Мамлакат тараққиёти ва фуқаролар манфаати учун хизмат қилиш — асосий вазифамиз

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров фракциянинг 2018 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрь куни парламентга тақдим қилган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар асосида фракция томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг тарихий аҳамиятга эга Мурожаатномаси фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Унда илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш депутатларнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
2018 йилда жамиятимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаатларини амалда таъминлашга қаратилди. Айниқса, “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойиллар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосини ташкил қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳам ўтган йилда ўз фаолиятини ушбу тамойиллар асосида олиб борди. Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ҳал этишнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижрога йўналтирди.
Ҳисобот даврида партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 39 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 169 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 1,3 марта кўпайганини кузатиш мумкин.
Энг муҳими, мазкур қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича фракция томонидан 270 дан ортиқ таклифлар киритилиб, 160 маротаба ўз позициясини билдирди. Бунда, “Қонуннинг асл муаллифи халқ бўлиши керак”, деган тамойил асосида партиянинг “Марказ-вилоят-туман” тизими асосида 60 га яқин қонун лойиҳалари жойларда муҳокамадан ўтказилиб, асослантирилган таклифлар негизида фракция ўз позицияларини шакллантирди. Муҳими, ушбу таклифларнинг аксарияти қонун лойиҳаларида ўз аксини топди.
“Адолат” фракцияси парламентдаги мухолифат сифатида ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида ўз позицион таклифлари билан фаол иштирок этди. Хусусан, фракция таклифи билан “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига экстремизмга доир ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, яъни профилактикасига эътибор бериш ва бу турдаги ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш юзасидан нормалар киритилди.
Ер ости сувидан фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса фракция таклифига асосан қайта кўрилиб, қонун лойиҳаси жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун ер ости сувларидан фойдаланишга мўлжалланган қудуқларни қазиш жавобгарликдан мустасно эканлигига доир норма билан тўлдирилди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг мурожаатлари ҳамда жойлардаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечимига қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари тайёрланди. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳалари партия экспертларининг таклифлари асосида такомилига етказилмоқда. Хусусан, “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Архив иши тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби қонун лойиҳалари ишланмоқда.
Ҳисобот даврида фракция аъзолари 9 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Қонун ижодкорлиги жараёнида Қонунчилик палатасига киритилган “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳаларига фракция аъзолари бошқа депутатлар билан биргаликда ташаббускор бўлдилар.
Шунингдек, фракциямиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимидаги қатор илмий-текшириш марказлари ва олий таълим муассасаларида муҳокамаси ташкил этилган “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ҳамда республикамизнинг олий таълим муассасаларида соҳа мутахассислари ва илмий жамоатчилик иштирокида муҳокама этилган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳисобот даврида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилишига эришилди.
Шунингдек, фракциямиз 2018 йилда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида ҳам муайян натижаларга эришди.
Хусусан, жойларда олиб борилган ўрганишлар давомида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айнан ушбу масалалар Қонунчилик палатасида ҳисобот йилида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати”нинг кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ва соғлиқни сақлаш вазирининг ушбу масалалар бўйича ахборотлари эшитилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида депутатлар томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида аниқланган умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ва бу муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида фракция ташаббуси билан халқ таълими вазирига парламент сўрови юборилди ва унинг жавоби Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинишига муваффақ бўлинди.
Фракция депутатлари иштирокида Тошкент шаҳрида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, унинг юқори сифатли бўлишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи ҳамда соғлом овқатланишни ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Шу билан бирга, Президентимизнинг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармони ижросининг таъминлаш бўйича фракция аъзолари партия фаоллари билан биргаликда ҳудудларда ўрганишлар олиб борди. Натижада ушбу масалада Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларини масъуллар томонидан сифатли ва тўлиқ ижро этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаётганлиги, режалаштирилган айрим лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари кечикаётганлиги, масъул раҳбарларда ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббускорлик етишмаётгани аён бўлди. Камчиликлар, айниқса, “Бўстонлиқ-фарм”, “Сирдарё-фарм” эркин иқтисодий зоналари фаолиятида яққол кўзга ташланди.
Шуларни инобатга олган ҳолда фракция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига “Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ҳолати ҳамда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида” парламент сўрови юборилди.
2018 йил мобайнида фракция аъзолари сайловчилар билан мулоқотини изчил давом эттирдилар. Хусусан, шу мақсадда депутатлар 30 дан ортиқ туман ва шаҳарларда учрашувлар ўтказишди, улар 5 619 та хонадонда шарт-шароитлар билан танишди, 21 476 нафар фуқаро, 1 170 нафар тадбиркор билан суҳбатлашиб, улар баён этган 1 120 та масала ҳал этилди.
