Танқид ўз самарасини бермоқда

/
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган биринчи йиғилиши танқидий руҳда ўтганди. Унда маҳаллий Кенгаш сессияларига 2016 йил давомида биронта ҳам масала киритилмагани, айрим депутатлар фаолиятидаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
Мажлисда ўтган йили 7 нафар депутат томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига турли масалалар юзасидан жами 86 та депутатлик сўрови чиқарилганлиги аввалги йилдагига нисбатан кўпроқ бўлса-да, қаноатланарли эмаслиги қайд этилди. Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб, жорий йилда ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга, аниқ натижалар сонини кўпайтириш чораларини кўришга келишиб олинди.
Жумладан, бугунги кунда фуқароларни қийнаётган энг долзарб муаммолардан бири сифатида коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, айниқса, аҳолининг электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланишини ўрганиш орқали коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш режалаштирилди.
— Биринчи чоракда бу борада Избоскан туманида иш олиб боришга қарор қилдик, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Зуҳрахон Комилова. — Чунки ўтган йили айни шу тумандаги сайловчилардан бу масалада мурожаатлар кўп бўлган. Тўғри, йўлларни таъмирлаш, табиий газ билан таъминланиши зарур бўлган ҳудудларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Йўлларни таъмирлаш, автобекатларни замонавий қиёфага келтириш, йўл белгилари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди. Назорат тадбирлари натижасида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллони мунтазам равишда етказиб берилмоқда. Бунда халқ вакилларининг амалий саъй-ҳаракатларининг самараси бор. Шундай бўлса-да, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Шу сабаб, биз халқ орасига янада чуқурроқ кириб боришимиз, муаммоларни ўрганишимиз зарур.
Ўтган қисқа вақт ичида бажарилган ишларга назар ташлаймиз.
“Зарбдор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Нурли истиқбол” кўчасида яшовчиларни кейинги вақтда ичимлик суви муаммоси қийнаётганди. Сабаби, ҳудудга сув етказиб берувчи қудуқ таъмирталаб. Бу масала туман “Сувоқава” корхонаси билан ҳамкорликда ўрганилди ва сайловчиларнинг талаби ўринли эканлиги аниқланди. Тез орада ушбу корхона томонидан муаммо ҳал этилиб, ҳозирда бу ҳудуд аҳолиси ичимлик суви билан етарлича таъминланмоқда.
Аҳолининг саломатлиги кўп жиҳатдан қишлоқ врачлик пунктларининг самарали фаолият юритишига боғлиқ. Бунинг учун эса тиббий муассасада етарли шароит бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ тумандаги “Чўнгбоғич” қишлоқ врачлик пунктида кейинги йилларда ичимлик суви таъминотидаги муаммо шифокорларни жиддий равишда ўйлантириб қўйди. Бу масаланинг ҳал этилиши ҳам депутатлик гуруҳимиз томонидан қатъий назоратга олинди ва 500 метр масофада сув қувури тортилиб, муассасага ичимлик суви келтирилди.
“Пойтуғ” шаҳарчасидаги 16-умумтаълим мактаби жамоасини қиш мавсумида иситиш тизимининг носозлиги қийнаётганди. Депутатлар аралашуви билан бу масала ҳам ижобий ечимини топди. Туман молия бўлими томонидан 15 миллион сўм маблағ ажратилиб, қозонхона ва иситиш тармоқлари таъмирланди. Бундан мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳам хурсанд бўлишди.
“Ойбек” маҳалласининг “Янги аср” кўчасидаги ички йўлни асфальтлаш масаласида аҳоли бош қотирарди. Ана шу ҳудуддан сайланган депутатларга бу борада қилинган мурожаат ўз самарасини берди. 500 метр жойга шағал ётқизилиб, ҳозирда йўл асфальтланмоқда.
— Избосканда бошланган бу ташаббус бошқа туманларда ҳам кенг қулоч ёзди, — дейди З.Комилова. — Партия депутатлари ўзлари сайланган ҳудудлардаги ички йўллар ҳолатини атрофлича ўрганиб, депутатлик гуруҳимиз билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда. Ҳар бир масала юзасидан қилинаётган ишлар назоратга олиниб, имкон қадар тезроқ ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Йилнинг иккинчи чорагида умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитиш шароитлари ва таълим муассасаларида санитария-гигиеник талабларга риоя этилишини ўрганиш кўзда тутилган. Бу ҳам олдимизда турган долзарб вазифалардан бири саналади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг Бахтиёржон Комилов, Илҳомжон Абдулазизов, Барнохон Жўраева каби аъзолари ўз фаолиятларига танқидий ёндашувлар асосида фаол иш юритмоқда. Бу эса аҳолининг партиямизга ва маҳаллий Кенгашларга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг д...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселект...
01 янв 1970
Жондор туманида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “ўзбек жанг санъати” бўйича туман биринчилиги мусоб...
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...