Тадбиркорлик учун имкониятлар кенгаймоқда

/
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Ушбу жараёнда нафақат давлат ташкилотлари ва молия муассасалари, балки жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларида кўмаклашишга доир дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқариш мақсадида тижорат банклари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойларини ташкил этиш, аҳолининг кенг қатлами учун, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтириш мақсадида ўтказилган семинарлар фикримизнинг яққол далилидир.
Мазкур тадбирларда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, вилоят ва туман кенгашлари раислари, фаоллари, “Микрокредитбанк” АТБ ҳудудий бошқармаси ва туман хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчилари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва хотин-қизлар иштирок этишди.
Маърузачилар ҳамда мутахассислар томонидан бугунги кунда жойларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий ресурслар беришни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали аҳоли, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни манзилли ишга жойлаштириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатлами учун банк хизматларидан фойдаланиш борасида яратилган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирлар доирасида ҳар икки тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда хотин-қизлардан 20 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларига биноан умумий миқдори 120 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топшириш маросими тантанали равишда ўтказилди.
Акмал АБДУРАҲМОНОВ, “Микрокредитбанк” АТБнинг Зарбдор туман бўлими бошлиғи:
— Имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Ўтган йили касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг 45 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 425 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 78 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига жами 380 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Келгусида бу ёшларимиз нафақат ўз оиласи, балки Ватанимиз равнақи, иқтисодий юксалишига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишига ишонамиз.
Нилуфар ИСМОИЛОВА, тадбиркор:
– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқаруви жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш, бандлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор уларнинг ўз имкониятларини тўлақонли ишга солишлари учун хизмат қилмоқда. Мен ушбу тадбирда ўз томорқамда иссиқхона қуриш учун 4,4 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат олишга муваффақ бўлдим. Иссиқхонада лимон, хурмо, сабзавотлар етиштириш орқали элимиз дастурхонини мева-сабзавот билан таъминлашни мақсад қилганман.
Маҳзуна МУСТАФОЕВА, коллеж битирувчиси:
— Ушбу тадбир менда катта қизиқиш уйғотди. Ўз бизнес лойиҳам билан қатнашиб, паррандачиликни йўлга қўйиш учун 4,4 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлга киритдим. Кредитни мақсадли йўналтирган ҳолда паррандачилик маҳсулотларини етиштириш орқали элимиз дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаман. Коллеж битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кенг имкониятлар берилаётганлиги биз каби ташаббускор ёшлар келгусида ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Жонли мулоқотларга бой тарзда ўтказилган семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилиб, бизнес лойиҳа тузиш ҳамда тадбиркорликни йўлга қўйиш, банк хизматларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши фаоллари “Кексалар доим ардоғимизда” лойиҳаси доирасида тумандаги меҳнат фахрий...
01 янв 1970
Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон ...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси л...