Ноқонуний бошланган қурилиш тўхтатилди

/
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари электорат ишончини оқлашга астойдил интилмоқда. Партия депутатлари маҳаллалар, меҳнат жамоаларида аҳоли билан жонли мулоқотлар қилиб, жойлардаги муаммоларни ўрганиб, масъул ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда.
— Депутатлик гуруҳи аъзолари 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган масалалар асосида мутасадди идоралар раҳбарларига 30 га яқин депутатлик сўровлари киритди, шундан 18 таси ижобий ҳал этилди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Болтаев. — Аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ таълими муассасалари фаолиятини яхшилашга доир партия лойиҳаларини амалиётга йўналтириш, маҳаллалардаги ички йўлларни жорий ҳамда капитал таъмирлаш, ҳудудларда ичимлик суви таъминотини тизимли йўлга қўйиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий ёрдам беришни ташкил этиш борасида бир қатор ишлар қилинди.
Хусусан, “Байналмилалчи” маҳалласида яшовчи Сайёра Абдуллаева ҳамда Санобар Мадаминованинг ишга жойлашиш бўйича қилган мурожаати юзасидан Урганч шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази директори Э.Қўчқоров номига юборилган депутатлик сўрови эътиборга олинди ва улар ишга жойлаштирилди. Бир гуруҳ фуқаролар ушбу маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш зарурлигини баён этишди. “Туямўйин—Урганч” МСФҚ бошқармаси бошлиғи номига киритилган депутатлик сўровига берилган жавобда мазкур масала тегишли дастурга киритилгани, 2017-2021 йилларга янги ичимлик суви тармоғини қуриш ишлари режалаштирилгани, бугунги кунда шаҳардаги “Лойиҳачилар” кўчасига янги ичимлик сув тармоғини қуриш бўйича дастлабки техник иқтисодий асос тайёрлангани тўғрисида маълум қилинди. Шунингдек, “Лойиҳачилар” кўчасига асфальт ётқизиш, янги ариқ барпо этишга доир масала хусусида шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига юборилган депутатлик сўрови ҳам тез орада ижобий натижа берадиган бўлди. Депутатлик гуруҳига фуқароларнинг яна бир мурожаатида қайд қилинишича,
“Лойиҳачилар” кўчасида 1,5-2 метр чуқурликда пластик қувур ўтказилган бўлиб, қувур ётқизилган майдон устидан айрим ташкилотлар томонидан бир қатор биноларни қуриш ишлари бошланган. Қурилган бинолар ер остидан ўтган пластик қувур ҳолатига таъсир қилиб, ундан зах сув йўли тўсилиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Натижада зах сувлар ер сатҳидан кўтарилиб, аҳолининг турар жойларида уйларнинг ертўласига кириш хавфи ортмоқда.
Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Урганч шаҳар ҳокимлигига юборилган депутатлик сўрови тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, фуқароларни ташвишга солаётган муаммолар ечим топди. Яъни ҳудудда бошлаб юборилган ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилди.
“Шодлик” маҳалласи аҳли марказий “Шарқ” кўчасидаги тунги ёритқичларнинг ишламаётгани, маҳаллада ичимлик сувининг сифати талаб доирасида эмаслигидан шикоят қилишган эди. Партия депутатлари мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу муаммоларни ҳам бартараф этишди. Учрашувлардан бирида “Феруз” маҳалласида яшовчи кам таъминланган хонадон эгаси Давлат Бобониёзов ўн нафар оила аъзосидан фақат бир нафари иш билан таъминлангани ҳақида баён этган эди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Мансур Болтаевнинг қонуний кўмаги билан Д.Бобониёзов тез кунда тадбиркорлик фаолиятини бошлайдиган бўлди. Шунингдек, мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар олдидаги йўлакларни бетонлаштириш ва коммуникация ишлари амалга оширилишида, шаҳар марказидаги Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғини ободонлаштиришда ҳам партия депутатлари фаоллик кўрсатмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг усули йўлга қўйилгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда....
01 янв 1970
“Адолат” социал-демократик партиясининг бугунги кундаги тараққиёт омиллари нималарда, деб ўйлайсиз?...
01 янв 1970
Инсон дунёқарашининг шаклланиши, билимга қизиқиши болаликдан бошланади. 
01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....