиш каби юксак фазилатларни намоён этишди. Натижада юзлаб бемор болажонлар саломатлиги учун зарур бўлган 360 297 грамм тириклик манбаи тўпланди.
Акция давомида беғараз қон топширган донорларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ёш адолатчилар” қаноти раиси:

— Мазкур акциямизни қўллаб-қувватловчилар, иштирок этувчилар, қон топшириш истагини билдирган донорлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Партиямизнинг ушбу хайрли ташаббуси фуқароларнинг донорликка муносабатини шакллантириш, қон топшириш орқали бошқаларга яхшилик қилиш, қийин ҳолатда ёрдам беришни хоҳловчи кўнгилли хайрихоҳлар сони ортишига ижобий таъсир қилаётгани билан ҳам ҳаёттий аҳамиятга эга бўлмоқда. Партиямизнинг аҳоли саломатлигини таъминлаш вазифасидан келиб чиқиб ўтказилаётган акция болаларни соғломлаштиришга қаратилган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ҳам ҳар бир бола яшаш ҳуқуқига эга эканлиги, болаларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари белгилаб қўйилган. Реcпубликамиз бўйлаб йилига икки марта бўлиб ўтаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акцияси бу ҳаётбахш тамойилларни амалга оширишда ўзига хос ўрин тутмоқда.
Зулфия ИСМОИЛОВА,
Республика қон қуйиш маркази сайёр гуруҳи бўлим бошлиғи:

— “Қон топшириш жараёни қандай кечади?”, “Бу соғлиғим ёмонлашишига олиб келади?” каби хато тасаввурлар туфайли баъзи юртдошларимиз қон топширишга бироз ҳадиксираб қарайди. Аслида барчаси жуда оддий ва тез, энг асосийси, хавфсиздир. Дастлаб, донор қон топшира оладими, гемоглобин миқдори етарлими каби масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида экспресс тиббий кўрикдан ўтказилади. Донор билан суҳбат жараёнида авваллари қандай касалликлар билан оғригани ҳақидаги ахборот олинади, қон топшириш қонун-қоидалари тушунтирилади. Бир марталик қон топширишда 350 миллилитрдан 450 миллилитргача бўлган миқдорда қон олинади. Организм топширилган қон ўрнини 36 соат ичида тўлиқ тиклаб олади. Бундан ташқари, донор 18 ёшдан ошган ҳамда вазни 55 килодан юқори бўлиши керак. Заруратга қараб, донорлар қони лейкоз, анимия, гемофилия, қон ивиш системаси бузилиши, саратон касаллиги билан оғриган, автоҳалокатга учраган беморлар учун ишлатилади.
Фуадбек НИЁЗОВ,
акция иштирокчиси:

— “Адолат” партиясининг ушбу акциясида бемор болаларга оз бўлса-да, фойдам тегсин, деган ниятда қатнашдим. Очиғини айтсам, қон топширганимдан сўнг вужудимда ва руҳиятимда енгиллик ҳис қилдим. Қайсидир миқдордаги бу малҳам балки қай бемор учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиши мумкин.
Наргиза УМАРОВА,
акция иштирокчиси:

— Ёшлар, болажонлар соғлиғини асраб-авайлашга ҳисса қўшиш мақсадида ҳамкасбларим — Шарқшунослик академик лицейи ходимлари билан бирга хайрли тадбирда иштирок этдик. Кимгадир малҳам бера олиш имконияти ўзмизда борлигини англашнинг ўзи бизни савоб ишга бошлади. Акция давом этар экан, барча-барча инсонлардан бемор кичкинтойларга ёрдам бериш учун қон топширишларини сўраб қолар эдик. Бу ҳар бир соғлом киши учун инсоний вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Фаҳриддин САМАДОВ,
Ўзбекистон телеканали “Ассалом, Ўзбекистон” дастури муаллифи ва бошловчиси:

— Бу хайрли тадбирда касбидан, миллатидан қатъи назар, жуда кўплаб юртдошларимиз ўз ихтиёри билан келиб, қон топширишди. Одамлар топширган қони кимгадир жуда ҳам зарур малҳам бўлишини англаши керак. Келинг, бир ҳаётий мисол келтирсам. Ахир биз ҳадя этган бу малҳам кимларгадир қайта ҳаёт бағишлаши билан бирга оилалар қувончига сабаб бўлади.
Ҳа, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу ташаббусга хайрихоҳлик билдирган саховатли инсонлар кўнгилли тарзда қон қуйиш муассасаларига келишмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда барча кўнгиллилар қон топшириб, мурғак қалбларга илиқлик улашдилар.
— Бемор болаларнинг соғлиғини тиклашга ҳисса қўшганидан барча хурсанд, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Каипбергенов. — Акция олдидан шифокорлар билан биргаликда жойларда олиб борилган тарғибот ишлари ҳам ўз натижасини берди.
Андижон вилоятида ҳам партиямиз акциясини қўллаб-қувватлаган юртдошларимиз орасида ёшлар билан бирга меҳнат фахрийлари ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Андижон давлат университетининг фахрий ўқитувчиси Алишер Холматов Андижон шаҳридаги қон қуйиш марказида шогирдлари билан бирга акцияда қатнашди. Устоз бундан буён беғараз донорлик орқали одамларга оғир дамда кўмак беришни ният қилганини айтиб, яна бир бор ибрат кўрсатди.
Донорлар томонидан топширилган қон оғир бетоб бўлган беморларнинг тезда соғайиб, соғлом ҳаётга қайтишлари учун бебаҳо даво ҳисобланади. Жиззах вилоят қон қуйиш маркази шифокорлари бу хайрли тадбир кўпчиликка манзур иш бўлганини таъкидлашди.
— Очиғи, ушбу акция ўзига хос тадбир бўлмоқда. Унга ўз хоҳишим билан мен ҳам ҳисса қўшдим, — дейди хусусий тадбиркор Акром Қувватов. — Инсон саломатлиги учун савоб ишга бел боғлаш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканини яна бир бор намоён қилди.
Наманган вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида “Ҳар бир болага меҳр-мурувват!” ойлиги доирасидаги беғараз донорлик акцияси уюшқоқлик билан ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши фаоллари эса ойлик доирасида яна бир хайрли ишга қўл урдилар. Улар ушбу марказнинг кардиология, неврология ва гематология бўлимларида даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олдилар. Беморларга ҳомийлар ёрдамида тайёрланган совғалар топширилди.
Самарқанд вилоятидаги қон қуйиш марказида ҳам саховатли инсонлар бемор болалар дардига малҳам бўлиш учун йиғилдилар.
— Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ, — дейди вилоят қон қўйиш маркази бош шифокори Рофе Ҳакимов. — Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Қалбида эзгулик яшайдиган инсон доимо яхшилик қилишга интилади. Айниқса, қилаётган хайрли амалимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, умрини узайтиришга кўмак берса, нур устига аъло нур бўлади.
Сирдарё вилоят қон қуйиш станциясида ҳам ана шундай меҳр-мурувватли инсонлар иштирокида беғараз донорлик тадбири ташкил этилди.
— Анча йиллардан буён ушбу соҳада ишлаб келаман, — дейди мазкур муассасанинг донорлик бўлими мудири Дилора Караханова. — Шундай беморлар бўладики, улар учун қон сув ва ҳаводек зарур. Хайриятки, ҳаёт бахш этадиган бу неъматни савоб учун туҳфа этувчи инсонлар ҳам кўп. Ушбу акцияда ҳам ана шундай юртдошларимиз қатнашди.
Беғараз донорлик акцияси “Адолат” партиясининг нақадар халқчил, адолат тамойилларига амал қилишини ҳам кўрсатмоқда. Биз бу каби хайрли ишларни, албатта, қўллаб-қувватлаймиз.
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти қон қуйиш станциясида беғараз донорлик хайрия акцияси юзлаб партия фаоллари, депутатлар ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.
— Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши бизни беҳад қувонтиради, — дейди вилоят қон қуйиш станцияси шифокори Холида Ғаниева. — Айниқса, беморга қон қуйиш ҳаёт-мамот масаласига айланган ҳолатларда бу бебаҳо малҳам шифохонада зарур миқдорда мавжуд бўлишининг аҳамиятини биз, шифокорлар чуқур ҳис этамиз. Чунки қон дорихоналардан сотиб олинадиган дори-дармонлар сирасига кирмайди. Бу — фақат савобталаб инсонларнинг ҳиммати, меҳр-шафқати туфайли амалга ошиши мумкин.
Донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзоси учун масъулиятли ва инсоний бурч бўлиб қолиши учун уни кенг тарғиб қилиш зарур. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда барча жамоат, давлат ва нодавлат, хайрия ташкилотлари, турли фондлар иштирок этишлари керак. Кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши ва хайрия тадбирларида иштироки, уларнинг беғараз донорлиги инсонлар ҳаётини сақлаб қолишига хизмат қилади. Хавфсиз қон ва унинг маҳсулотларини таъминловчи қон хизмати эса соғлиқни сақлашнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Фарғона вилояти қон қуйиш марказида ҳам кўнгилли донорлар тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонлар учун қон топширдилар.
Ушбу марказ бўлим мудири Оязимхон Аҳрамованинг таъкидлашича, қон топширишнинг ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Масалан, донор тиббий текширувлардан ўтиш жараёнида ўз саломатлиги тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлади. Қолаверса, қон топширгач, организмда ижобий ўзгаришлар кузатилади, инсон саломатлиги мустаҳкамланади. Энг муҳими, ҳар бир донор ўзидаги юксак инсоний фазилатларни, болажонлигини, кўмакка муҳтожларга кўмак беришга тайёрлигини намоён қилади.
Хоразм вилояти қон қуйиш марказида донорлик қилган юртдошларимиз қон топширганлик тўғрисидаги маълумотларни кўп тармоқли вилоят болалар шифохонаси “Гемотология” бўлимида даволанаётган бемор болажонларнинг ота-оналарига самимий кўмак сифатда тақдим этишди.
— Партия ташаббуси билан қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси ташкил этилганидан хабар топдим, — дейди янгиариқлик иштирокчилардан бири Худошукур Отажонов. — Менинг беғараз ёрдамим жажжи болажонларнинг дардига шифо бўлишини жуда-жуда истайман. Бизни саховатпешаликка чорлаган ташкилотчиларга раҳмат.
— Кўп йилдан буён ўғлим Шоҳжаҳон қон касаллигидан азият чекади, — дейди унинг онаси Нафиса Машарипова. — Биласиз, дори-дармонларнинг нархи баланд. Ўғлимга қон қуйиш учун маблағ топиш ўйлантираётган эди. “Адолат” СДП фаоллари томонидан “Гемотология” бўлимида даволанаётган бемор болаларга беғараз қон топширилгани ҳақидаги маълумотдан хабар топиб жуда хурсанд бўлдик. Саховатпеша инсонлардан миннатдормиз.
Таъкидлаш жоизки, акция давомида мутахассислар томонидан иштирокчи донорларга қон топшириш имкониятлари ҳамда хавфсизлиги, унинг бошқа инсонлар ҳаётига зарурлиги ҳамда саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу хайрия тадбири юртимизда саховатли инсонлар кўплигини намоён этиш билан бирга, одамларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга ундамоқда.
Юртдошларимизга яна шуни маълум қиламизки, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси жорий йилнинг 11 июлига қадар республикамиздаги олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотларида давом этади.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселект...
01 янв 1970
Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мукаррам. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай э...
01 янв 1970
Айни кунларда наманганлик партиядошларимиз Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашмоқдалар....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус бугун ёшлар ҳаётига янги мазмун олиб кирмоқда....