Уйсиз оилага ҳокимлик ҳисобидан уй берилди

/
Жойларда қонунлар ижросини тўлақонли таъминлашга ҳисса қўшиш орқали халқ эҳтиёжларига кўпроқ манфаат етказиш мақсадида партия депутатлари ўз ваколатлари доирасида иш олиб бормоқда.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи фаолиятига назар ташлаб ҳам бунга амин бўлиш мумкин.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Мавлуда Алтмишева Мирзаобод туманининг “Наврўз” шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашганида, фуқаро М.Бойқулова укаси Эркин Ибрагимов суяк емирилиши касаллигига чалинганлиги боис уни тезда операция қилиш лозимлиги, аммо бунга моддий жиҳатдан имкони йўқлиги, бир неча ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилса-да, натижа бўлмаганини баён қилди. М.Алтмишева ушбу масала юзасидан вилоят ҳокимлигига депутатлик сўрови киритиши натижасида муаммога ечим топилиб, Э.Ибрагимовга белгиланган тартибда 8 миллион сўм пул маблағи ажратилди.
Сенатор, партия депутатлик гуруҳи аъзоси Орифжон Қудратовга Гулистон туманидаги “Ишонч” маҳалласи аҳли билан мулоқот чоғида фуқаролар ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат этишди. Муаммони ўз жойида ўрганиш асосида вилоят “Сув-оқава” ДУК раҳбарига депутатлик сўрови киритди. Муҳими, депутат “Обод қишлоқ” дастури асосида ушбу маҳаллага 4300 метр ичимлик сув тармоқлари ётқизилишини ҳам назоратдан четда қолдирмади. Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, қўшимча равишда яна 300 метрлик янги сув қувурлари тортилди. Маҳалла ҳудудидаги сув қувурлари етиб бормай қолган “Тўлин ой” ва “Серқуёш” кўчаларига эса эндиликда 200 метр полиэтилен сув қувурлари ўрнатиш режалаштирилди.
Кечаси хонадонларда ёки кўчаларда бирор соат чироқ ўчиб турса, кўпгина ноқулайликларни келтириб чиқариши бор гап. Шу боис электр таъминоти масаласига ҳам депутатлар эътибор қаратишмоқда. Чунончи, Бахт шаҳридаги бир неча кўчаларда электр чироқлари ўрнатилмаганлиги транспорт воситалари ҳаракатланиши аҳоли, айниқса, кекса кишилар ва болаларга қийинчилик туғдираётган эди. Депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродов вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбарига мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан депутатлик сўрови юборди. Кўп ўтмай Бахт шаҳридаги “Улуғ йўл” ва “Аҳмад Яссавий” кўчаларига замонавий электр чироқлари ўрнатилди.
Сайхунобод туманидаги “Гулистон”, “Ўрикзор”, “Нурли йўл” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар мазкур маҳаллалардан ўтган ва А-373 “Тошкент — Ўш” халқаро автомобиль йўлига туташ саналувчи ички йўл узоқ йиллардан буён таъмирланмаганлиги боис ачинарли ҳолатга келиб қолганлиги ҳақида депутатлик гуруҳи аъзоси Малик Аҳмедовга мурожаат этишди. Депутат муаммога ечим топиш учун Сирдарё автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасига депутатлик сўрови киритди. Шу билан бирга, М.Аҳмедов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида ҳам шу масала хусусида ўз таклифини билдирди. Депутатнинг саъй-ҳаракати ижобий натижа берди. Мутасадди ташкилотлар муаммо юзасидан ўрганишлар олиб боргач, таъмирлаш ишлари учун зарур маблағ ажратилишига эришилди. Жорий йилнинг февраль ойида ушбу ички йўлнинг 3 километрлик қисми таъмирланди.
Депутат Дилфуза Умеровага уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат этган Янгиер шаҳрининг “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган фуқаро Одина Эрматовага ҳам яқиндан ёрдам кўрсатилди. Янгиер шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилгач, фуқаро О.Эрматова жорий йилнинг январь ойида ушбу ҳокимлик балансида турган кўп қаватли уйдаги 2 хонали хонадон соҳиби бўлди. Унгача фуқаро О.Эрматова шаҳар иссиқлик манбаи корхонасига қарашли темир вагонда бир нафар фарзанди ва икки нафар набираси билан яшаб келганини назарда тутсак, партия депутатининг бу амалий иши нақадар ҳаётий аҳамиятга эга эканини англаймиз.
“Шодлик” маҳалласининг 36-даҳасида жойлашган педагогика коллежи олдидан ўтувчи йўлнинг ачинарли аҳволи ҳам депутатнинг назаридан четда қолмади. Транспорт воситалари қатнови, йўловчилар, хусусан, ўқувчилар учун ҳам ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда йўл равон бўлиши асосий омил экани маълум, албатта. Депутат Д.Умерова Янгиер шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови киритгач, йўлнинг педагогика коллежи олдидаги 250 метрлик қисми тўлиқ қайта таъмирланди. Бу хайрли иш ўқитувчилар ва ота-оналарни ҳам қувонтирди.
Мулоқотлар чоғида қайд этилганидек, хонадонлар, йўллар, маҳаллалар ободлигидан одамларнинг кўнгли ҳам обод бўлмоқда.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари Бухоро вилоят, Бухоро шаҳар ҳамда Жондор туман Кенгаши деп...
01 янв 1970
Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради....