Ғолиблар тақдирланди

/
Жамиятимизнинг барча жабҳалари қаторида сиёсий партиялар фаолиятини ҳам оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишлаш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча бўғиндаги тузилмалари фаолларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Партия фаолиятини ОАВ орқали ёритаётган энг фаол журналистларни рағбатлантириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган “Куч — адолатда” кўрик-танлови бу борадаги ҳамкорлик самарасини оширишга хизмат қилмоқда.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ушбу кўрик-танловнинг бу йилги ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий кенгашлар матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров журналистларни касб байрами билан қутлар экан, партиянинг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка етказиш, фаол тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллашини, партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, барча бўғинлардаги энг сўнгги янгиликлардан аҳолини бохабар қилишда журналистлар меҳнати таҳсинга сазоворлигини эътироф этди.
Партия раҳбари таъкидлаганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савияси шаклланишида асосий воситалардан бири саналади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Агар 1991 йилда мамлакатимизда 395 та оммавий ахборот воситаси фаолият олиб борган бўлса, мустақиллик йилларида яратилган кенг шароитлар туфайли оммавий ахборот воситаларимизнинг сони ҳозирда 1500 дан зиёдни ташкил этмоқда. Бугун республикамизда ОАВ тўққизта тилда нашр этилади ва эфирга узатилади. Республикамизда, айниқса, нодавлат ОАВ тез ривожланмоқда. Телеканал, радиоканаллардан ташқари веб-сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда.
Энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар руҳига мос равишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам фаоллашганлиги яққол сезилмоқда. Айниқса, бугун матбуот нашрлари, телевидениеда ва интернет сайтларида жамиятимиздаги камчилик ва муаммолар ҳақида очиқ ва танқидий мулоҳаза юритиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан давлат ҳокимияти органларининг раҳбар ходимлари олдига аниқ масалаларни қўйишдек ёндашувга гувоҳ бўлмоқдамиз. Пойтахтимизда фаолият бошлаган Халқаро пресс-клуб миллий ахборот маконини ривожлантиришга ҳисса қўшиб, мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида халқаро жамоатчиликни тезкор ва холисона хабардор этиб бормоқда. Янги медиа-маконда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари жамоатчиликка ҳисобот бераяпти, экспертлар ва журналистлар билан фикр алмашмоқда. Бу тадбирлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини, манфаатлари мувозанатини таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида партия фаолиятини тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч — адолатда” республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. Қайд этилганидек, кўрик-танлов ташкилий комиссиясига партия фаолиятини фаол ёритиб келаётган 60 нафарга яқин ижодкорлардан жами 720 та материал келиб тушди.
Кўрик-танловда телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишлари бўйича энг яхши журналистик материаллар муаллифлари ғолибликни қўлга киритишди. Якуний натижаларга кўра, телевидение йўналиши бўйича “Ўзбекистон” телерадиоканали “Ахборот” информацион дастурлар бош муҳарририяти 1-тоифали мухбир репортёри Рамзиддин Эгамбердиев, “Yoshlar” телерадиоканали “Давр” ахборот дастурлари бош муҳарририятининг эфирга тайёрлаш бўлими бошлиғи Гулнора Карабоева, “Samarqand televideniyesi” МЧЖ мухбири Зарина Ҳақбердиева 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
Радио йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси мутахассиси Руфат Абдуллаев, “Ўзбекистон” радиоканали “Ахборот” информацион эшиттиришлар муҳарририяти “Халқаро ҳаёт” бўлимининг сиёсий шарҳловчиси Нозима Тошпўлатова, “Mahalla” радиоканали “Хабарлар” информацион таҳлилий дастурлар муҳарририяти катта муҳаррири Олима Ҳамроева, матбуот йўналиши бўйича Хоразм вилояти “Боғот садоси” газетаси, Қашқадарё вилояти “Nasaf” газетаси таҳририятлари 1-, 2-ўрин, “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталари етакчи шарҳловчиси Зиёдахон Расулова 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди. Интернет йўналиши бўйича www.1news.uz веб-сайти бош муҳаррири Гулноза Муродова, Turkiston-press нодавлат ахборот агентлиги мухбири Фаррух Абдуҳамидов, www.uzdaily.uz интернет сайти муҳаррири Беҳзод Ҳожиматов ғолиб бўлишди. ўолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар берилди. Шунингдек, Навоий вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Нодира Холмирзаева, “Yoshlar” радиоканали “Давр” ахборот дастурлари муҳарририяти шарҳловчиси Шоҳида Зупарова, “Hurriyat” газетаси таҳририяти, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Бунёд Аҳмадалиев рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланишди.
— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида журналистларнинг масъулияти тубдан кучайди, шунинг баробарида сўз эркинлигига доир ҳуқуқларимизни рўёбга чиқариш имконлари янада кенгайганини эътироф этиш жоиз. Буни марказий ва маҳаллий матбуот нашрларида эълон қилинаётган мақолалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин, — дейди “Боғот садоси” газетаси бош муҳаррири Шерзодхўжа Усмонхўжаев. — Матбуот жамоатчилик фикрини шакллантирар экан, айни шу вазифани бажаришда оммавий ахборот воситаларининг сиёсий партиялар билан ҳамкорлиги амалий аҳамиятга эга саналади. Соҳалар тараққиётига, ҳудудларни ривожлантиришга халақит бераётган мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, улар ҳақида рўй-рост айтиш, муаммоларнинг сабаб ва илдизларини ошкора кўрсатишда партия депутатлари билан биргаликда ишлаш журналистларнинг касб фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Байрамона руҳда ўтган тадбир журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий вазифаларининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Узун туманидаги хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрг...
01 янв 1970
Янгийўл иқтисодиёт ва сервис коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгил...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...