Атиги 5 та хонаси пол қилинган мактаб ҚОЛГАН СИНФХОНАЛАРГА ҚАЧОН ПОЛ НАСИБ ЭТАДИ?

/
Жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида олиб борган мулоқотлари чоғида аниқланган муаммоларнинг бир қисми ўз жойида ечим топди. Қолган масалаларни маҳаллий Кенгаш депутатлари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, назорат-таҳлил тартибидаги ушбу ўрганишлар айрим ҳудудлардаги муассасаларга тегишли соҳага доир ислоҳотлар нафаси ҳамон етиб бормаётганини ҳам кўрсатмоқда.
“ЧАНҚАГАН” ҚУВУРЛАР
ФАРҒОНА. Қўштепа туманида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов маҳаллаларда фуқаролар билан учрашди, бир қатор ижтимоий объектларда мавжуд шарт-шароитлар билан танишди.
528 ўқувчи таълим олаётган 28-умумтаълим мактаби “Қўрғонча” МФЙда жойлашган. Мактабда яхши шарт-шароитлар яратилган, лекин муаммолар ҳам йўқ эмас.
— Мактабимизнинг мажлислар зали 1991 йилда фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда анча эскириб қолган, — дейди мазкур мактаб директори Ҳосилжон Мўйдинов. — Биз ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, таъмирлаш ишларини олиб бораяпмиз. Аммо ундаги 150 кишилик ўриндиқларни ҳам алмаштиришимиз керак.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймонов муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришини таъкидлади.
3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган “Файз” МФЙда ичимлик суви таъминотида муаммолар борлиги аниқланди. 10 километр масофага қувур ўрнатилса, ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Бу борада фуқаролар мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган, муайян ишлар ҳам олиб борилган. Масалан, “Файзли” кўчасига 2 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилган. Бироқ айни пайтда ушбу қувурда сув йўқ. У.Сулаймонов туман “Сув-оқава” ДУК билан ҳамкорликда масалага ечим топиш ҳақида ваъда берди.
Депутат “Қувурбоши” МФЙда 2-сектор фаолияти билан танишди. Сектор раҳбари — туман прокурори амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар, аҳолидан тушаётган мурожаатлар ҳақида маълумот берди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

БОШИ БЕРК ҚИЛИНГАН КЎЧАЛАР
САМАРҚАНД. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов Самарқанд туманидаги “Қўйи Чордара” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида одамларнинг яшаш шарт-шароитлари, мавжуд ижтимоий муаммоларни ўрганди.
Учрашувларда аҳоли томонидан асосан бандлик, ички йўллар ҳолати, коммунал соҳа, тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди. Шунингдек, “Қўйи Чордара” маҳалласида 8 та кўча Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар” ҳарбий шаҳарчасининг чегара деворлари қурилиши давомида боши берк кўча ҳолатига келиб қолгани аҳоли учун бир қатор ноқулайликларни пайдо қилмоқда. Депутат Шуҳрат Полвонов Самарқанд вилоят архитектура бош бошқармаси, Самарқанд туман кадастр бўлими, Самарқанд туман қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари иштирокида мазкур масалаларни ўрганди. Муҳими, ушбу муаммолар масъул ташкилот ва корхоналар томонидан кечиктирмай ҳал этилишини депутат ўз назоратига олди.

ДАРСЛИК КИТОБЛАР ЕТИШМОВЧИЛИГИ БАРҲАМ ТОПАДИМИ?
БУХОРО. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Бухоро шаҳри ва Вобкент туманида аҳоли билан учрашиб, мулоқотлар давомида фуқароларнинг мурожаатларини ўрганди.
Қодир Жўраев Вобкент туманидаги ўзи таълим олган 14-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим сифати ҳамда ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мактаб кутубхонаси ҳамда ўқувчилар учун китоблар совға қилди.
Мактаб жамоаси билан бўлиб ўтган суҳбатда муаллимлар мактаб дарсликларида етишмовчиликлар борлигини қайд этиб, уларни замон талабларига мос равишда кўпроқ ва сифатлироқ нашр этиш таклифини билдиришди.
Вобкент туманидаги “Ширин” МФЙ “Ширин” шаҳарчасида яшовчи аҳоли ички йўллар ҳолатини яхшилаш, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, умумтаълим мактаби биносини таъмирлаш, дарсликлар етишмовчилигига барҳам бериш масалаларига эътибор қаратди.
Фуқаро Ойгул Рамазонова Ширин шаҳарчасида 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилишига қарамай, бу ерда мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмаслигини баён қилди. Депутат мутасадди раҳбарлар билан ҳамкорликда ушбу муаммога ечим топишини таъкидлади.
Бухоро шаҳридаги “Хўжа Мушкин” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳам муаммоларнинг амалий ечимига аҳамият қаратилди. Жумладан, “Алпомиш” кўчасидаги хонадонда яшовчи фуқаролар ички йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги ҳамда болалар майдончаси барпо этиш зарурлигини билдирди. Улар ҳудуддаги сув қувурларининг носозлиги бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганидан шикоят қилишди. Депутат ушбу муаммоларни “Хўжа Мушкин” МФЙ раиси Аслон Муҳаммадиев билан бирга жойига бориб ўрганди ҳамда босқичма-босқич ҳал этилишини маълум қилди.

ТОМОРҚАЛАРГА СУВ КЕРАК
СУРХОНДАРЁ. Партия фракцияси аъзоси Ёрмамат Холияров бошчилигидаги ишчи гуруҳи Шўрчи туманида юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, тиббиёт ходимлари ва беморлар билан суҳбатлашдилар.
Ўрганишларда аниқланишича, шифохонадаги “Ҳаво томчи касалликлари” бўлимида алоҳида ёпиқ ҳимояланган сув сақланадиган идишлар етишмайди. Шунингдек, беморлар учун алоҳида хоналарга эга бўлган қўшимча иморат ҳам қуриш зарур. Бўлимда тана ҳарорати юқори даражага ошган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар камлиги, сантехника воситалари — душ, ванна ҳамда ювиниш хоналари етишмаслиги аён бўлди. Шифохонани малакали тиббиёт ходимлари, ўрта тиббиёт ходимлари билан етарлича таъминлаш лозим.
Ё.Холияров “Шўрчи Агросервис” МТПда ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Ишчилар мазкур муассасада узоқ муддатли олинмаган иш ҳақларини тўлаш масаласида ёрдам сўрашди. Шунингдек, ишчилар учун махсус кийимлар етишмаслиги ҳам маълум бўлди.
Депутат Ё.Холияров Олтинсой туманидаги “Карсаган” МФЙ аҳли билан ҳам учрашди. Маҳалла аҳолиси томорқаларни суғориш учун сув танқислиги муаммо бўлаётгани, айниқса, ёз ойларида сув таъминоти деярли узилиб қолиши, натижада томорқадан фойдаланишда қийинчиликлар бўлаётганлигидан шикоят қилишди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров Сариосиё туманидаги 2-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди. 300 ўринга мўлжалланган ушбу боғчада ҳозирги пайтда 350 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Муассаса озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли таъминланган. Аммо ўрганишлар давомида боғчада мебеллар етишмасиги, 1989 йилда ишга туширилган мазкур МТМ биноси деворлари тўкилиб кетганлиги, капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланди.
Депутат 68-умумтаълим мактабида ўқитувчи-педагоглар, ёшлар билан суҳбатлашди. Таълим масканида ечимини кутаётган айрим муаммолар бор экан, 4 та синфда парталар етишмаслиги аниқланди.
Учрашувларда ўртага ташланган барча масалалар юзасидан депутатлар иш олиб боришини маълум қилишди.

АРИҚ ЛОЙҚА ЧЎКИНДИДАН ХАЛОС БЎЛСА...
ЖИЗЗАХ. Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада ўз сайлов округидаги сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш депутатлар олдида турган долзарб вазифадир.
ўаллаорол туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов маҳаллалар, кўплаб хонадонларда, таълим ва тиббиёт муассасаларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида аҳоли бу йил апрель ойи серёғин бўлганлиги сабабли беш маротаба сел келиши натижасида кўрилган зарарни бартараф этиш масаласига эътибор қаратди. Шунингдек, ишсизлик, тоза ичимлик суви етишмаслиги, ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги ҳамда умумтаълим мактаби ва тиббиёт муассасалари биноларининг ҳолати билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.
“Коризқудуқ” ҚФЙга қарашли бир қатор қишлоқлар аҳолиси сел келиши туфайли анча зарар кўрди, ҳудуддаги 3 та кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолди. Ҳудуддаги ариқ лойқа чўкиндига тўлиб қолганлиги сувнинг тошишига сабаб бўлди, уни ўз вақтида техника ёрдамида қазиш лозим эди. Қишлоқда яшовчи фуқаролар ариқларни лойқа чўкиндидан тозалаш учун техник воситалар ажратилишида ёрдам кўрсатишни сўрашди. Шуларни назарда тутиб, маҳаллий Кенгашларда иш олиб бораётган партия депутатлари томонидан ўаллаорол тумани ҳокимига ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғига депутатлик сўровлари юборилди. Туман ҳокими депутатлик сўровига тезда жавоб қайтариб, лойқа чўкиндилар ва турли чиқиндилар билан тўлиб қолган ариқларни тозалаш учун техника ажратилишини маълум қилди.
“Коризқудуқ” ҚФЙ ҳудудидан “Маржонбулоқ — Зармитан” йўлидаги чорраҳагача 3 километр узунликдаги зовурни қазиш, қишлоқларни бир-бири билан боғлаб турувчи, яроқсиз ҳолатга келиб қолган 3 та кўприкни таъмирлаш бўйича ҳам аҳоли мурожаат қилди.
Депутат Т.Абдусатторов ушбу муаммо юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боришга ваъда берди.
Самимий ва қизиқарли кечган учрашувларда оилавий тадбиркорлик ва томорқадан фойдаланишни ривожлантириш орқали аҳолининг бандлик даражасини ошириш ҳақида ҳам сўз борди.

ҚЎШИМЧА БИНОЛАР ҚУРИЛАДИ
ҚАШҚАДАРЁ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов Нишон туманида сайловчилар билан очиқ мулоқот қилди. Депутат “Самарқанд” маҳалласидаги хонадонларда бўлганида партиядошимиз, 94 ёшни қарши олаётган уруш фахрийси Рўзи бобо Соатов билан суҳбатлашди.
— Мен каби уруш фахрийлари ҳолидан давлат хизматчилари доимо хабардор бўлиб туришибди, — деди Рўзи бобо. — Президентимиз Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан биз — уруш фахрийларини моддий рағбатлантирди, бундан чексиз миннатдормиз. Тинч, осуда юртда яшаётганимдан бахтиёрман.
Аҳоли билан мулоқотлар чоғида соғлиқни сақлаш, мактаб таълими, уй-жой, ер масалалари билан боғлиқ муаммолар тилга олинди. Хусусан, “Самарқанд” МФЙдаги 1200 ўринли 3-умумтаълим мактабининг атиги 5 та хонаси пол қилинган. Қолган синфхоналари эса ҳамон пол қилиш учун навбат кутиб ётибди. Мактаб кутубхонасида китоблар етарли эмас.
Миришкор туманидаги учрашувларда ҳам фуқаролар айрим муаммолар ҳақида баён этишди. “Навбаҳор” ҚФЙ ҳудудидаги 14-умумтаълим мактаби 2009 йилда таъмирдан чиқарилган. Ҳозирги кунда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ушбу мактаб биносини таъмирлаш учун 2,5 миллиард сўм ажратилган бўлиб, айрим сабабларга кўра бу рақам 250 миллион сўмга туширилган. 620 ўринли мактабда айни пайтда 886 ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Ўқитувчилар мактаб олдида қурилиши тугалланмаган бинони таъмирлашда ёрдам сўрашди, депутат аралашуви билан муаммо ўз ечимини топадиган бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умировнинг Шаҳрисабз, Қамаши тумани сайловчилари билан учрашувлари ҳам фойдали кечди.
Шахрисабз туманидаги “Мираки”, “Ҳисорак” қишлоқларида фуқаролар ички йўллар таъмирталаб эканидан шикоят қилишди. Ҳозирда партиядошимиз аралашуви билан “Сайёд”, “Бошқоп” қишлоқларидаги йўллар туман ҳокимлиги тасарруфидаги ташкилотлар кўмагида таъмирланмоқда. Шунингдек, 65, 66, 76, 59 ва 61-умумтаълим мактабларида ҳам бир қатор муаммолар мавжуд экан. Депутат аралашгач, ушбу таълим масканларида спорт заллари ва қўшимча бинолар қуриладиган бўлди. А.Умировга “Чунгурак” қишлоғи аҳолиси шу ҳудуддаги тиббиёт масканининг ҚВП мақомини ўзига қайтариш масаласида мурожаат қилишди. Бу муаммо туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ўрганилмоқда. Бундан ташқари, “Сайёд”, “Бошқоп”, “Сувтушар” қишлоқларида қўшимча 3 та трансформаторга эҳтиёж борлиги аён бўлди, бу муаммо туман электр таъминоти корхонаси томонидан ҳал этилмоқда.
Депутатга “Шакартери” МФЙда яшовчи фуқаролар мактабгача таълим муассасаси биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги ва бола кўплиги сабабли қўшимча бино қуришга эҳтиёж борлигини айтишди. Бу масала ҳам айни пайтда туман ҳокимлиги томонидан ҳал этиш учун ўрганилаяпти. Учрашувда 35-умумтаълим мактабининг иситиш тизимини таъмирлаш зарурлиги ҳам қайд этилди. “Полмон”, “Улоч”, “Мираки” ҳудудларидаги хонадонларда суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёж борлиги айтилди. А.Умиров тегишли корхона раҳбарлари билан боғлангач, аҳолига газ баллонлари етказиб берилди.
Шаҳрисабз туманининг “Ҳисорак” ва “Сайёд” маҳаллалари ички автомобиль йўлларини таъмирлаш масаласи ҳал этилди.
Таъкидлаш жоизки партия депутатлари юзма-юз мулоқотлар давомида аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
ҳудудий кенгашлари матбуот хизматлари хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб боришни тақозо этади....
01 янв 1970
“Гулзор” маҳалласида яшовчи Турғунжон Жўраева қўйган муаммонинг ечимини топиш вазифаси эса назорат остига олинди....
01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтад...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...