Бошқарувдаги ҳисобдорлик ва жамоатчилик сўзи аҳоли манфаатларига мос қарорлар қабул қилинишини таъминлайди

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуманларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги парламент палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши VIII Пленуми қарори билан тасдиқланган дастурнинг ҳудудлардаги ижроси қай даражада таъминланаётганлиги атрофлича муҳокама этилди.
САМАРҚАНД. Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида партия депутатлари ва фаоллар, БПТлари раислари, вилоят адлия бошқармаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Анжуманда мамлакат тараққиётининг бугунги босқичида вилоят партия кенгаши олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар халқнинг ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётий манфаатларига бевосита дахлдор бўлганлиги боис жамоатчиликнинг, депутатларнинг ҳамда сиёсий партияларнинг мазкур жараёнларда аниқ таклиф, ташаббуслар билан иштирок этишини тақозо қилмоқда.
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев халқнинг ижодкорлиги, ташаббускорлиги, масъулияти ва шижоатини кўра билиш, қадрлаш ва ишга солиш ислоҳотларнинг асл моҳиятига айланиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада сиёсий партиялар ҳамда уларнинг ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлари зиммасига ҳам вазифалар юклаган эди. Президентимизнинг 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида сиёсий фаолиятга билдирилган танқидий муносабат ҳам жиддий хулосалар чиқаришга ундагани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш баробарида сиёсий фаолиятни тубдан такомиллаштириш, халқ билан, жамоатчилик билан ҳамкорликдан кўпроқ амалий натижалар излашга “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида эътибор қаратилганлиги бежиз эмас.
— Вилоят партия кенгаши давлатимиз раҳбарининг маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида 9 бўлимдан иборат календарь-режасини ишлаб чиққан, — деди пленумда вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Муҳиба Бобобекова. — Уни амалиётга татбиқ этиш учун қуйи партия ташкилотлари, депутатлик корпуслари, нодавлат жамоатчилик институтлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда самарали иш олиб борилмоқда. Партия лойиҳалари асосида 8 та ижтимоий муаммо чуқур ўрганилиб, натижалар таҳлил этилди, зарур хулосалар чиқарилди. Хусусан, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими, айниқса, тез тиббий ёрдам, патронаж, оилавий поликлиникалар ва ҚВПлар хизматини тубдан яхшилаш, уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ўрганишлар айни шу йўналишлардаги ишлар ҳолатини сезиларли равишда яхшилашга туртки берди. Партиянинг депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Пастдарғом туманлари, Самарқанд шаҳар ва вилоят кенгашлари сессияларида муҳокама этилган 7 та масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилингани ҳам ижобий натижа, албатта. Шунингдек, ўрганишлар жараёнидаги таклифларнинг 15 таси маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссияларида муҳокама этилиб, 21 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилганлиги депутатлик назоратининг самарадорлигидан далолат беради.
Бироқ халқ билан мулоқот асосида ижтимоий турмушни барқарорлаштириш, давлат идораларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, жамоатчилик назорати бошқарувнинг барча бўғинларида амал қилишига эришишда вилоят партия кенгаши ва депутатлик корпуслари ўз ваколатларидан етарлича фойдаланаяптилар, деб бўлмайди. Халқ депутатлари Нарпай, Пахтачи, Иштихон, Оқдарё туманлари ва Каттақўрғон шаҳар кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ва мазкур ҳудудлардаги партия кенгашлари янгича талаблар асосида ўз фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштириб ололмаётганликлари ва кўпгина ижтимоий муаммолардан четда қолиб келаётганликлари афсусланарлидир.
Вилоятда уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик тартибида ўрганишда вилоят партия кенгаши фаоллари талаб даражасида иштирок этолмаётганлиги кўзга ташланади. Хусусан, Самарқанд, Нарпай, Пахтачи, Ургут туманларида ишчи гуруҳлари ўтказган ўрганишларда уларнинг иштирок этишмаётгани маҳаллалардаги ёшларнинг ижтимоий аҳволидан бехабар қолишига олиб келмоқда.
Ҳудудларга тегишли ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан қабул қилинажак қарорлардан жамоатчиликнинг хабардорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан партия кенгаши ва депутатларнинг ОАВ билан мунтазам ҳамкорлигига боғлиқ. Аммо партиянинг Каттақўрғон, Самарқанд, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ, Оқдарё туманлари кенгашлари ва уларнинг депутатлик гуруҳлари бу имкониятдан етарлича фойдаланишмаяпти.
Пленумда билдирилган талаб ва таклифлар юзасидан музокаралар қизғин, танқидий руҳда ўтганлиги эътиборга молик. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатларидан Алишер Муқимов, Эркин Эсиргадиев, Абдуҳалим Мелиев ва бошқалар вилоятдаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг мустаҳкам алоқада ишлашини таъминлаш, ваколатлардан унумли фойдаланиб, электоратнинг ҳаётий эҳтиёжларини ҳал этиш борасида ўз таклифларини билдиришди.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
НАМАНГАН. Вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленумида маҳаллий Кенгаш депутатлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раҳбарлари, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” фаоллари, фахрийлар иштирок этишди.
Аввало шуни айтиш керакки, вилоят партия кенгаши раҳбарияти ва аъзолари пленумга тайёргарлик кўриш жараёнида партия Сиёсий Кенгаши VIII Пленуми қарори билан тасдиқланган дастурнинг ҳудудлардаги ижроси бўйича ҳақиқий аҳволни батафсил ва ҳаққоний таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратишди. Анжуманда фаолиятимизда мавжуд камчиликларни рўй-рост кўрсатиш, айни пайтда уларни бартараф этиш йўлларини белгилаб олиш диққат марказида бўлди. Мажлис бошланишидаёқ қатнашчиларнинг музокараларда фаоллик кўрсатиши, ўринли таклифлар айтиши, нуқсонлар ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳақида кўпроқ фикр билдириши айни муддао эканлиги алоҳида таъкидланди.
Таъкидланганидек, партия Сиёсий Кенгашининг шу йил 14 августда ўтказилган VIII Пленумида тасдиқланган дастур ижроси юзасидан ўтган вақт ичида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, “Партиянинг ғоявий ва мафкуравий дастурларини такомиллаштириш” бўйича вилоятдаги бир қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Улар орасида соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари, оммавий ахборот воситаларининг таҳририятлари бор. Ушбу меморандумларни амалиётга самарали татбиқ этишга кўплаб сафдошларимиз ҳисса қўшишга интилмоқда. Ўз-ўзини танқид руҳида ўтказилган пленумда партиявий ишларда мавжуд нуқсонлар аниқ таҳлил этилди ва улар юзасидан таклифлар билдирилди.
— Хусусан, партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида умумий тиббий хизмат ҳолати ўрганилди, — деди вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Тайёрланган материаллар асосида халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг август ойида бўлиб ўтган сессияси кун тартибига масала киритилди. Қабул қилинган қарорда синфларда ўқувчилар сонини мақбуллаштириш, уларнинг санитария-гигиена талабларига мослигини таъминлаш, мажбурий дори-дармонлар ва ичимлик суви етказиб беришни яхшилаш юзасидан қатор чоралар белгиланди.
Мазкур масала шаҳар ва туманларда ўрганилганда вилоят партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари деярли барча туманларда бўлишди. Унинг ишида жойлардаги фаоллар ва депутатлар ҳам иштирок этдилар. Таҳлиллардан келиб чиқиб, мақсад — юқоридаги масалани халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг сессиялари кун тартибига киритиш эди. Афсуски, фаолларимизнинг сусткашлиги туфайли бу режа қоғозда қолиб кетди.
“Адолат — қонун устуворлигида” партия лойиҳаси бўйича ҳам масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳакамасига киритилиши мўлжалланган эди. Ўз вақтида мониторинг олиб борилди, назорат ишлари бошланди. Бироқ бу борада ҳам ишлар охирига етказилмай қолди.
