Сайлов қонунчилиги такомиллашмоқда

/
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида уюштирилган тадбирда депутатлар, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, ҳуқуқшунослар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу лойиҳада сайловларга доир амалдаги бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларни унификациялаш кўзда тутилганлиги тадбирда қайд этилди.
Мамлакатимизда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилашга, сайлов кампанияси даврида депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Аммо бу борада яна ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқур таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳаси мисолида буни яққол кўришимиз мумкин.
Ҳуқуқшунослар ва партия фаолларидан Абдураҳмат Кенгбоев, Норсафар Норматов, Абдулазиз Абдиев, “Маҳаллот” МФЙ раиси, бошланғич партия ташкилоти етакчиси Маматқул Пўлатов ва бошқалар Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини баён этишди.
Сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш учун сайлов жараёнларини либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил ифодалаши учун инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, айниқса, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда сайлов тизимида электрон ҳисоб-китобни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги маърузачилар ва музокарада иштирок этганлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Тадбирда ўртага ташланган таклифлар юзасидан фикр алмашилди ҳамда сайлов тизимидаги янгиликларни фуқаролар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Рўйиддин РАУПОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилояти кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1-мактабгача таълим муассасаси Чортоқ туманида тизимдаги йирик таълим маскани ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Булунғур туманидаги “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи олий маълумотли ёш педагог Нилуфар Қўнарова ташкилотма-ташкилот қатнаб узоқ вақт иш ...
01 янв 1970
Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди....
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда....