Инсонни қадрлаш туйғуси оиладан бошланади

/
Очиқ эътироф этиш лозимки, партиявий фаолиятда амалий ёки тарғибот ишининг катта-кичиги бўлмайди. Ҳамма гап дилдаги гапни, ният-муддаони етказиш билан бирга уни амалда кўрсата олишда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг оилаларда ўзаро ишонч, самимиятга асосланган соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, меҳр-оқибатни, ҳалоллик, покизалик, саранжом-саришталик сингари инсоний фазилатларни тарғиб этишга доир саъй-ҳаракатлари бунга мисол бўла олади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда партия лойиҳалари доирасида қатор долзарб ижтимоий масалаларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиб, жамоатчиликнинг муаммога нисбатан эътиборини кучайтиришга интилаётган Каттақўрғон шаҳар партия кенгаши яна бир муҳим тадбир орқали электорат вакилларининг, кўпдан-кўп фуқароларнинг самимий олқиш-эътирофига сазовор бўлди. Шаҳар партия кенгаши томонидан шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамғармаси шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови маҳалла ва оилаларда олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг мазмун-мундарижасини янада бойитди.
Танловда шаҳардаги 32 та маҳаллада истиқомат қилувчи энг намунали оила вакиллари иштирок этиб, белгиланган шартларга кўра, ўзларининг маҳалладошларига ибрат қилиб кўрсатгулик хислатларини, билимдонлиги, ташаббускорлиги, миллий қадриятларни қай даражада пухта ўзлаштирганликлари, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини қандай идрок этишларини намойиш этдилар. Шу куни тадбирда иштирок этиш учун Абдулҳамид Мажидий номидаги Каттақўрғон драма театрига 400 дан зиёд томошабин тўпланди. Улар орасида эллик йилдан ортиқ биргаликда турмуш кечириб, жамият учун билимдон, ақлли, комил фарзандлар тарбиялаган, ҳозир ҳам маҳалланинг жамоатчилик ишларида астойдил қатнашаётган нуроний отахон, онахонлар борлиги танловга ўзгача файз ва мазмун бағишлади.
Театрнинг таниқли актёрлари танлов иштирокчилари билан саҳнада ёнма-ён туриб, уларнинг мақсад-муддаоларини томошабинларга бадиий тарзда тўлақонли етказишга кўмаклашдилар. Санъаткорлар оила ва миллий қадриятларимиз акс этган машҳур спектакллардан парчалар намойиш этишди. Танловнинг театрлаштирилган тарзда ўтказилиши, ҳар бир иштирокчининг фольклор ёки санъатнинг бирон туридан маҳоратини намоён қилиши томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, танловда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, барча иштирокчиларни жамият ҳаётидаги маънавий-тарбиявий ишларда янада фаол бўлишга, оммавий маданиятнинг зарарли таъсирига тушиб қолмаслиги учун ёшларни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга даъват этдилар.
Танлов айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштиргани билан кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди. Якуний натижаларга кўра, узоқ йиллар ФҲДЁ идораларида ибрат кўрсатиб ишлаган меҳнат фахрийси, икки ўғил, келинлар, бир қиз ва невараларнинг онаси Муаттар Тешаева барча шартларни аъло даражада уддалаб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. “Кунжипай” маҳалласидан Рухсора Оллоёрова, “Зарифобод” маҳалласидан Хосият Раҳмонова, “Миёнкол” маҳалласидан Адолат Назарова, “Ҳайдарчаман” маҳалласидан Мавжуда Иззатуллаева бир қатор номинациялари бўйича ғолиб бўлишди.
Танловнинг барча ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Республикамизнинг шаҳар ва туманларида беллашувлар якунланиб, айни кунларда “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Фарғона шаҳрида мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи қизиқарли тарзда ташкил этилди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, оилада яшовчи инсонларнинг аҳил, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб турмуш кечириши ён-атрофидагиларнинг ҳавасини келтиради. Албатта, оиладаги тотувлик хонадон аъзоларининг иш фаолиятига, ёшларнинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир қилади.
Маҳалла аҳли, ёшлар аҳил ва бахтиёр оилалардан ибрат олади, шу хонадон мисолида оила мустаҳкамлиги деган тушунча шаклланади. Оилалар мустаҳкамлиги жамият барқарорлигини таъминлашини назарда тутсак, ҳар бир хонадонда тинч-тотув ҳаёт, фаровонлик барқарор бўлишига эришиш нақадар муҳим эканини англаймиз. Демак, катта ёшдагилар, ота-оналар маърифатли, юксак инсоний фазилатларга эга бўлиши, улар нафақат оиласи, балки жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этиши зарур.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ташкил этилишида ана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг маънавий таянчлари ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, самимий муҳаббат, аҳиллик каби хислатларнинг шаклланишида, ўғил-қизларнинг комил инсон бўлиб вояга етишида катта ёшдагилар, қайноналар ибрат кўрсатишлари лозимлиги тадбирда алоҳида қайд этилди.
Танлов шартларига кўра баҳолаш жараёнида иштирокчиларининг ташаббускорлиги, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишлардан хабардорлиги, миллий қадриятларимиз ва бой миллий анъаналаримизни қай даражада ўзлаштирганлиги, дунёқараши, барчага ўрнак бўладиган ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, узоқ йиллар ўқувчиларга физика фанидан сабоқ берган, уч ўғил, келинлар, тўрт қиз ва ўндан зиёд неваралар онаси Ўлмасхон ая Мўминова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Данғара туманидаги умумтаълим мактабида ўттиз йилдан зиёд ёш авлодга таълим-тарбия берган меҳнат фахрийси, уч ўғил ва келинлар, невараларнинг онаси Ўктамой ая Шоназарова 2-ўрин, Қувасой шаҳар иштирокчиси, қишлоқ хўжалиги соҳасида ибрат кўрсатган меҳнат фахрийси, уч ўғил, келинлар, бир қиз ҳамда невараларнинг онаси Мунаввар Раҳматуллаева 3-ўринга сазовор бўлишди.
ўолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бир лойиҳа доирасидаги танлов, мулоқот, учрашув билан партия фаоллари одамларнинг дилидаги истак, муаммолар, оилалардаги турмуш тарзи, аёлнинг жамиятдаги ўрнидан янада чуқурроқ хабардор бўлди. Партиядошларимизнинг таъкидлашича, фаолиятга айни шу тариқа ёндашув электорат билан ижтимоий масалаларни биргаликда ҳал этиш имкониятини кучайтиради ҳамда оиланинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга, соғлом турмуш учун эзгу интилишларни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ, “Adolat” мухбири,
Комила ИСРОИЛОВА, Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватанимизнинг барча гўшалари каби Тўрақўрғон туманида ҳам Мустақилликнинг 27 йиллиги кўтаринки руҳда нишонланди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...