Шахмат майдончасида машғулотлар қизиқарли ўтмоқда

/
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ҳаяжонлар, умидбахш дамлар дунёси. Шахматда спорт ва санъат, баҳс ва ижодкорлик, пўлат ирода ва чуқур фикр-мулоҳаза ўзининг мужассам ифодасини топган. Ушбу спорт ўйини жажжи болажонларнинг ҳам севимли машғулоти, дам олиш соатларини мароқли ва кўнгилли ўтказиш омили.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасаларида шахмат майдончалари барпо этиш борасида Қашқадарё вилоятидаги сафдошларимиз ҳам бирмунча ишларни амалга оширдилар. Партиянинг таълим муассасалари билан ҳамкорлигини янада яхшилаш учун ҳомийларни жалб этган ҳолда шаҳар ва туманлардаги бир қатор боғчалар, Меҳрибонлик уйлари, соғлиғида нуқсони бўлган болалар учун махсус мактаб-интернати ҳудудида ҳажми 3х3 бўлган шахмат майдончалари ташкил этилди. Дастлаб барча шаҳар ва туманларда биттадан мактабгача таълим муассасаларида шахмат майдончалари ҳар томонлама зарур жиҳозлар билан таъминланиб, фаолияти йўлга қўйилди.
Қарши шаҳридаги 17-, 49-, 25-сонли МТМларда ташкил этилган шахмат майдончалари бугун мурғак болажонларнинг севимли масканига айланган. Ушбу боғчаларга вилоят партия кенгаши ходимлари ва бошқа фаоллар тез-тез ташриф буюриб, шахмат майдончасида машғулотлар қизиқарли ўтишини таъминлашга эътибор қаратишмоқда.
Муҳими, мазкур йўналишдаги ишлар намунали тарзда олиб борилиши вилоят партия кенгаши томонидан доимий назоратга олинган. Мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилган шахмат майдончалари ҳамиша кичкинтойлар билан гавжум бўлмоқда.
— Шахмат мунтазам шуғулланишни тақозо этадиган машғулот, — дейди Қарши шаҳридаги 17-мактабгача таълим муассасаси мудири Шаҳноза Зайниева. — Бу спорт ўйини болаларга боғча ёшидан ўргатиб борилса, уларнинг тафаккури шаклланишига ёрдам беради.
Мактабгача таълим муассасалари ходимларининг таъкидлашича, шахмат билан шуғулланиш болажонларда ҳар қачон ақл билан иш тутишнинг илк кўникмаларини пайдо қилади, уларни масъулиятли бўлишга ундайди.
Комил САХАТОВ,
Қашқадарё вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманганлик сафдошларимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад-вазифаларини амалга оширишда қатор нодавлвт нотижорат ташкилотлар...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси л...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда давом этаётган ислоҳотлар биз, халқ вакилларининг зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқд...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти ...