“Бор меҳримиз сенга, болажон!”

/
АКЦИЯСИДА ТАЛАБАЛАР ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида анъанавий ўтказиб келинаётган хайрия акцияси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан 3-4 декабрь кунлари ташкил этилган акцияда республикамиз бўйлаб 1500 га яқин хайрихоҳлар иштирок этди. Улардан 398 000 грамм қон тўпланди ва ушбу тўпланган қон юзлаб болажонлар дардига малҳам бўлди.
Мазкур акция кўпчилик, хусусан, ёшларда катта қизиқиш ва хайрихоҳлик уйғотганлиги куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда яққол ифодасини топди. Бемор болажонларга мадад бериш истагида ўтказилган акцияда иштирок этиш учун юзлаб донорлар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, устозлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари мурғак қалбларга илиқлик улашди.
— Қон инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди, — дейди мазкур университетнинг 1-босқич талабаси Ҳусниддин Раҳимов. — Тиббиётда турли хил касалликларда, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамига ҳам таянадилар. Мен ҳам мазкур акцияда фаол иштирок этиб, қон топшириш орқали бемор кичкинтойлар соғлигига ҳисса қўшганимдан хурсандман.
Тадбир доирасида талабаларга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограммдан ошиқ вазнга эга Ўзбекистон фуқаролари донор сифатида иштирок этиши, аёллар ва қизларда гемоглобин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши каби талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкинлиги ва бир неча маротаба тиббий ҳамда қон текширувидан ўтишлари лозимлиги каби зарурий маълумотлар берилди.
Бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган талабалар томонидан 11 минг граммдан ортиқ қон топширилди.
Акция давомида беғараз қон топширган устоз ва талабаларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилаётган “Адолат — қонун устуворлигида&rdq...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....