Таълим ва илм-фан ривожи — тараққиёт гарови

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳаси ислоҳотларининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга қаратилди.
Эътироф этилганидек, бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Ушбу ислоҳотлар юртимиз тараққиётида инсон манфаатларига йўғрилган, қонун устуворлигига таянган, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ҳисобга олган, инсон руҳиятини уйғотган, тадбиркорларга янгича ғайрат ва шижоат бағишлаган, аҳолининг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаган сифат жиҳатдан янги бир босқич бошланганлигини англатади.
Бугунги туб янгиланишларнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ғоявий асосини, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ташкил этади.
Давра суҳбатида мазкур қомусий ҳужжатда белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир чора-тадбирлар қаторида келгуси беш йилликда таълим тизимини ислоҳ этиш ва илм-фанни ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:

— Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш энг муҳим вазифалардан этиб белгиланган. Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш баробарида, замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.
Эътиборли жиҳати, мазкур ҳужжат ўз ичига таълим тизимини боғчадан то олий таълим муассасасигача такомиллаштириш, сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича қатор долзарб мақсад-вазифаларни қамраб олган. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг учта фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг ўндан ортиқ қарорлари, шунингдек, бир қатор комплекс чора-тадбирлар дастурлари, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганлиги ҳам мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ этишга қаратилган мақсадлар кўламининг нечоғлик юқорилигини ифода этади.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастури тасдиқланди. Унда мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган. Хусусан, 2017 йил давомида 106 мактабгача, 268 умумтаълим, 44 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари реконструкция қилинади, 195 мактабгача, 90 умумтаълим, 91 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини капитал таъмирлаш режалаштирилган, 9 янги мактаб қурилади, мебель, ўқув лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланади.
Дастурда болалар спортининг оммавийлигини ошириш мақсадида 251 умумтаълим мактаби, 12 болалар-ўсмирлар спорт мактабида спорт заллари қуриш, 9 ёпиқ сузиш ҳавзасини барпо этиш ва иккитасини реконструкция қилиш, саккизта янги санъат ва мусиқа мактаби қуриш ва 12 тасини реконструкция қилиш ишлари кўзда тутилган.
Шунингдек, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш, жумладан, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари тизимини оптималлаштириш назарда тутилган. Бу ҳозирги ва истиқболдаги кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мутахассисларни тайёрлаш, аграр сектор, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаси, уй-жой коммунал хўжалигини малакали мутахассислар билан ҳамда битирувчиларни кафолатланган иш билан таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, ҳар бир туман марказида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш бўйича касб-ҳунар коллежлари базасида (машғулотлардан бўш вақтда) қисқа муддатли курсларни ташкил этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига асосан, профессионал кадрларни қайта тайёрлаш юзасидан қисқа муддатли тренинг ва ўқув курсларини ўтказиш бўйича нодавлат таълим муассасалари фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам меҳнат бозори талабларини қисқа муддатларда қаноатлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ғофуржон ЗОҲИДОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқув ишлари бўйича проректори:

— Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллигини босқичма-босқич ривожлантириш назарда тутилганлиги долзарб аҳамиятга эга.
Яна бир масала – олий маълумотли кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш. Бугун дунёнинг ривожланган давлатлари кадрлар танлашда Болонья декларациясига таянмоқда. Шу боис Болонья жараёни иштирокчи мамлакатлари дипломларини ўзаро тан олиш, ўқитувчи ва талабалар билан алмашув дастурларини амалга оширишга кўмаклашувчи Болонья декларациясига қўшилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу миллий олий таълим тизимини жаҳон амалиёти билан уйғун ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини кескин оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги олий ўқув юртлари учун илмий-педагогик кадрлар захираси яратиш, таянч олий таълим муассасаларида магистратура ва докторантурага мақсадли қабул ташкил этилишининг кўзда тутилиши бугунги кунда кўзга яққол ташланиб келаётган бўшлиқнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Инклюзив таълимни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларининг сифатли таълим олиш имкониятларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам ижтимоий аҳамиятга эга. Хусусан, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, ота-она қаровисиз қолган болалар ҳамда 1-гуруҳ кўзи ожиз ногиронларга олий таълим муассасаларига қабул қилишда алоҳида давлат гранти ажратган ҳолда имтиёзлар белгилаш, ҳудудлар кесимида айрим йўналишлар бўйича мақсадли қабул квоталарини тасдиқлаш, олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш белгиланганки, бу ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг олий таълим олишига қулайликлар яратади.
Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясига асосан ишлаб чиқиладиган илм-фан соҳасини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ илмий-тадқиқот муассасаларининг инновацион инфратузилмасини ривожлантириш, истиқболли соҳаларда кичик инновацион корхоналар, технопаркларни ташкил этиш ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтироларга бўлган ҳуқуқлар ва бошқалар) бузганлик учун жавобгарликни, шунингдек, бу соҳадаги давлат назоратини кучайтириш белгиланган.
Асрор МУЗАФФАРОВ,
ёш илмий тадқиқотчи:

— Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишлари қаторида айнан ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва фанни ривожлантиришга қаратилган мақсадли чора-тадбирларда келажак авлоднинг орзу-истаклари, манфаатлари ифода этилганлиги биз, ёшларни жуда қувонтиради, албатта.
Айниқса, мазкур ҳужжатда белгиланган мақсадлар доирасида Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 февралида имзоланган “Олий ўқув юртидан кейинги таълимни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонга асосан мамлакатимизда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг уч йилга мўлжалланган икки босқичли тизимга ўтилиши биз каби ёш олимларнинг илмга бўлган қизиқишимизни янада оширди.
Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясига асосан 2017 йилда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгилангани ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур дастур доирасида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида уларнинг фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган. Бу ўз навбатида биз, ёшларни мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган истиқболли мақсадлар рўёбида фаол иштирок этишга ундайди.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳаракатлар стратегиясида мактабгача таълим тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар ўз ифодасини топганлиги биз учун аҳамиятлидир.
Айни шундан келиб чиқиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари режасида умумтаълим мактабларида ўқув синфларидаги ўқувчиларнинг сонини оптималлаштириш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Мамлакатни тараққий эттириш ва модернизация қилиш шароитида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳамда мамлакатимизда инновацион фаолиятни янада ривожлантириш ва ушбу соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда биз, албатта, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, олий таълим муассасалари ҳамда электоратимиз вакиллари саналган муҳандис-техник зиёлилар ва олимларнинг ҳамкорлигига таянамиз.
Тадбир якунида Ҳаракатлар стратегиясида таълим ва фан соҳасини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашини “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи якунига етмоқда...
01 янв 1970
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, илму маърифатда, таълим-тарбияда жонкуяр, ёшларга дилсўз педагог-мураббийлар сиёсий жараёнларда ҳам фаол, ҳозиржаво...