Муаммолар ҳудудда ечим топади агар секторлар талаб даражасида фаолият юритса...

/
Шу кунларда мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари республикамиз ҳудудларидаги маҳаллалар, корхона ва таълим муассасаларида бўлиб, фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда, уларни ўйлантираётган масалалар ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга халақит бераётган муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, назорат-таҳлил тартибидаги ушбу ўрганишларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам ишчи гуруҳлари таркибида фаол иштирок этмоқда.

Сурхондарё. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Узун туманидаги маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрганмоқда.
Учрашувда “Деҳқон” ҚФЙда фуқаролар мазкур ҳудуддаги 7 км. масофалик йўллар носозлигидан шикоят қилишди. Шунингдек, маҳалла аҳли “Деҳқон” ҚФЙ яқинида жойлашган “Мустақиллик” ва “Жончекка” қишлоқларини боғлаб турувчи, узунлиги 12 километрлик “Дубай” канали ўртасига кўприк ўрнатиш зарурлигини айтишди. Депутат Н.Умаров маҳаллий ҳокимият вакиллари билан мазкур масалани ҳал этишини маълум қилди. Суҳбат чоғида фуқаро Ж.Қосимов ногиронлиги бўлган укаси Ш.Қосимовга даволаниши учун маблағ зарурлигини билдирди, Бу масалага ечим топишни қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ўз зиммасига олди.
Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг “Жончекка” шохобчасида ҳам бўлиб, 5500 та фуқарога хизмат кўрсатувчи мазкур муассасадаги шарт-шароитлар, тиббий анжомлар, дори-дармон воситаларини кўздан кечиришди. Ўрганишлар давомида қон таҳлили хонасини иситиш эътибордан четда қолганлиги, аҳоли учун маълумот олиш бурчаклари жуда кичиклиги аниқланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Деҳқон” ҚФЙда истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Сабоҳат Гулбоева томонидан 50 ўринга мўлжаллаб қурилаётган МТМ биноси қурилишини бориб кўришди. С.Гулбоева боғча ҳовлисидаги ўйин майдончаларини барпо этиш учун 300 миллион сўм кредит олишда муаммога дуч келаётганини айтиб ёрдам сўради.
Н.Умаров қайд этилган барча муаммолар атрофлича ўрганилиб, масъул ташкилотлар билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар кўрилишини таъкидлади.
Шунингдек, Сариосиё туманида Қонунчилик палатаси депутати Даврон Тангиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Хуршид”, “Галабута” МФЙларда яшовчи фуқаролар билан очиқ мулоқотлар олиб боришди. Фуқаролар маҳаллалардаги хонадонларга газ баллонлари вақтида олиб келинмаётгани, айниқса, “Галабута”даги баъзи хонадонларда газ баллонлари умуман йўқлигидан шикоят қилишди. Депутат Д.Тангиров “Тумангаз” корхонаси билан боғлангач, бу муаммо тез кунда ҳал этилиши маълум қилинди
Ишчи гуруҳи аъзолари Шарғун шаҳридаги 1-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди. 140 ўринга мўлжалланган мазкур боғчада ҳозирги пайтда 199 нафар бола тарбияланмоқда. Муассасада шароитлар яхши. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли таъминланган. МТМ ходимлари муассасада ичимлик суви сақлаш идишлари маънан эскирганини айтишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари 9-умумтаълим мактаби ўқитувчи-педагоглари билан суҳбатлашди. Мазкур мактаб биноси 600 ўринли бўлиб, 180 ўринли қўшимча бино ҳам қуриб ишга туширилган эди. Мулоқот чоғида мактаб жамоаси янги қурилган бинода ўқув мебеллари етишмаслигини айтиб, шу масалада ёрдам сўради. Депутатимиз бошчилигидаги ишчи гуруҳи мебеллар билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишни ўз зиммаларига олишди.
Партия депутати тумандаги “Бўйрапўш” ва “Келажак сари” МФЙларда бўлиб, сайловчилар билан учрашув ўтказди. Депутат фуқаролардан тушган мурожаатлар билан ишлаш, айниқса, аҳолининг табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминланганлик аҳволи, пенсия, нафақаларнинг ўз вақтида берилиши муҳим масалалардан эканини таъкидлади.
“Бўйрапўш” ва “Келажак сари” МФЙларда газ баллонларининг етишмаслиги хусусида мурожаатлар бўлди. Шунингдек, ички йўлларнинг таъмирталаблиги қийинчиликлар туғдирмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Ёрмамат Холияров ҳам Шўрчи туманида сайловчилар билан учрашди. Депутат дастлаб туман аҳолисининг суюлтирилган газ билан таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида «Тумангаз» корхонасида бўлди. Муассасага келган фуқаролар билан бевосита мулоқат қилинганда, ечимини топмай турган масалалар ойдинлашди. Сайловчилар томонидан айтилган муаммолар бевосита шу ернинг ўзида ҳал этилди. Хусусан, аҳолини газ билан таъминлашдаги қийинчиликлар техникаларнинг носозлиги ёки йўлларнинг таъмирталаблиги каби муаммолар ўрганилиб, тегишли туман ташкилотлари мутасаддилари билан келишилиб ҳал этиш чоралари кўрилди, йўлларни таъмирлаш эса манзилли дастурга киритилди.
Шунингдек, депутат Ёрмамат Холияров туман тиббиёт бирлашмасининг “Толли” бўлимида бўлиб, шифокорлар билар суҳбатлашди. “Толли” қишлоғида жойлашган мазкур тиббиёт бўлими биносини қайта қуриш ва мослаштириш зарурлиги аниқланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ушбу масалада бир ҳафта ичида аниқ маълумот тақдим этилишини маълум қилишди.
Жиззах. Ғаллаорол туманида Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов аҳоли билан мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганди.
Тумандаги “Оқтом” МФЙга қарашли “Янгиобод” қишлоғида аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ичимлик суви, газ, электр таъминоти ҳолати, йўл инфратузилмаси, транспорт хизмати кўрсатиш тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги аниқланди. Мазкур қишлоқдаги 80-умумтаълим мактабида айрим синф хоналарининг таъмирталаблиги ва синф жиҳозларининг етишмаслиги, тиббий хизматнинг қониқарли эмаслиги маълум бўлди. Мазкур қишлоқ билан туман маркази ўртасида транспорт қатнови йўлга қўйилмаган.
Электр энергияси билан таъминлашда симёғочлар етишмаслиги, мавжудларини эса янгилаш лозимлиги юзасидан фуқаролар мурожаат қилишди. Фуқароларнинг мурожаати асосида туман прокурори ҳамда туман электр энергияси бўлими масъул ходимлари жалб қилингач, шу куннинг ўзида 28 дона симёғоч олиб келинди ва ўрнатилди.
Бухоро. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Бухоро шаҳрида сайловчилар билан мулоқот ўтказмоқда.
Депутат шаҳардаги 20-умумтаълим мактабида ҳам бўлди. Ўрганиш жараёнида мактаб директори Нигора Ражабова таълим маскани биноси капитал таъмирлашга муҳтожлигини қайд этди. Шунингдек, мактабда иссиқлик тизимининг носозлиги, компьютер воситаларининг эскирганлиги, бадиий адабиётларнинг етишмаслиги ҳам депутат эътиборини тортди.
Ўрганишлар давомида физика фанидан 11-синф ўқувчилари учун “Фан ва техникадаги ютуқлар” мавзусига бағишланган ноанъанавий услубда ўтказилган очиқ дарс машғулотида Қ.Жўраев иштирок этди. Ўқитувчининг фаолияти, таълим бериш жараёни ҳамда ўқувчиларнинг фаоллигини кузатар экан, депутат улар билан биргаликда очиқ дарснинг ютуқ ва камчиликларини кенг муҳокама қилишда қатнашди, дарс машғулотининг ютуқ ва камчиликлари ҳақида депутат фикр билдирди. Ўқитувчиларнинг фикрича, очиқ дарсда депутатнинг қатнашганлиги уларнинг масъулиятини оширди. Шунингдек, Қ.Жўраев мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ўқишга киришга оид янгиликлар, бу борадаги норматив ҳужжатлар ҳақида маълумот берди.
Андижон. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева Андижон тумани “Нўхатак” маҳалласида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Очиқ мулоқотларда тадбиркорлик фаолияти, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ҳолати ҳудуд мисолида ўрганилди. Шунингдек, янги иш ўринларининг яратилиши, бандлик муносабатлари, меҳнат бозоридаги аҳвол ҳақида фикрлашиб олинди.
Муҳайё Матхолиқова бугун тадбиркорга айланганидан хурсанд. У “Ҳар бир оила — тадбиркор” Давлат дастури асосида 2018 йили “Микрокредитбанк”нинг Куйганёр филиалидан 17 миллион сўм имтиёзли кредит олган эди. Учта тикув машинаси сотиб олиб, ўз хонадонида чеварликни йўлга қўйди, шогирдлари билан турли кийимлар тикиб, ички бозорга чиқармоқда.
— Иш билан банд бўлганимиздан хурсандмиз, — дейди М.Матхолиқова. — Ҳар ойда ўртача 1.5 миллион сўм даромад қилаяпмиз. Берилган молиявий кўмакни вақтида қайтариш билан бирга ўз фабрикамизни очиш ниятидамиз.
