“Қалбимга қувват, дардимга дармон бўлган “адолатчи”ларга раҳмат!”

/
ДЕЙДИ ПАСТДАРҒОМЛИК МАВЛУДА ЖАББОРОВА
Инсон қадр-қимматини ўрнига қўйиш учун айтилган бир оғиз сўз ёки унинг мушкулини енгиллаштириб, дардига дармон бўладиган эзгу саъй-амаллар киши қалбини офтобдек ёритиб, унинг ҳаётга бўлган умид ва ишончини тоғдек мустаҳкамлар экан.
Пастдарғомлик 66 ёшли меҳнат фахрийси, узоқ йиллар халқ таълими соҳасида самарали фаолият кўрсатган муаллим Мавлуда Жабборова яхши ниятларнинг жавобу амаллари борлигини англаб, шукроналик билан яшаётган камтарин инсонлардан.
Мавлуда опа тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотиб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганида ҳам умидсизликка тушиб, ғам-андуҳ чекмади. Доимо оила аъзоларининг, қўни-қўшниларнинг, шогирдларининг ғамхўрлигини ҳис этиб келди. Улар заҳматкаш устоз, суюкли она ва меҳридарё инсоннинг дардини енгиллаштириш, даволатиш учун қўлдан келган ҳамма ёрдамларини кўрсатдилар. Бири сувини ташиб берди, бири уйини иситди, бошқа бири дард хуруж қилганида шифохонага, дорихонага югурди.
Лекин икки йил муқаддам унинг юриши қийинлашиб, ногиронлик аравачасига зарурат пайдо бўлиб қолди. Қўлтиқтаёқда юриш анчайин оғир, аравачада эса ҳовлини кезаман, боғларни томоша қиламан, кўчага чиқаман, деган ниятда бемор истагини бажо келтирадиган кишиларни излашга тушди.
М.Жабборованинг айни шу масалада ёрдам сўраб Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасига, Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қилган мурожаатлари икки йил давомида ўз ечимини топмай, муаммога дахлдор идоранинг “Сиз ногиронлиги бўлган ва бизга хат юборган кишилар рўйхатида фалон ўринга киритилгансиз” деган мазмундаги жавоблари билан кифояланиб келинаётган эди.
Бу ҳолатдан келиб чиқиб, М.Жабборова ногиронлик аравачаси таъминотига доир амалдаги қоидалар, ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш хусусидаги фикр ва таклифлар акс этган мақола ёзди. Мазкур мақола “Адолат” газетасининг жорий йил апрель ойидаги сонида “Ногиронлар эҳтиёжи эътиборга олинса...” сарлавҳаси остида чоп этилди.
Шундан сўнг бир кўнгилни обод этиш истагида вилоятдаги сафдошларимиз амалий чоралар кўришди, Мавлуда Жабборовага кўмаклашиш мақсадида депутатлик назорати ишга солинди. Хусусан, депутатлик гуруҳи раҳбари Юлдуз Жуманазарованинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти номига киритган депутатлик сўровидан сўнг орадан 10 кун ўтмай муаммо ижобий ҳал этилди.
“Имом ота” маҳалласига партия фаоллари билан биргаликда борганимизда мактаб фахрийси бўлган Мавлуда опани миннатдор қиёфада учратиб, очиғи, ўзимиз ҳам хурсанд бўлиб кетдик. Мавлуда опа мушкули осон бўлганидан беҳад мамнунлигини, “Адолат” СДПнинг вилоят кенгаши ва “Адолат” газетаси таҳририятининг ҳамкорликдаги ёрдами учун чуқур ташаккурини билдирди. “Адолат”чиларга раҳмат, шундай партия доим бор бўлсин”, дейди у.
Шу ерда ҳозир бўлган МФЙ раиси ўиёс Турсунов маҳаллада Мавлуда Жабборованинг хонадони каби оилаларнинг турмуш шароитлари, муаммоларини енгиллаштиришда маҳалладошларнинг ўзаро меҳр-оқибати, амалий ёрдамлари хусусида тўлқинланиб гапирди. Бундай фазилатларнинг, оилани қўллаб-қувватлашнинг амалий исботи сифатида Мавлуда опанинг шинам, саранжом-саришта ҳовлисию рўзғорини таърифлашни лозим топдик. Ҳовлидаги томорқада картошка, сабзавот экинлари баравж ўсмоқда. Экилмай қолган бирор қарич бўш ер йўқ. “Бу ҳаммаси қўшниларимнинг ёрдами билан, —дейди Мавлуда Жабборова. — Дунёда яхши инсонлар бор экан, мен ҳеч қачон ёлғизланиб қолмайман”.
Ҳа, ҳаёт эзгуликлар ва меҳру оқибат билан гўзал. Мавлуда Жабборованинг кўнгил дафтарига битилган миннатдорлик сўзларини такрорлар эканмиз, инсон қалбини, шуурини, турмушини рўшно этадиган эзгу савобу амаллардан асло чарчаманг яхшилар, деймиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари электорат ишончини оқлашга астойдил интилмоқда. ...
01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...