Фуқароларни ўйлантираётган масалалар ўрганилмоқда

/
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг февраль ойида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда аҳоли билан яқиндан мулоқотлари жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, одамларнинг давлат идораларига ишочини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги борасида ҳаёт талабидан келиб чиққан ҳолда зарур таклифларни илгари суришда катта аҳамиятга эга бўлди. Халқ билан мулоқотнинг бу муҳим амалий механизмидан самарали фойдаланиш сенатор ва депутатларнинг, шу билан бирга, турли даражадаги давлат ташкилотлари ва идоралар, корхона, муассасалар фаолиятида ҳам ижобий натижалар бериши яққол намоён бўлмоқда.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўриш, бу борада парламент назорати самарадорлигини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, жонли мулоқотлар ўтказишга киришди. Зеро, инсон манфаатларини рўёбга чиқаришда халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш, яқиндан ўрганиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент ва депутатлар назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида шаҳар ва туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳларининг фаолияти давом этмоқда. 1 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Уйчи туманида иш бошлади. Бевосита уйма-уй юриб учрашувлар ўтказишга киришилди. Кейин эса тегишли соҳалар фаолияти ҳам саволнома асосида ўрганиб чиқилади.
— Вилоятга ташрифнинг биринчи куни халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашининг сессиясида қатнашдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Унда, жумладан, парламентнинг 2017 йил 24 февралдаги “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, шунингдек, ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш ҳамда депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори асосида иш ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Сессия қарорига биноан шу йўналишда фаолият юритадиган комиссия ва ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди.
2 март куни эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Уйчи туманида аҳоли билан мулоқот ўтказишга киришдилар. Масалан, Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов “Уйчи” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлди. Тушгача қарийб йигирмата ҳовлида яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашилди. Улар билдирган фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди.
Хусусан, “Гулбоғ” маҳалласида яшовчи Олимжон Усмонов паспорти ёнғинда куйиб кетганлиги учун ўз пенсиясини ололмаётганидан шикоят қилди. Масала ҳал этиш учун туман ички ишлар бўлими раҳбарларига ҳавола этилди. У тез кунлар ичида ечимини топадиган бўлди. Астма касаллиги билан оғриган Асила Ҳожимирзаеванинг мурожаати ҳам тезда ҳал этилди. У Тошкентдаги шифохоналардан бирида даволанадиган бўлди.
“Гулзор” маҳалласида яшовчи Турғунжон Жўраева қўйган муаммонинг ечимини топиш вазифаси эса назорат остига олинди. Бу оила кам таъминланганлар сирасига киради. Аммо маҳалла фуқаролар йиғини унинг моддий ёрдам бериш тўғрисидаги мурожаатини рад этган. Чунки оила аъзоларидан бирининг номига 1984 йилда ишлаб чиқарилган “Москвич” автомобили расмийлаштирилган. Яроқсиз ҳолдаги ушбу машинадан қарийб ўн беш йилдан бери фойдаланилмаган, уни темир-терсакка топшириб юбориш қолган, холос. Депутат бу масалани дахлдор ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқиш ҳамда ҳал этишга ваъда берди.
Шу маҳаллада яшовчи Қундузхон Эргашева ишчи гуруҳ аъзолари олдига фарзандларини уй-жой билан таъминлаш муаммосини қўйди. Чунки унинг беш сотихли ҳовлисида уч оила истиқомат қиларкан. Унга қишлоқ жойларида қуриладиган арзон уй-жойлардан олиш тартиби тушунтирилди. Бу масалани охирига етказишни қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Малика Тожибоева зиммасига олди.
— Мен ҳам ишчи гуруҳи фаолиятида қатнашдим ва ўзим учун жуда кўп нарса ўргандим, — дейди халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Фарида Отахонова. — Халқ билан мулоқот инсонларнинг турмуш фаровонлигини таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини ҳис этдим. Диққатга сазовор томони шундаки, ўрганишлар жараёнида ҳар бир масалани бевосита жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг таклифи, яъни жойларга бориб халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни тинглаб, муҳокама қилиш нақадар тўғри, ҳаётий ва самарадор эканлиги яна бир бор исботланди.
Ҳудудларда сенатор ва депутатларнинг аҳоли билан мулоқотлари, жойларда аниқланган муаммолар ўрганилиши ҳақида газетамизнинг навбатдаги сонларида танишасиз.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли ўртасида ўтказилган мулоқотлар дав...
01 янв 1970
Мутасадди ташкилотларга аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан депутатлик сўрови киритиш орқали уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш Ўзбекистон...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб д...