Ёки аҳоли билан мулоқот олиб бориш, самарали тарғибот-ташвиқотни йўлга қўйиш, бунинг учун ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш масаласини олайлик. Бу борада Учқўрғон, Мингбулоқ, Чуст туманлари партия ташкилотлари, депутатлар олиб бораётган ишлар талаб даражасида эмас. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи ишини янада жонлантириш талаб этилади. Яқинда партия ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари аппаратлари ходимлари, депутатлар махсус курсларда ўқитишга жалб этилди. Аммо бу жараёнда ҳам Уйчи, Наманган, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон туманларидаги сафдошларимиз фаоллиги талаб даражасида эмас.
Мажлисда шаҳар ва туманлар партия ташкилотларининг, шунингдек, БПТ ва депутатларнинг фаолияти атрофлича таҳлил этилди. Кадрлар билан ишлаш, айниқса, келгуси сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, аъзолар сафини кенгайтириш каби масалалар тўғрисида ҳам фикр юритилди. Пленумда қабул қилинган қарорда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ҳудудда партия дастури ижросини тўла равишда таъминлаш юзасидан аниқ ва пухта чора-тадбирлар белгиланди.
ХОРАЗМ вилояти партия кенгашининг навбатдаги пленумида ҳам мазкур масала иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
— Сўнгги беш ой давомида вилоятда жами 190 дан ортиқ маҳаллаларда ўтказилган мулоқотлар чоғида 400 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, — деди вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Ҳамдам Оллоберганов. — Ушбу мурожаатларнинг 66 таси мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш орқали, 121 таси эса ўз жойида ҳал қилинди, бир неча фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, қолган мурожаатлар бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Фаол, сиёсий билим ва маҳоратга эга сафдошларимиз, айниқса, хотин-қизлар ҳамда ёш кадрлар орасидан масъул лавозимларга “Истиқболли кадрлар захираси” яратилди. Партиямизнинг бир қатор лойиҳалари доирасида депутатларимиз ташаббуси билан 9 та масала халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига киритилди, олиб борилган ўрганишлар таҳлили асосида яна 4 та масала маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссияларига тақдим этилди.
— Давлатимиз раҳбарининг парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган танқидий фикрларидан сўнг депутатлар фаолиятида сезиларли даражада силжишлар бўлди, — дейди халқ депутататлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Матяқубов. — Партия депутатлари ўз сайловчилари олдидаги бурчини сидқидилдан адо этишга астойдил интилмоқда. Яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига “Давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари” юзасидан масала киритилиб, сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди ва назорат ишлари бошлаб юборилди. Шу билан бирга, ўз ваколатларидан унумли фойдалана олмаётган депутатлар ҳам йўқ эмас. Ташаббускорлик руҳида ишламаган депутат, айниқса, ўз сайлов округида партияга бўлган ишончни сусайтириши ҳам бор гап.
Йиғилиш давомида вилоятдаги партия ташкилотлари фаолиятига танқидий-таҳлилий баҳо берилди. Жумладан, халқ депутатлари Гурлан, Қўшкўпир, Ҳазорасп туман Кенгашлари сессияларига масала киритишда ўтган даврда партия депутатлари бирор ташаббус кўрсатмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Мазкур туманларда партия кенгашлари фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш талаб даражасида эмас.
Халқ билан мулоқот кенг йўлга қўйилган ҳозирги кунда қуруқ ваъда, баландпарвоз гаплар билан одамларни ишонтириб бўлмайди, партия электоратини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш, амалий ишлар билан сайловчилар эътиборини қозониш лозим.
Мажлисда жойларда қонун лойиҳалари муҳокамасини самарали ташкил этиб бориш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини жонлантириш, киритилган депутатлик сўровлари юзасидан назоратни бўшаштирмаслик, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, сафдошларимиз фаоллигини оширишга доир вазифалар хусусида фикрлашиб олинди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбирлари,
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғили...
01 янв 1970
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган "Адолатли қайнона" кўрик-танлови тобора кенг оммалашиб бормоқда...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти ...