Белгиланган вазифа, берган ваъдаларимиз амалда бажарилсагина бизга ишонадилар

/
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмаларида батафсил ўрганилиб, шаҳар, туман партия ташкилотларининг пленумларида хулоса ва таклифлар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Айни кунларда партиянинг ҳудудий кенгашлари пленумларида давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаси асосида ишлаб чиқилган, ҳудудий партия ташкилотларининг 2017 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган чора-тадбирлар дастурлари муҳокама этилмоқда.
САМАРҚАНД.
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Унда вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Муҳиба Бобобекова анжуман иштирокчилари эътиборини Президентимиз маърузасида сиёсий партиялар фаолиятига нисбатан билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда партиянинг барча бўғинларида, депутатлик гуруҳларида ташкилий, сиёсий ишлар самарадорлигини ошириш, электорат манфаатларини янада қатъият билан қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш ва бу борада маҳаллий давлат бошқаруви идораларидан масъулият билан ишлашни талаб қилиш, партия фаолларининг ислоҳотлар жараёнидаги шахсий ташаббускорлигини оширишга қаратди.
Таъкидландики, партиянинг шаҳар ва туманлар кенгашлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ўз ваколатлари даражасидаги вазифаларни ҳал этишда етарлича қатъият, ташаббускорлик ва сиёсий ишчанлик хислатларини намоён эта олишмаяпти. Бу, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, йўлсозлик ва коммунал соҳалардаги ишлар аҳволини тубдан яхшилашга оид қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, депутатлик сўровларини амалга ошириш ва соҳа мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитишда аниқ, режали ишлар олиб борилмаётганида яққол сезилиб қолмоқда.
Хусусан, партия лойиҳалари доирасида вилоят шаҳар ва туманлардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида шу йилнинг май-июнь ойларида дастлабки тиббий хизматни шакллантириш, умумий тиббий хизмат аҳволини яхшилаш, барча умумтаълим мактабларини санитария-гигиена талабларидан келиб чиққан ҳолда тоза ичимлик суви билан таъминлаш сингари долзарб масалалар депутатлик гуруҳлари томонидан ўрганиб чиқилди. Бироқ ўрганишлар жараёнида аниқланган жиддий хато-камчиликлар атиги иккита туман миқёсида муҳокама этилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиясида тегишли қарор қабул қилинган, холос.
Демак, партия лойиҳасидаги аниқ вазифалар ижросини таъминлашда қолган туманлардаги депутатларда қатъият, изчиллик ва назорат етишмаяпти. Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари партия фаоллари ва депутатлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган бўлишига қарамасдан, маҳаллий ҳокимиятнинг тегишли вакиллик органларида муҳокама этилмай, зарур қарорлар қабул қилинмай қолмоқда.
Пленумда муҳокама этилган масала юзасидан Самарқанд шаҳар партия кенгаши раиси Элёр Улуғмуродов, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Юлдуз Жуманазарова, депутат Инобат Ҳасанова ва бошқалар ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикр-хулосалар асосида “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши иккинчи ярим йилликдаги фаолияти учун зарур бўлган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН.
Нукус шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари ва депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси партия кенгаши раиси Ерназар Кунназаров таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятига оид мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга видеоселектор йиғилишида сўзлаган нутқи “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши олдига ҳам масъулиятли вазифаларни қўймоқда.
— Президентимиз маърузасидан келиб чиқиб, партия Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик, — деди Е.Кунназаров. — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари эса ушбу вазирликлар ва бошқармага тегишли бўлган таълим муассасалари ва тиббиёт бирлашмалари фаолияти бўйича депутатлик назоратини ўрнатадилар.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларда партия Сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларнинг аксарияти ўз аксини топаётганлиги партия депутатлари сайловчилар олдида берган ваъдаларининг рўёбга чиқариши имкониятини оширмоқда.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам партия томонидан билдирилган бир қатор таклифлар ўрин олганлиги партия фаоллари ва депутатлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Президентимизнинг маърузасидан келиб чиқиб, пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгашининг чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Мазкур режада асосий эътибор ўтган давр мобайнида охирига етказилмаган вазифаларга ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилиб, аниқ вазифалар белгиланган.
— Биз электорат билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борар эканмиз, уларнинг тилак-истаклари, таклифларини Олий Мажлисдаги фракциямизга етказувчи кўприк вазифасини ўташимиз, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ҳисобга олиб, электоратимиз манфаатларидан келиб чиқиб, қонунчиликка доир ташаббуслар билан чиқишимиз зарур, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Барлиқбай Пренов. — Муҳими, пленум қарорини амалга оширишда ижро интизомига қатъий риоя қилиш хусусида ҳам келишиб олдик. Чунки ҳар бир сўз ва берилган ваъда, белгиланган вазифа амали билан тасдиқлансагина фуқаролар бизга ишонади.
ТОШКЕНТ ШАҲАР.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган ишлар ва галдаги чора-тадбирлар, электорат билан алоқаларни мустаҳкамлаш, Сайловолди дастурда белгиланган вазифаларни изчил адо этиш, кадрлар салоҳиятини янада ошириш каби масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги пленумида муҳокама этилди.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг маърузасида сиёсий партиялар фаолиятига танқидий баҳо берилганлиги шаҳар партия ташкилоти ҳам ўз иш услубига янгича ёндашиши зарурлигини яққол кўрсатганини таъкидлашди. Айни кунларда партиямизнинг шаҳардаги барча тузилмалари, хусусан, бошланғич партия ташкилотлари ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ўртасидаги алоқанинг узвийлигини таъминлаш, туман кенгашлари фаолиятини янада кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Одилжон Аманов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Тошпўлат Матибаев, Ойдин Абдуллаева ва бошқа фаолларнинг маърузаларида шаҳар партия кенгаши фаолиятининг жорий йил II чорак якунлари таҳлил қилинди. Партиявий ишларни бугунги кун талаблари даражасига кўтариш чоралари, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида шаҳар партия кенгаши олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар фаолиятида ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини, партия ғоялари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаётганини танқидий баҳолади, — деди Одилжон Аманов. — Биз халқчил ва ҳаётий дастурий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш орқали аҳолининг ишончига сазовор бўлишимиз зарур. Жумладан, шу мақсадда Тошкент шаҳар партия кенгаши зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди. Шунга кўра жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам беришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида партия фаоллари ва депутатлар ҳар ҳафтанинг чоршанба куни битта маҳаллага бориб, хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилишмоқда, аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда сиёсий ўқувлар ўтказилмоқда. Аҳолини дори-дармон билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммолар ечими юзасидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши доимий комиссия ва сессияларига масала киритиш, таълим тизимида ўқитишнинг давлат таълим стандартларига мослиги ҳолатини ўрганиш, ёш олимларни ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олий ўқув юртларида тадбирлар ташкил этиш, “Ёш нотиқлар”, “Адолат билимдони”, “Энг самарали инновацион лойиҳа” кўрик-танловларини ўтказиш белгиланди.
Танқидий руҳда ўтказилган пленум ишида шаҳар партия ташкилоти ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди. Хусусан, партиямизнинг бир қатор лойиҳаларини амалиётга йўналтиришда сусткашликка йўл қўйилаяпти. Туманларда партия кенгашларининг фаолиятини сиёсий кучга хос тарзда ташкил этиш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш, партия аъзоларининг фаоллигини кучайтиришда муаммолар борлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Пленумда тегишли қарорлар қабул қилинди.
АНДИЖОН.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида қайд этилганидек, вилоятдаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иш услубини тубдан ўзгартириш, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, фуқароларни ўйлантираётган долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш зарур. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасида ташаббускорликни ошириш партия олдида турган ҳаётий вазифадир.
Шунга қарамай партия депутатлари, фаоллари ва депутатлик гуруҳлари ўз ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга оширмаётгани ачинарли. Бу ҳол Андижон вилоят партия кенгаши, депутатлик гуруҳлари фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, вилоят учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмаган. Депутатлик гуруҳи аъзоларининг ушбу йўналишларда ташаббус билан чиқмаганлиги ўз фаолиятларига танқидий кўз билан қараш қанчалик зарурлигини кўрсатмоқда.
Айниқса, партия дастурий мақсадлари бўйича асослантирилган таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари фаолиятида қонунийликни тўлиқ таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда депутатлик гуруҳи томонидан долзарб масалаларни вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига киритишда сусткашликка йўл қўйилган.
Вилоятда ёшларга оид давлат сиёсатини тўлиқ ва самарали амалга ошириш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни жонлантириш лозим. Бироқ вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти бу масалани кўтариб чиқиш, партия фаолларининг эътиборини қаратиш йўлларини излаш ўрнига лоқайдлик қилганлиги афсусланарли ҳол.
Пленумда маҳаллий вакиллик органларида иш олиб бораётган партия депутатлари фаолиятидаги камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган Хўжаобод туманидаги партия гуруҳи аъзолари сайловчилар билан номигагина иш олиб бормоқда. Йилнинг ўтган даврида улар томонидан аниқ бир масала ўрганилиб, ҳал этишга эътибор қаратилмаган. Бўз ва Улуғнор туманларидаги вакилларимиз фаолиятини ҳам қониқарли деб айтиш қийин.
— Давлатимиз раҳбари сиёсий партияларнинг нафақат ислоҳотлар иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши даркорлигига алоҳида урғу берди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши раиси Дилфузахон Аҳмедова. — Биз ҳалигача ижтимоий-сиёсий ҳаётда, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаганимиз бор гап. Шу сабаб фаолиятимизни бутунлай янгича тарзда давом эттиришимиз керак.
Чиндан ҳам шаҳар ва туман партия кенгашлари ҳар бир ишнинг бошловчиси, ташаббускори бўлиши керак бўлгани ҳолда айримларида ташаббус сезилмаяпти. Олтинкўл, Марҳамат ва Бўз туманларидаги партиядошларимиз фаолиятидаги сусткашликлар бунинг аччиқ мисолидир.
Вилоятда партия фаолиятини жонлантириш, маҳаллий Кенгаш сессияларига масалалар киритишда депутатларнинг ташаббускорлигини ошириш, сайловларда берилган ваъдаларни оғишмай рўёбга чиқариш, уюшмаган ёшлар билан ишлашда бошланғич партия ташкилотлари, “Ёш адолатчилар” қаноти ва “Аёллар қаноти”нинг таъсирини кучайтириш, жойларда аҳоли билан мулоқотлар самара беришини таъминлаш ва бошқа бир қатор вазифалар пленумда қизғин муҳокама қилиниб, долзарб вазифалар белгилаб олинди.
СИРДАРЁ.
Партия депутатлари ва депутатлик гуруҳлари соҳаларда мавжуд муаммоларни ўрганиши масаласига Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдаги пленумида алоҳида эътибор қаратилди.
— Партиямиз жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлаш каби эзгу мақсадлар билан сиёсий майдонга чиққан, Сайловолди дастуримизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида илгари сурган ғояларимиз жуда жозибадор, — деди вилоят партия кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева. — Тиббиёт ва таълим тизимида йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш дастурий вазифаларимиз саналади, бироқ бу борада вилоятда амалга оширган ишларимизни етарли, деб бўлмайди.
Шаҳар ва туманларни ривожлантиришда халақит бераётган ва аҳолини ўйлантираётган долзарб муаммолар ечими депутатлар ташаббускорлигига боғлиқ эканини яхши биламиз. Мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбар ходимларининг масъуллигини кучайтириш, фуқароларнинг умум ишига дахлдорлик ҳиссини оширишда ана шундай ташаббуслар керак.
Пленумда ҳудудда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борада тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш, жавобгарлигини таъминлаш бўйича, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини тўлиқ ва самарали амалга ошириш борасида долзарб масалалар, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан депутатлик гуруҳлари олдида турган вазифалар хусусида фикрлашиб олинди. Ушбу вазифалар вилоят партия кенгашининг 2017 йил иккинчи ярим йиллиги учун чора-тадбирлар дастурида белгиланди ҳамда депутатлик гуруҳлари амалга оширган ишлари юзасидан ҳар ойда вилоят партия кенгашига ҳисобот тақдим қиладиган бўлди.
Пленум якунида жойларда сайловчилар билан юзма-юз мулоқотни янада кучайтириш, партия Сайловолди дастурининг ижроси бўйича электорат олдида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ҳисобот бериб борилишини таъминлаш каби долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Шарипа ТОРЕШОВА, Шуҳрат ҲАСАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё вилояти кенгаши матбуот котиблари.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ, Феруз ЖЎРАЕВ, Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизнинг онгу тафаккури ўсишида муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Мутахассисларнинг таъкидлашича, патронаж — аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлган контингентига уйда тибб...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбeкистон Рeспубликаси Фанлар акадeмияси ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан ҳудудларда ўтказилаётган кўргазмали сайёр амалий семинар эзгу мақсад...