Ораста бўлаётган обод манзиллар

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бошланган тадбирлар кўпчилик юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотмоқда. Шу маънода, партиянинг ҳудудий кенгашлари ташкилотчилигида ўтказилаётган кўнгиллилар ҳашарида аҳолининг турли қатламлари иштирок этганлиги эътиборга молик.
АНДИЖОН. Булоқбоши туманида ташкил этилган кўнгиллилар ҳашарида ҳудуд аҳолисининг Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини қўллаб-қувватлаётгани яққол ўз аксини топди.
“Адолат”чиларнинг ушбу ташаббусига маҳаллаларнинг фаоллари ҳам қўшилдилар. Ҳашар тадбирлари давомида кўча ва маҳалла гузарларининг атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилди.
Айниқса, “Тошкечик”, “Учкўча” ва “Юксалиш” маҳаллалари ҳудудлари, шунингдек, туман марказидаги “Мирзакалон Исмоилий” кўчаси ва унинг ён-атрофлари ўзгача чирой очди. Дарахтларга шакл берилди, хазон ва хас-хашаклардан тозаланди. Чиқиндилар туман “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ҳудудга ташиб чиқарилди.
— “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасидан кўзланган мақсад, ўтказилаётган ҳашарлар кўпчиликда хайрихоҳлик уйғотмоқда, — дейди “Булоқбоши” газетаси муҳаррири, партиядошимиз Абдимаҳмуд Ғозиев. — Биз андижонликлар учун аслида ободонлаштириш ва яратувчилик доимий ишга айланган. Гўзалликни севувчи юртдошларимиз янги лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашмоқда, натижада энг чекка ҳудудлар ҳам обод бўлмоқда. Бу ҳаракатлар, албатта, аҳоли саломатлигининг мустаҳкамланиши ва юртимизнинг янада чирой очишига хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ёшлар иштирокида ташкил этилган суҳбатлар уларни Ватан ободлигига муносиб ҳисса қўшишга ундаяпти. Бу каби тадбирлар, айниқса, ёшларнинг она табиатни асраб-авайлаш ва табиатга эхтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини янада мустаҳкамлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Қорақалпоғистон Республикасидаги шаҳар ва туманларда ўтказилган кўнгиллилар ҳашарига Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва фахрийлар бош-қош бўлишди, жойлардаги БПТлар, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари билан биргаликда маҳаллалар аҳли тадбирда фаол қатнашди.
Ҳақиқатан ҳам халқимизнинг кўп асрлик анъаналаридан саналган ҳашар юртимизнинг янада чирой очиши, ёш авлоднинг соғлом ўсиши, уларнинг онг-шуурига эзгу қадриятларимизни сингдиришда ҳаётий ўрин тутади.
Партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси мана шундай эзгу анъаналаримизнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Нукус шаҳар партия кенгаши ташкилотчилигида олиб борилган ободонлаштириш ишлари натижасида “А.Темур” ва “У.Татибаев” кўчаларининг ён-атрофлари янада кўркам қиёфа касб этди.
Чимбой туманида партиядошларимиз томонидан ташкил этилган ҳашарда “Қоракўл” ва “Гужимли” маҳаллаларида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилоти аъзолари, маҳаллалар аҳли ва ёшлар “Ҳашар—элга ярашар” деган нақлнинг ҳаётий мазмунини яна бир бор амалда намоён этишди. Элликқалъа туманидаги Бўстон шаҳри “Бўстон” маҳалласи ҳудудида ҳам кўнгиллилар ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилди.
— “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ҳашарда иштирок этиб, ўз маҳалламнинг янада кўркам бўлишига улуш қўшганимдан хурсанд бўлдим. Партия фаоллари ушбу ташаббус билан биз, ёшларни ана шундай кўнгил ободлиги, қалб гўзаллигига, эзгу анъаналаримизни қадрлашга ундашди, — дейди “Бўстон” академик лицейи 3-босқич ўқувчиси Дилдора Йўлдошева.
Қўнғирот темир йўл санатория-профилакторияси ва тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган партиядошларимиз ўзлари меҳнат қилаётган бино атрофи ва кўча бўйларини тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатишди.
Айтиш жоизки, мазкур ҳашар давомида Қорақалпоғистондаги 20 километрдан ортиқ йўллар атрофи ободонлаштирилди.
Албатта, инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун бошқа омиллар қаторида экологик таълим ва тарбия ҳам ўз ўрнига эга. Партиямиз аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлод онгида табиатга бўлган меҳр ва атроф-муҳит озодалигини асрашга эътибор қаратиб, бир қатор лойиҳаларни рўёбга чиқараётганлиги замирида ана шундай эзгу мақсадлар мужассам.
СИРДАРЁ. Юртимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурларда фаол иштирок этиши таъкидланган.
Гулистон шаҳар партия ташкилоти ташаббуси билан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўнгиллилар ҳашари партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ҳашар давомида шаҳарнинг “А.Навоий” кўчаси ён-атрофлари тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, йўл бўйлари ободонлаштирилди.
Вилоятдаги шаҳар ва туманларда кўнгилли иштирокчиларни кенг жалб этган ҳолда ҳашарлар уюштириш, фуқароларнинг тиббий, экологик маданиятини юксалтириш, тозалаш-ободонлаштириш ишлари, соҳа фидойиларининг меҳнатини ва яратилган шароитларни қадрлаш ҳиссини ошириб, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари орқали бу борада жамоатчилик фикрини шакллантириш партия фаолларининг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
НАМАНГАН. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосидаги эзгу тадбирлар Наманган вилоятида ҳам бошлаб юборилди. Хусусан, Наманган туманидаги сафдошлар бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ёшлар иттифоқининг туман бўлимлари билан ҳамкорлик ўрнатди ва бунинг самараси дарҳол кўзга ташланди. Туман маркази ва қишлоқлардаги кўчалар, гузарлар тобора ободонлашиб бормоқда, илгари у ер-бу ерда бир-бир кўзга ташланиб турадиган ахлат уюмлари ҳам камаймоқда.
Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари туман партия кенгаши фаоллари ташаббуси билан “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг турли қатламлари вакиллари, шу жумладан, ёшлар иштирокида кўнгиллилар ҳашари ўтказилиб, гузар ва кўчалар озода, саранжом-саришта ҳолатга келтирилди. Катта ва кичик ариқлар бўйлари тозаланди, уларнинг ўзанлари ҳам чуқурлаштирилиб, сув равон оқадиган қилиб қўйилди. Йиғиштирилган чиқиндилар “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ажратган махсус авторанспорт воситаларида белгиланган жойларга чиқариб ташланди.
— Маҳалламиз фаоллари “адолат”чилар бошлаган ташаббусга якдиллик билан қўшилдилар, — дейди “Урганжи” МФЙ котиби, “Адолат” СДП фаоли Ҳуснида Қўчқорова. — Чунки озодалик ва тозалик саломатлик гарови эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўз ҳудудимизни ободонлаштирсак, ахлат ва чиқиндилар тўпланиб қолишига йўл қўймасак, табиатга ва инсонга фойдали иш бўлади. Яқин атрофдаги қўшни маҳаллалар аҳли ҳам биз билан шу хусусда фикрлашгач, бундай хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда амалий ишга киришди. Бу каби ибратли тадбирлар одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради ва жамиятда аҳиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Тадбир давомида маҳалладаги уч юздан ортиқ хонадон, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси, гузардаги хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ҳудудлари ҳам тозаланди.
Биз маҳалла ва партия фаоллари билан хонадонларда бўлдик. Улардаги саранжом-саришталик, тартиб ва озодалик кишининг ҳавасини келтиради. 1-“Мустақиллик” кўчасидаги Тожихон Бекмирзаева, Абдулҳафиз Бўрибоев, Ҳошимжон Хушназаров каби фуқаролар бош бўлган оилаларнинг аъзолари тозалик масаласига катта эътибор қаратишлари маълум бўлди. МФЙнинг навбатдаги йиғилишларидан бирида бу борада тўпланган тажрибани оммалаштиришга, “Энг обод кўча”, “Энг намунали хонадон” каби кўрик-танловлар ўтказишга келишиб олинди.
Наманган туман партия кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматованинг айтишича, “Урганжи”да бошланган ишлар бошқа маҳаллаларга ҳам кенг ёйилмоқда. Бунда партия фаолларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Улар бевосита жойларда бўлиб, тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида кўтарилган масалалар ва партия лойиҳалари асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилмоқда.
Муҳаммадбашир КОВЛАНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Булоқбоши туман кенгаши раиси,
Айшолпан ЎРАЗИМБЕТОВА, Шуҳрат ҲАСАНОВ, Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Наманган вилоят кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.&...
01 янв 1970
“Адолат билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Она табиат гўзалликлари, ободлик йўлида қилинаётган эзгу ишлар юртимизнинг ҳар бир гўшасига чирой бағишлайди. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...