Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ҳамда Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Ҳаракатлар стратегияси – суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида илгари сурилган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни кенг муҳокама қилишга қаратилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров семинарни кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим масалаларидан бири бўлган мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунки, мустақил суд ҳокимиятининг фаолият кўрсатишини таъминламасдан туриб адолатли жамият, инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат қуриб бўлмайди.
Шу мақсадда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳ этилиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига асосланган ҳуқуқий тизим шаклланди.
Жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармон мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди.
Халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинган мазкур фармон билан мамлакат тараққиётининг келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгиланган. Ушбу тарихий ҳужжат, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади.
Давра суҳбатида Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган иккинчи йўналишида белгиланган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди.
Самариддин ШАМСИЕВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази лойиҳа раҳбари:

— Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналишида белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади мамлакатимизда, биринчи навбатида, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишдир.
Шу нуқтаи назардан, мазкур дастурий ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир белгиланган долзарб вазифаларнинг ўз вақтида, тўлақонли, юксак самарадорлик билан бажарилиши бугунги кунимиз ва истиқболимиз учун муҳимдир. Бинобарин, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизнинг демократик қадриятлар тарафдори эканининг ёрқин ифодасидир.
Ҳаракатлар стратегиясида суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш, шунингдек, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича муайян амалий чора-тадбирлар белгилангани алоҳида аҳамиятга эга.
Умуман, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишида келгусида 4 та янги қонун қабул қилиш ҳамда 14 та амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётган бўлиб, бу соҳадаги қатор муҳим ва долзарб масалаларга ҳуқуқий ечим топиш, уларнинг зарур ижро механизмлари, аниқ дастур ва тизимлар жорий этиш орқали аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширади. Шу билан бирга, бу дадил қадам ҳокимият тизимида судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.
Соҳа мутахассислари, амалиётчилар ва экспертлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар фаоллари иштирокидаги бу каби муҳокамалар, албатта, Ҳаракатлар стратегиясига асосан қабул қилиниши белгиланган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомилига етказиш ҳамда халқчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳаракатлар стратегиясининг ишлаб чиқилишида давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан бир қанча таклифлар шакллантирилди. Ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам фаол иштирок этиб, ўз дастурий мақсадлари ҳамда электорати манфаатларидан келиб чиқиб, бир қатор таклифларни илгари сурди.
Мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш, ҳар ишда адолат мезонини жорий эттиришга доир партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган қатор устувор ғояларнинг мазмунан ўз ифодасини топганлиги уларни амалиётга татбиқ этишда бизни янада фаолликка ундайди.
Шундан келиб чиқиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда айнан ушбу йўналишда аниқ вазифалар белгиланган.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш, барча даражадаги ҳокимларнинг, прокуратура ва ички ишлар органларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш мақсадида “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, судлар фаолиятига оид маълумот билан фуқароларни таъминлашни назарда тутувчи “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларига дастурий мақсадларимиз ва электоратимиз манфаатларидан келиб чиқиб таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни мақсад қилганмиз.
“Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз ушбу дастурий мақсадларимизни амалиётга татбиқ этишда биз учун жуда муҳим.
Холмамат ҲАСАНОВ,
Ўзбекистон судьялари ассоциацияси бош консультанти:

— Маълумки, 2016 йил 21 октябрь куни “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони эълон қилинди.
Мазкур фармон суд-ҳуқуқ соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя килиш кафолатларни кучайтириш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга доир асосий устувор йўналишларни белгилаб берди.
2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган истиқболдаги вазифалар белгиланганлиги аҳамиятлидир.
Жумладан, жорий йилда амалга оширилиши белгиланган давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини бирлаштириш назарда тутилмоқда.
Шу ўринда, бизнингча, вилоят судларини ва унга тенглаштирилган судларни бирлаштириш масаласини ҳам чуқур таҳлил қилиш зарурияти мавжуд.
Фикримизча, “Судлар тўғрисида”ги қонунга ва бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судларни бирлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фақат битта судни ташкил этишни белгилаш лозим. Бунда ушбу судларнинг таркибида фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатларини тузиш зарур бўлади. Туманлараро, туман ва шаҳар судларининг фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича судларга бўлинишини эса сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир.
Қонунчиликка бундай ўзгартириш киритилиши суд тизимидаги бир қатор долзарб муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Жумладан, кворум йўқлиги сабабли апелляция ва кассация инстанцияларида кўриладиган ишларнинг бир суддан бошқа судга ўтказилиши ҳолатларини кескин камайтиради. Бунда, ҳар хил судлов ҳайъати таркибига кирувчи судьяларнинг барча тоифадаги ишларда иштирок этиши ҳисобга олинади.
Шу билан бирга, ҳар бир вилоятдаги иккита судни битта судга бирлаштириш орқали иккита судни таъминлаш учун кетадиган давлат бюджети харажатларининг камайишига эришилади.
Ҳаракатлар стратегиясига асосан амалга оширилиши назарда тутилаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир ислоҳотлар истиқболда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари рўёбга чиқишини тўлиқ таъминлаш, шу асосда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва демократик ҳуқуқий давлатни барпо этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Равшан АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси:

— Бугунги кунда қонунчилигимизда адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган бўлса-да, соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.
Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат Дастурида юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда адвокатнинг ролини кучайтириш, адвокатура институтини янада мустаҳкамлаш назарда тутилганлиги биз учун муҳим воқелик бўлди.
Соҳада амалга оширилиши назарда тутилаётган чора-тадбирлар орқали судда иш юритишда томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва тортишуви тўлиқ таъминланади, юридик ёрдам кўрсатиш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилади, фуқаролик ва хўжалик низоларини судгача ҳал қилиш жараёнида, шунингдек, жиноят ишини кўриш жараёнида томонларни яраштириш тартиб-таомилида адвокат иштироки кенгайтирилади.
Шу билан бирга, адвокатлик фаолиятининг кафолатлари янада кучайтирилади, адвокатлик тузилмаларининг янги ташкилий-ҳуқуқий шаклларини жорий этиш орқали халқаро-ҳуқуқий, фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган юридик ёрдамнинг сифати янада оширилади.
Тадбир якунида Ҳаракатлар стратегиясида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб ке...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган анъанавий “Адолат билимдон...
01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Мазкур акциямизни қўллаб-қувватловчилар, иштирок этувчилар, қон топшириш истагини билдирган донорлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда....