Талаб ва таклиф мутаносибми?

/
НОГИРОН ХАРИДОРЛАРНИ ҲАМ УНУТМАНГ
Партиянинг сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллашида ва кенг омма ўртасида нуфузининг кўтарилишида ушбу партиядан сайланган депутатларнинг фаоллиги, профессионал маҳорат билан ишлаши муҳим ўрин тутади. Албатта, бу жараёнда халқнинг ишончли вакиллари жойлардаги БПТлар, партия фаоллари билан ҳамжиҳатликда ўрганишлар олиб бориши, шу орқали ҳар бир ҳудуддаги ҳақиқий аҳволдан, муаммолардан хабардор бўлиши амалий аҳамиятга эга саналади. Фаолият таҳлил этилганда эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар аниқ хулосалар чиқаришга ундайди.
Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари, жумладан, 2018 йилда партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида 60 га яқин маҳалла, 840 дан зиёд хонадонларда бўлишди, аҳоли билан мулоқотлар давомида уларнинг мингтадан ортиқ мурожаатлари қайд этилди.
Партия депутатлари мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни депутатлик сўровлари орқали ҳал этишга ҳаракат қилишди. Шу мақсадда ҳисобот даврида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 31 та депутатлик сўровлари чиқарилди ва уларнинг аксарияти ўз ечимини топди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси А.Аяповга Нукус шаҳри, 22-мавзеда истиқомат қилувчи А.Хожанова 2007 йилда туғилган қизи Азиза Салиева болаликдан ногиронлиги ва ногиронлар аравачасига муҳтожлиги ҳақида мурожаат қилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарига депутатлик сўрови киритилиши натижасида А.Салиева ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Кези келганда шуни айтиш жоизки, ногиронлик аравачасига эҳтиёжманд фуқароларнинг мурожаатлари ногиронлик аравачасини ишлаб чиқариш ва хориждан импорт қилиш масаласини жиддий ўйлаб кўришга ундамоқда. Матбуот нашрларида мавзуга доир чиқишлардан ҳам аёнки, ногиронлик аравачалари сонини кўпайтириш зарурати ортмоқда. Ногиронлиги бўлган фуқаро бир неча йиллаб аравача учун навбат кутиши, шу йиллар давомида унинг изтироб чекишига сабаб бўлади, албатта. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ушбу ўта зарур воситага талаб ва таклиф мутаносибми, бу икки тушунча бир-биридан талабгорлар йиллаб кутиши даражасида фарқ қилмаслиги лозим.
Шунингдек, ҳисобот даврида депутатлик гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясида 2 та, тегишли доимий комиссиялар йиғилишларида 3 та масала кўриб чиқилишига эришилди.
Жумладан, шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ишлаб чиқилган “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи аъзолари ҳудудда ўрганишлар олиб боришди.
Дейлик, ўрганишларда шаҳарда 3-7 ёшгача бўлган болалар 23739 нафарни ташкил қилиши, уларнинг 12522 нафари мавжуд боғчаларга қамраб олингани маълум бўлди. Айрим боғчалар юмшоқ ўйинчоқлар, мебель ва ускуналар ҳамда бошқа техник воситалар билан таъминланиш даражаси белгиланган талабларга жавоб бермайди.
Ҳудуддаги 1, 8, 27, 30, 35, 37, 50-МТМларда бино учун мўлжалланганидан кўра кўп сонли болалар тарбияланмоқда. Тизимдаги шу каби муаммолар халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессиясида атрофлича муҳокама этилди.
Сессияда Нукус шаҳридаги таъмирталаб боғчаларнинг режа асосида таъмирлаш бўйича дастурга киритилишини назорат қилиш, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуддаги МТМ фаолиятини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, шунингдек, МТМларда болаларни мактабга тайёрлаш сифатини янада ошириш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялари жорий этилиши юзасидан алоҳида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш каби бир қатор масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Партиямизнинг “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳасига доир ўрганишларимиз натижаси ҳам сессияда кўриб чиқилди ҳамда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси, мактабда педагог кадрлар билан таъминланиш даражасини яхшилаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Нукус шаҳар кенгашининг яқинда бўлиб ўтган пленумида электорат манфаатини самарали ҳимоя қилиш, сайловчилар ишончини мустаҳкамлаш борасида олдимизга янги вазифалар қўйилди. Шу мақсадда партия депутатлари сайловлар йилида фаолликни янада ошириб, бор билим ва салоҳиятини ишга солишга интилмоқда.
Улбосин СЕЙТЖАНОВА,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг янги лойиҳаси “Адолатли қайнона”, деб аталади....
01 янв 1970
Ўзбекистон "Адолат" СДП "Ёш адолатчилар" қаноти томонидан "Адолат билимдони" кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлар...
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияс...