Масъулият ва талабчанлик фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган

/
Бугунги кунда мамлакатимизда тўртта сиёсий партия фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш йўлида, соғлом рақобат шароитида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг асосий ижтимоий таянчи — юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси ходимлари, педагоглар ва шифокорлар, инженер-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларининг манфаатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли, адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг изчил тарафдори сифатида ҳаракат қилмоқда.
Ўз электорати манфаатларини рўёбга чиқариш, партиянинг Сайловолди дастурий вазифалари ижросини таъминлаш йўлида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлар корпуслари олдига масъулиятли вазифалар қўйилган. Ушбу вазифалар ижроси эса сайловчилар ишончини мустаҳкамлайдиган, жамиятда партиянинг ўрни ва обрўсини белгилайдиган омиллардан эканлигини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам чуқур англайдилар. 7 нафар сафдошларимизни бирлаштирган мазкур депутатлик гуруҳига Нукус шаҳридаги “А.Досназаров” сайлов округидан сайланган депутат, Нукус давлат педагогика институти ректори Барлиқбай Пренов раҳбарлик қилмоқда.
Сайловчилар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни қонуний тартибда ҳал этиш депутатлик гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлмоқда. Фуқаролар томонидан билдирилган ёзма ва оғзаки мурожаатлар таҳлил этилиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мурожаатларда қайд этилган масалаларнинг ижобий ечим топишига эришилмоқда.
Мисол тариқасида келтириб ўтсак, Нукус шаҳри “Алланияз қаҳрамон” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Раҳмоновнинг ногиронлар аравачасига муҳтожлиги тўғрисидаги мурожаати асосида Нукус шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари номига депутат Н.Мирзамуратов томонидан депутатлик сўрови киритилди ва тез орада М.Раҳмонов ногиронлар аравачаси билан таъминланди.
Нукус тумани “Қрантов” сайлов округидан сайланган депутат Икрам Мнажовнинг сайловчилар билан учрашувларидан бирида “Бақаншақли” овул фуқаролар йиғини “Баймақли” овулида электр энергиясини етказиб берувчи трансформаторни таъмирлаш масаласи ўртага ташланди.
Депутат И.Мнажовнинг Нукус туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига йўллаган депутатлик сўрови натижасида ушбу трансформатор 10 кун муддат ичида мазкур корхона томонидан таъмирланди.
Қанликўл тумани “Киндикўзак” сайлов округидан сайланган депутат А.Бегимовага сайловчилар томонидан билдирилган мурожаат асосида, тумандаги “Жана қалъа” ОФЙ биносини реконструкция қилиш масаласида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон ҳудудий бўлимига депутатлик сўрови киритилган эди. Мазкур масала “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси раҳбарияти томонидан ўрганилиб, жорий йилнинг июль ойида зарур маблағ ажратилиши белгиланди ва ушбу масалани депутат ўз назоратига олди.
Шуни таъкидлаш жоизки, партиямизнинг амалиётга изчил йўналтирилган лойиҳалари доирасида депутатлик гуруҳи томонидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, партиямизнинг “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида йўлларни асраш, ички йўлларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мавзуларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда 400 га яқин фуқаролар иштирок этди. Муҳими, бу борада мавжуд муаммолар ўрганилиб, ўша жойнинг ўзида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар бўйича фуқароларга зарур маълумотлар, тегишли маҳаллий корхона ва ташкилотлар, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарларига тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, долзарб масалалар юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарлари номига 3 та депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинди.
Хусусан, Нукус тумани “Қрантов” сайлов округидан сайланган депутат Икрам Мнажовнинг “Бақаншақли” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Жийдели” овулидаги хўжаликлараро автомобиль йўли, “Қайшили” овулидан ўтувчи туманлараро йўлда суст кечаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказиш чораларини кўриш тўғрисидаги депутатлик сўровига Нукус туман ободонлаштириш бошқармасидан мазкур йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишларини 2017 йил охирига қадар якунлаш чоралари кўрилганлиги ҳақида жавоб хати олинди.
Чимбой тумани “Гужумли” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқароларнинг ички йўлларни таъмирлаш масаласида билдирган таклифлари асосида депутат Б.Давлетмуратов туман ҳокимлигига киритган депутатлик сўрови юзасидан амалий ишлар қилинди. Фуқаролар қайд этганидек, “Тинибаев” кўчасининг 1 километрга яқин қисми таъмирланиб, обод этилди.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП иқтисодиётга энергия ресурсларини тежайдиган янги технологияларни кенг жорий этиш тарафдори сифатида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Қайта тикланувчи энергия турларини ҳаётга кенг татбиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Буни теран англаган партия депутатлари ушбу йўналишдаги дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқаришда ташаббускорлик кўрсатиб келишмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Нурлибек Мирзамуратов томонидан Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларидаги қишлоқларда яшовчи аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи чуқур таҳлил этилди. Ўрганишлар натижасида Тахтакўпир туманидаги “Қўштруба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 23-умумтаълим мактаби, Тўрткўл туманининг “Ёнбошқалъа” овулидаги “Қ.Нуримбетов” қишлоқ врачлик пункти ва Элликқалъа туманининг “Қизилқум” овулида жойлашган 33-умумтаълим мактабларида қуёш энергиясидан фойдаланиш зарурати борлиги аниқланди. Н.Мирзамуратов ушбу масалани “Экосан” халқаро жамоат фондининг 2016 йил режасига ва манзилли дастурига киритиш таклифини билдирди.
Депутатнинг таклифи фонд томонидан қўллаб-қувватланиб, “Экосан” халқаро жамоат фонди манзилли дастуридан ўрин олди. Жорий йилда “Қўштруба” овулидаги 23-умумтаълим мактаби ва Тўрткўл туманининг “Ёнбошқалъа” овулидаги “Қ.Нуримбетов” қишлоқ врачлик пунктига 48,0 миллион сўмлик 2 та 1000 вт.ли фотоэлектрик станция, Элликқалъа туманининг “Қизилқум” овулидаги 33-умумтаълим мактабига 36 миллион сўмлик 1 та 1500 вт.ли фотоэлектрик станция ўрнатилди.
Аҳоли фаровонлиги учун зарур бўлган бундай амалий ишлар фуқароларнинг партия депутатларига янада ишончини ошириш билан бирга дастурий ғояларимизнинг халқ орасида кенг ёйилишига ҳам хизмат қилмоқда.
Шарипа ТОРЕШОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...
01 янв 1970
Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига саёҳат уюштирилди.