Шу маҳаллада яшовчи яна бир тадбиркор Холидахон Тўражонова касаначилик асосида атласга безак беришни йўлга қўйди. Унинг ёнида 4 нафар хотин-қиз иш билан банд. Кунига ўртача 100 метр мато қайта ишланаётганини назарда тутсак, даромад ҳам шунга яраша эканлиги аён бўлади. Муҳими, оила бюджети мустаҳкамланмоқда.
Маҳалланинг “Қашқар” кўчасида яшовчилар тадбиркорликда ўзига хос мактаб яратганлиги депутатни қувонтирди. Водий бозорларида уларнинг ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларига талаб катта. 250 хонадонда яшовчилар орасида ишсиз фуқаронинг ўзи йўқ.
М.Дадаходжаева соҳадаги муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Нодирбек Ҳасанов раҳбарлигидаги “Жаннат диёр меваси” хусусий корхонасида хориждан келтирилган 110 бош қорамол боқилмоқда. Бироқ ер муаммоси уларни қийнамоқда. Чорва бўлгандан кейин озуқа етиштириш керак. Депутат бу масалани ўз назоратига олди.
Яна бир масала, маҳаллада ичимлик суви таъминоти талаб даражасида эмас. 500 метр узунликдаги ички йўллар таъмирталаб.
М.Дадаходжаева “Саддатаги” ва “Кўкгумбаз” МФЙларда яшовчи сайловчилар билан ҳам учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.
Тошкент шаҳри. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов Шайхонтоҳур туманидаги “Эшонгузар” маҳалласида фуқаролар билан суҳбатлашди.
Ўрганиш давомида маҳаллада 3-7 ёшгача бўлган болалар 262 нафар эканлиги, аммо ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги маълум бўлди. Маҳалланинг “Каттабоғ”, “Ўзгариш”, “Қундуз” кўчаларида носоз йўлларни таъмирлаш борасида мутасадди ташкилотларга мурожаат қилингач, бу вазифа “Йўл харитаси”га киритилган, аммо ҳанузгача бу кўчаларда таъмирлаш ишлари бошланмагани эътироз уйғотмоқда.
Шунингдек, тумандаги “Зангиота” маҳалласида ҳам аҳоли мактабгача таълим муассасасига эҳтиёжи борлигини қайд этишди. “Жиззах”, “Самарқанд дарвоза”, “Ўроқ”, “Хандон” кўчаларида ички йўлларни таъмирлаш, симёғочларини янгилаш зарурлиги аён бўлди.
— Маҳалламиздаги бир қатор кўчаларда ичимлик суви босимининг пастлиги аҳолига қийинчилик туғдирмоқда, — дейди “Зангиота” МФЙ масъул котиби Гулнора Ҳикматова. — Шу билан бирга, ҳудуд бўйича канализация йўқлиги ҳам ноқулайликларни пайдо қилмоқда.
Мулоқот жараёнида “Эшонгузар”, “Зангиота” МФЙлар биноси учун коммунал хизмати тўловларини маҳалла раиси ҳамда ходимлар ўз ҳисобидан тўлаётганини баён қилишди.
У.Саматов аниқланган барча масалалар масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилишини таъкидлади.
Навоий. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов Нурота туманида бир қатор маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар билан мулоқот қилди, мавжуд муаммоларни ўрганди.
Депутат З.Султонов тумандаги “Миришкор”, “Ибн Сино”, “А.Навоий” маҳаллаларида аҳолини ўйлантираётган масалаларга эътибор қаратди. Хусусан, ушбу маҳаллалардаги хонадонларни табиий газ, ичимлик суви билан таъминлашда жиддий муаммолар борлиги маълум бўлди. Албатта, бундай ҳолатлар ҳудуддаги секторлар талаб даражасида иш олиб бормаётганини ҳам кўрсатади.
Навбаҳор туманидаги ўрганишлар давомида 3-умумтаълим мактабида иситиш тизими яхши ишламаслиги, компьютер, китоблар ва лаборатория хонасида зарур жиҳозлар етишмаслиги аниқланди. Муассасада тиббиёт хонаси номигагина ташкил этилиб, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланмаган.
“Гулшан” номли мактабгача таълим муассасаси ўрганилганда боғча ошхонаси талаб даражасида эмаслиги, тиббиёт хонасида ширма, қўл динамометри, тиббий текширишда қўлланиладиган стол лампаси, термосумка ва муз халтаси каби воситалар мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Зафар Султонов мазкур муассасалардаги муаммоларга ечим топиш юзасидан амалий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Тошкент вилояти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова Тошкент тумани “Ҳасанбой” ҚФЙ ҳудудидаги 150 ўринли 1-сонли болалар сил касалликлари сиҳатгоҳидаги шарт-шароитлар билан танишди.
Ўрганишлар жараёнида қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги маълум бўлди. Жумладан, вилоят ҳокимининг қарорига асосан 2018 йилда муассасада таъмирлаш ишлари учун 288 миллион сўм ажратилган. Натижада сиҳатгоҳнинг клиник-биохимик лаборатория хоналари капитал таъмирланиб, бино ва хоналарнинг ҳолати, беморлар учун шарт-шароитлар яхшиланди ҳамда зарур тиббий анжомлар, дори-дармонлар билан таъминлаш даражаси ортди.
Депутат Л.Кошелапова “Ободлик” МФЙда ўтказган мулоқот чоғида маҳалланинг “Ойбек”, “Масалбой” кўчалари билан туташган ички йўлларда тунги чироқлар йўқлиги, симёғочларни янгилаш лозимлиги маълум бўлди.
— Маҳалламизда тоза ичимлик суви йўқлиги маҳалла аҳолисига қийинчилик туғдирмоқда, — деди “Ободлик” МФЙ раиси Шукуржон Агзамов. — Шу билан бирга, ҳудудимизда чиқинди учун махсус идишлар ўрнатилмаган.
Депутат ўрганишлар давомида “Дархон” маҳалласидаги 1,2,3,4-уйларда истиқомат қилаётган 7 та хонадонда бўлиб, фуқароларнинг эҳтиёжлари, таклиф ва мулоҳазалари билан танишди. Уларнинг аксарияти уй-жой, коммунал, тиббий хизмат кўрсатиш масалаларида амалий ёрдам сўрашди.
Людмила Кошелапова тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммолар юзасидан аниқ ишлар қилинишини билдирди.
Хоразм. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоевнинг сайловчилар билан мулоқотлари амалий аҳамият касб этмоқда. Депутат Урганч туманидаги 15-умумтаълим мактабида бўлганида ушбу муассаса биноси эскириб қолгани эътиборни тортди. Мактаб директори Дилором Пирназарованинг айтишича, ушбу бино 1969 йилда қурилган бўлиб, 536 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда ўқув муассасасида 1136 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, мактаб спорт зали ҳам фойдаланиш учун талаб доирасида эмас. Ўқувчилар учун немис ва инглиз тили дарсликлари етишмовчилиги ҳам жиддий муаммо бўлмоқда.
Тумандаги “Шоҳидонлар” МФЙ раиси Мансур Абдуллаев фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмаслиги, 3-умумтаълим мактаби биносида иш олиб бораётгани, МФЙ моддий-техник база билан таъминланмагани ҳақида баён қилди. Шунингдек, маҳалла аҳолисининг сони 5470 нафарга етганлиги боис яна битта янги МФЙ ташкил этишга эҳтиёж мавжуд. Маҳаллада яшовчилар биронта ҳам боғча йўқлиги, ички йўлларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганидан шикоят қилишди.
Шунингдек, депутат 102-сон ижтимоий дорихона, 31-сон оилавий поликлиника, 13-сон МТМларда бўлиб, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
31-сон поликниникада тез ёрдам машинаси йўқлиги боис шифокорлар чақирувларга 10-12 км.гача бўлган масофага йўловчи ташиш транспортларида етиб боришга мажбур бўлаётгани муааммога айланганини айтишди. Шунингдек, тумандаги умумтаълим муассасаларида тиббиёт ҳамшираси штат бирлиги йўқ, ўқувчиларга тиббий ёрдам бериш учун оилавий поликлиникалардан шифокор чақирилаётгани ҳам эътирозга сабаб бўлмоқда.
Ўрганишлар билан бирга депутат аниқланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларига ҳам киришди.
Фарғона. Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов “Қизилтепа” МФЙ даги 29-умумтаълим мактабида мавжуд шарт-шароитларни ўрганди. Ушбу таълим масканида тиббий хизмат хонаси кўздан кечирилганда бу ерга 2 ойдан буён дори-дармон воситалари олиб келинмаётганлиги маълум бўлди. Айни пайтда атиги 2 хил турдаги дори воситаси бор, холос. Бу эса ўқувчилар соғлиғини асрашга лоқайд қаралганидан далолат беради. Шунингдек, мактаб кутубхона фондида 1342 та китоб борлиги аниқланди. Сўнгги маротаба 2019 йилнинг январь ойида туман Ёшлар иттифоқи томонидан 36 турдаги китоблар олиб келинган. Таълим даргоҳида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишлари учун шароит яратиш борасида ҳам баъзи камчиликлар кўзга ташланади.
У.Сулаймонов мазкур муаммоларни мутасаддилар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилишини таъкидлади.
Ҳудудларда мамлакатимиз парламенти аъзоларининг очиқ мулоқотлари давом этмоқда. Муҳими, ўрганишлар асосидаги таҳлил ва хулосалар пировардида одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилиши учун шарт-шароитлар яратилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашлари матбуот хизматлари
хабарлари асосида “Adolat” мухбири Д.МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди....
01 янв 1970
“Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ...
01 янв 1970
“Урганчтрансгаз” шўъба корхонасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан учрашув бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал ...