Фахрийлар эъзоз ва ардоғимизда

/
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда. Халқимизга хос бу каби меҳр-мурувват ва эзгулик хислатлари Хотира ва Қадрлаш куни байрами тантаналарида яна бир бор намоён бўлмоқда. Жойларда бугунги нурафшон, тинч ва осуда кунларимиз сабабчилари бўлмиш Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари, тинчлигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қилишда ўз хизмат бурчини адо этаётганда қурбон бўлган юртдошларимизни ёд этиш, фахрийлар ҳолидан хабар олиш каби бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари Чилонзор туманида истиқомат қилаётган фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонида улар билан дилдан суҳбатлашиб, байрам билан табриклашди.
Дориламон кунлар шукронасида, невара-эваралари ардоғида яшаётган Мағфират ая Багапова 92 ёшда.
— Тинчлик — бу энг буюк неъмат, ўша машъум уруш йилларида бу кунлар биз учун армон эди. Уруш даврида нафақат жанггоҳларда, балки фронт таъминоти учун оғир меҳнатда қанчадан-қанча тенгдошларимиз, фарзандларимиз ва кексаларимиз қурбон бўлишди. Шу кунларга етказганига шукр. Менинг шу ёшга киришимга, бугунгидек тетик ва хушнуд бўлишим юртимиздаги тинчлик, биз кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор туфайли, — дейди Мағфират ая.
Хонадонлардаги суҳбатлар давомида фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар. Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кексаларимиз юз-кўзидаги хотиржамлик ва шукроналикни кўриб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик инсонпарварликка асосланганини янада чуқурроқ ҳис қилдик.
Самимий руҳда ўтган ҳар бир суҳбатда фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги, халқ фаровонлиги, турмушимиз осойишталигини таъминлашда кўрсатган заҳматли меҳнатлари бугунги баркамол авлоднинг улғайишида улкан ҳисса эканлиги таъкидланди.
— Сиз каби меҳнат фахрийларининг чинакам матонати ва фидокорона меҳнатлари туфайли халқимиз бугун тинч, фаровон, осуда ҳаёт кечирмоқда. Сизларнинг босиб ўтган ҳаёт йўлингиз ва ўгитларингиз ёшларимиз учун юксак намуна, ибрат мактабидир, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров “2-Чарх Камолон” маҳалласида истиқомат қилувчи Анна Болодерова билан бўлган суҳбатда.
— Уруш балоси инсоният бошига ҳеч қачон қайтмасин. Тинч ва осуда кунларда ёшларимиз бахтли ҳаёт кечиришсин. Мен доим фарзандларим ва невараларимга тинчлик, оиланинг қадрига етишни, юртимиз бундан ҳам чирой очиши учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, юрт равнақига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлайман. Биз, кексаларга кўрсатилаётган бундай меҳр ва эътибордан мамнунмиз, — дейди Анна Болодерова.
Дарҳақиқат, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, мамлакатимизнинг янада юксалиши ва ёшларимизнинг бахтли яшаши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Айниқса, бу йўлда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган нуронийларимизнинг маслаҳат ва дуоларини олган ҳолда иш олиб бориш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш инсоний бурчимиз саналади.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ижтимоий ҳимоя, адолат тамойилларини жамиятда қарор топтириш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар сир...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғили...
01 янв 1970
“Адолат” социал-демократик партиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган 4 декабрга тайёргарлик ишлари қизғин па...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида дастурий вазифаларимизнинг халқчил аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлмоқда....