Мансабдор шахслар ҳисобот бермоқда

/
Жорий йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар фаолияти ҳақида танқидий фикрлар билдирилиб, жумладан, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсири мутлақо сезилмаётганлиги қайд этилган эди.
Шу кунларда ҳудудларда ўтказилаётган халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессияларида давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузасидан келиб чиқиб, долзарб вазифалар муҳокама этилмоқда ҳамда зарур чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг аниқ ижро этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бухоро. Халқ депутатлари Ромитан тумани Кенгашининг намунали сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Наримон Умаров, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Сессияда халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида сиёсий партиялар ва депутатларнинг фаоллиги ва масъулиятини кучайтириш лозимлигига алоҳида тўхталиб, ушбу масалада сиёсий партияларнинг тумандаги ташкилотлари ва депутатлар олдида турган асосий вазифалар тўғрисида ўз фикрини билдирди.
Шунингдек, сессияда давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишидаги маърузасида таъкидланган танқидий фикрлардан аниқ хулосалар чиқариб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда халақит бераётган муаммоларни ҳал қилиш долзарб вазифа эканлиги қайд этилди. Депутатлар ўз фаолияти давомида қатор камчиликларга йўл қўйганлиги борасида тўхталиб, ўз ўзини танқид руҳида фикрлар билдиришди. Таъкидланганидек, партия ташкилотлари ва туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш, уюшмаган ёшлар билан ишлашда самарали усуллардан фойдаланиш, депутатлик сўровлари киритишда профессионал ёндашув етакчилик қилиши зарур, ушбу сўровлар ўз натижасини бериши билан аҳамиятлидир.
Сессия ишида иштирокчилар “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар” тўғрисида туман ички ишлар бўлими раҳбари Бахтиёр Саиджоновнинг ҳисоботини тинглашди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ислоҳ қилиш йўналишида кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан туманда қилинаётган ишлар таҳлил этилди. Мажлисда вояга етмаганлар ишлари бўйича туман комиссияси, туман ички ишлар бўлими вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил қилиш бўлинмасининг вояга етмаганлар ўртасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар савияси бугунги кун талабларига жавоб бермаслигига эътибор қаратилди.
“Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар” тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Жавлон Давроновнинг ҳисоботи ҳам қизғин муҳокама этилди. Ж.Давроновнинг таъкидлашича, туманда тиббиётнинг бирламчи тизимида белгиланган тартибда мақбуллаштириш ишлари олиб борилган, унга асосан туманда мавжуд 25 та қишлоқ врачлик пунктларининг 6 таси негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилинган, ҚВПлар сони 25 тадан 15 тагача камайтирилган, қисқартирилган ҚВПларнинг биносида шифокорлар учун хизмат уйлари ташкил этиш орқали аҳолига туну кун бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш имконияти яратилган.
Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сайфуддин Фаттуллаев ҳудудда ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берди. Бу борада мавжуд муаммолар ечимини топиш, навқирон авлод вакилларини туманда олиб борилаётган амалий ишларга жалб этиш, ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, ёшлар орасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, нотинч оилалардаги ёшлар билан индивидуал ишлаш ҳамда уларга психологик ёрдам кўрсатишни маҳаллалар кесимида тизимли йўлга қўйиш масалалари депутатлар томонидан муҳокама этилди. Улар бу борада ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессия қарорига мувофиқ, жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига мавжуд барча тез тиббий ёрдам бригадаларини тасдиқланган формуляр асосида дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш узлуксизлигини назорат қилиш механизмини яратиш, қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар моддий-техник базасини зарур диагностика ва даволаш жиҳозлари билан мустаҳкамлаш вазифалари топширилди.
Туман ҳокимининг ўринбосарлари ва бошқа масъул раҳбарлар ташкил этилган намунали қишлоқ оилавий поликлиникаларида жорий таъмирлаш ҳамда реконструкция ишларини олиб бориш ва сентябрь ойи охирига қадар ташкилий ишларни якунлаш, тез тиббий ёрдам хизмати автомашиналарини замонавий радио-алоқа воситалари билан, янгидан ташкил қилинган қишлоқ оилавий поликлиникалари жойлашган биноларни қўшимча хизмат хоналари билан таъминлаш чораларини кўриш белгиланди.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи зиммасига ҳар ҳафтада бир маротаба профилактика инспекторларининг ўз ҳудудларида содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинига ҳисобот беришини таъминлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларнинг реабилитациясини ташкил этиш, қайта жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни маъмурий назоратга олиш, тезкор-қидирув соҳасидаги фаолиятни танқидий кўриб чиқиш, кўнгилочар жойларда тунги рейдлар ташкил этиш ишларини олиб бориш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, профилактика тадбирларининг ўз вақтида тўлиқ ўтказилишини таъминлаш, содир этилаётган жиноятларни тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўз ҳудудида муҳокама қилиш ишларини янада жадаллаштириш вазифалари юклатилди.
Туман ҳокимининг ўринбосарларига, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб туман Кенгашида ҳар чоракда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ҳисоботи ҳамда ҳар ойда унинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари-ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғининг ҳисоботлари эшитилишини жорий этиш, жамоат назорат масканлари қурилишини якунлаш ҳамда ушбу масканларда кузатув камераларини ўрнатиш чораларини кўриш, профлактика инспекторларини хизмат ҳудудида уй-жойлар билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштиришга доир кўрсатмалар берилди.
Қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашда депутатлар назорати ўрнатилди.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партиясидан  халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат Улуғбек Қурязо...
01 янв 1970
“Ромитан” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тадбир ёшларни соғлом эътиқод ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялар таъс...
01 янв 1970
Юртимиз бўйлаб истиқлол шодиёналари шукуҳи кезмоқда, шу кунларда ушбу қутлуғ айём муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юбор...