Шунингдек, 2018 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан мулоқотини ҳамда уларнинг фаолияти ҳақида аҳолининг хабардорлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бораётганини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Бунинг натижасида фракция аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 3898 маротаба чиқишлар қилинди.
Матбуот анжуманида фракция фаолиятида ижобий натижалар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди. Хусусан, сайловчилар томонидан кўтарилган муаммолар ва жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги қонун ташаббускорлиги, бунда айниқса, тўғридан-тўғри ҳаволаки нормаларсиз ишлайдиган қонунларни ишлаб чиқишдаги камчиликлар танқид қилинди.
Шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш борасида фракция аъзоларининг ташаббус ва таклифлари етарли эмаслиги, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ўрганиш ва ечимини топишда масъул соҳадаги вазирликларга парламент сўровларини юбориш, шунингдек, депутатлик сўрови институтидан кенгроқ фойдаланишда фракция ўз фаолиятини жонлантириши зарурлиги таъкидланди.
Бунда, энг аввало, фракция аъзолари қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ўз ишини ташкил этиши лозимлигига жиддий эътибор қаратилди. Бу ўринда депутатлар сайловчилар олдида масъул эканлигига алоҳида урғу берилди.
Матбуот анжуманида 2019 йилда фракция олдида турган долзарб вазифалар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Бу вазифалар, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Айниқса, ушбу ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ва илгари сурилган таклифларнинг аксарияти партия дастурий мақсадларига муштарак эканлиги унинг ижросини таъминлашда депутатлик корпусларининг иштироки ва масъулиятини янада оширишни талаб этади.
Жумладан, 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён ижтимоий соҳаларни ривожлантириш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик кўрсатишни тақозо қилади.
Мурожаатномада белгиланган бир қатор вазифалар бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол қатнашиш, бу лойиҳаларни жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ва фракцияда партия позициясини шакллантириш лозим. Хусусан, парламентда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тизимини жорий қилиш юзасидан амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳамда унда бўлажак вазир соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиши ва унга эришиш йўлларини асослаб бериши тартибини белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Жамоатчилик муҳокамаси тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва партиянинг барча бўғинлари ҳамда маҳаллий депутатлик гуруҳлари муҳокамасидан ўтказиш ҳам устувор вазифалари қаторида бўлади.
Жорий йилда назорат-таҳлил фаолиятини тиббиёт ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни назорат қилишга эътибор бериш режалаштирилмоқда. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт соҳасида янги ташкил этилаётган хусусий клиникалар фаолиятини ўрганиш, ҳудудларни ривожлантиришга жалб этилаётган инвестициялар ва болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолати, фармацевтика йўналишидаги янгиланишлар, олий таълим муассаларида тузиладиган Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг устидан депутатлик назоратини ўрнатиш вазифалари белгилаб олинган.
— 2018 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, хусусан, болалар стоматологик касалликлар профилактикаси юзасидан бир қатор ишлар олиб борилди, — дейди партия фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Бугунги кунда болалар стоматологияси соҳасида кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар тўпланиб қолган. Мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар касаллиги ўз вақтида даволанмаслиги нохуш оқибатларга олиб келишини назарда тутсак, масаланинг долзарблигини англаш қийин эмас.
Айтиш лозимки, ўтган даврда вилоят ва туман махсус стоматологик поликлиникалар фаолияти тўхтатилиб, болалар стоматологлари штат бирлиги қисқартирилган, натижада 18 ёшгача бўлган кўплаб болаларда кариес тарқалиши ва унинг салбий асоратлари кузатилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент давлат стоматология институти билан ҳамкорликда ҳудудларда ўрганишлар олиб борди. Мазкур жараёнларда умумтаълим мактабларида стоматология хонаси йўқлиги, болаларга биринчи ёрдам кўрсатувчи керакли дори воситаларининг етарли эмаслиги, кариес билан оғриган болалар тиббий муолажа қилинмагани маълум бўлди.
Таҳлил ва хулосаларга таяниб, болалар ва ўсмирларда стоматологик касалликлар профилактикасини яхшилашга қаратилган асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, стоматологик поликлиникалар, ҚВПлар ва умумтаълим мактабларида стоматология кабинетлари фаолиятига доир қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси фракция аъзолари томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, бошқарув идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳаллий ҳо...
01 янв 1970
Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради....
01 янв 1970
Самарқанд вилоят партия кенгаши сайлов штабига ҳар куни ўнлаб кишилар ташриф буюришади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда партиялараро сиёсий рақобат муҳитида, демократик тамойиллар асосида кечаётган сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда....