Ёшларни бирлаштирган беллашув

/
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудлардаги кенгашлари ташкилотчилигида ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда.
Беллашувлар жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад-вазифаларининг мазмун-моҳиятига ёшларнинг эътиборини кенг жалб қилишга алоҳида урғу берилмоқда.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Ўрта Чирчиқ туманидаги Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тадбирни туман партия кенгаши раиси Шаҳризод Ҳакимов кириш сўзи билан очиб берди ва танловнинг ёшлар сиёсий фаоллигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди.
Унда тумандаги Агро-саноат ва транспорт, Саноат ва сервис, Педагогика ва хизмат кўрсатиш, Ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежлари ҳамда 72-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг ўқувчилари иштирок этишди. Беллашувда фаол ўқувчилар сиёсий-ҳуқуқий билим ва маҳоратларини катта иштиёқ билан кўрсатишга ҳаракат қилишди. Уларнинг чиқишларини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Беллашувда 72-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Равшан Собиров ғолиб бўлди ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
— Партия томонидан ўтказилаётган кўрик-танлов биз, ёшларнинг сиёсий билимларимизни янада кенгайтириш, ўз устимизда ишлаш, тажриба ошириш, кўпроқ китоб мутолаа қилишда катта аҳамиятга эга, — дейди Р.Собиров. — Танлов жараёнида тенгдошларимнинг савол-жавоблар борасида тезкорлиги, топқирлиги ҳайъат аъзолари ва йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Албатта, бу каби тадбирлар ёшларни бирлаштиришда ва билимлар синовида ўта муҳим.
САМАРҚАНД. Беллашувлар жараёнида “Адолат билимдони” танлови ёшларнинг фикр ва дунёқараши кенгайишига ижобий таъсир қилаётганлиги яққол намоён бўлди. Буни танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишга муваффақ бўлган ғолиб, Иштихон педагогика коллежи ўқувчиси Фарида Салимованинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам ифодалаб турибди:
— Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқаришда “Адолат” социал-демократик партияси амалий ишлар қилмоқда. Партиямиз умумбашарий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда ўз ғоялари билан биз, ёшларнинг қалбимиз, онгимизда инсонийлик, адолат туйғусини кучайтирмоқда. Иштихон туман партия кенгаши томонидан “Адолат маликаси”, “Адолат билимдони”, “Адолат ўғлонлари” каби кўрик-танловлар, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остидаги спорт мусобақалари, ёшларни қизиқтирадиган турли мавзуларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинаётгани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Албатта, мамлакатимизнинг юксак тараққий этиши, унинг нуфузи янада ортишида янгича фикрлайдиган, демократик ислоҳотларда фаол иштирок эта оладиган баркамол авлод бўлиб улғаяётганимиз беқиёс аҳамиятга эгалигини бугунги кун ёшлари чуқур ҳис этади. Бу борада “Адолат” социал-демократик партияси ёшларни рағбатлантириб келаяпти, партия лойиҳаларининг аксарияти ёшларга бағишланганининг ўзи бунинг амалий ифодасидир. “Адолат билимдони” танлови ана шу жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир.
ХОРАЗМ. Партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган анъанавий “Адолат билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари юқори савияда ўтказилиб, вилоят босқичига ғолиблар сараланди.
Жумладан, Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган беллашув ҳам иштирокчиларнинг фаоллигида кечди.
Тумандаги еттита коллеждан иқтидорли ўқувчилар танловнинг учта, яъни таништирув, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлар, уй вазифаси шартлари бўйича билим ва қобилиятларини намоён қилишди.
Партия фаоллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман кенгаши, туман хотин-қизлар кўмитаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини холис баҳолаб боришди.
Якуний натижаларга кўра, Хонқа ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Насиба Матяқубова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Севара Юсупбоева, Хонқа хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Орзугул Шерова 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
— Албатта, барча иштирокчилар танловга пухта тайёргарлик кўришган, — дейди танловнинг туман босқичи ғолиби Насиба Матяқубова. — Беллашувда билим ва иқтидоримизни синовдан ўтказиш билан бирга дўстлар ҳам орттирдик. Қобилиятимизга бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланди, “Адолат” партиясининг дастурий ғояларига қизиқишим янада кучайди.
Барча ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
З.ЧЎЛПОНОВА, Л.САИДОВА, З.АБДУЛЛАЕВА,
Тошкент, Самарқанд, Хоразм вилоятлари кенгаши матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
 “Нурмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар сув қувурларининг носозлигидан шикоят қилишди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб ке...
01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.