Рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш муҳим вазифа

/
Рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш муҳим вазифа
 
Мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим сиёсий жараён, яъни парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайлов арафасида турибмиз. Сайловга ҳар бир сиёсий партия ўзига хос мақсадлар, ғоялар, ташаббуслар, мамлакатдаги мавжуд муаммолар ечими юзасидан ўзларининг таклифлари ва уларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан кириб келди.
 
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайлов арафасида мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқи­миз фаровонлигини таъминлашга қаратилган юздан ортиқ муҳим ташаббуслар қаторида мамлакатда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида ҳам ўз таклифларини эълон қилди.
 
Аввало, биз мамлакат иқтисодиёти соҳасининг айрим секторларидаги тадбиркорлик субъектларига солиққа тортиш борасида локал имтиёз ва преференциялар берилишини маъқулламаймиз. Биз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз. Мамлакатимизда тадбиркорлар ўртасида соғ­лом ва адолатли рақобатни таъминлаш, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенглик тамойили асосида солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш самарали тизимини шакллантириш орқали рақобатбардош ишлаб чиқариш рағбатлантирилишини қўллаб-қувватлаймиз.
 
Мамлакатимизнинг инвестициявий мухитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамо­йилларини жорий этишни таъминлаш, янги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш масалалари, Солиқ кодексининг янги таҳририни тайёрлашда, ундан жой оладиган ҳуқуқий нормалар тадбиркорларга, солиқ тўловчиларга солиқдан қочишни эмас, балки солиқ тўлагани учун рағбатлантирилишини ва бу билан ўзининг фуқаролик бурчини бажараётганини билиши учун содда, аниқ ёзилишга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
 
Бунда йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда давлат бюджети мабағлари билан бир қаторда сармоядорлар маблағидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш, ушбу ташкил қилинган йирик ишлаб чиқариш қувватларини кейинчалик бос­қичма-босқич сармоядорларга сотиш орқали бош­қарувни тўлиқ улар ихтиёрига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Бундан ташқари, яна бир ўта муҳим масала, яъни молия­вий кўмак сифатида банклардан кредит олган кўплаб тадбиркорларнинг лойиҳалари бўйича ер ажратиш, инфратузилмага уланиш, рухсатнома олиш, дастгоҳларни келтириш ва бош­қа турли масалаларга доир муаммолар борлиги сабабли режалаштирилган лойиҳалар амалга ошмай қолмоқда ва бунинг натижасида берилган кредитларнинг қайтарилишида муаммолар юзага келмоқда. Шу боис “Адолат” СДП муаммолари бўлгани учун тўлиқ амалга оширилмаётган лойиҳалар аниқланиши ва бу борада тижорат банклари ҳам иш услубини тубдан ўзгартириб, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши керак, деб ҳисоблайди.
 
Биз янги инновацион технологияларга асосланган иқтисод — мамлакат қудратининг ошиши, халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва Ўзбекистоннинг барқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ривожланиши асоси ва гарови, деб биламиз. 
 
Биз илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш учун қулай шароитларни яратиш бўйича давлат инновацион сиё­сатини қўллаб-қувватлаймиз. Устувор вазифаларимиз орасида — рақамли технологиялар базасида иқтисоднинг барча соҳаларини янгилашни кўзлаган “Рақамли Ўзбекистон — 2030” Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мавжуд. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлилларга кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради.
 
“Адолат” СДП инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини доимий равишда такомиллаштириб боришни, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, иқтисодиёт тармоқларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳалар жорий этилишини қўллаб-қувватлайди ва бу масалаларга алоҳида эътибор қаратади.
 
Бизнингча, энергетика секторининг асосий драйвери, бу қуёш энергетикасини ривожлантириш соҳаси бўлиши керак. Мақсадимиз — олдимизга қўйган мақсадларга биноан, юзага келтирувчи қувватлар тузилмасида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 2025 йилгача 20 фоизгача чиқариш, бунда келажак авлодни жиддий экологик хавф-хатарлар ва етишмовчилик таъсирига туширмасдан, ўсишнинг самарали ресурс моделига тезлик билан ўтишни таъминлаш лозим.
 
Биз муқобил энергетикани (қуёш энергетикаси, кичик дарёлар, сув омборлари ва каналларнинг гидросалоҳияти, биогаз энергияси ва бошқалар) жорий қилиш ва рағбатлантириш дастурини қабул қилишни таклиф қиламиз.
 
Биз учун «яшил иқтисодиёт» — бу қишлоқ хўжалигида жонли деҳқончилик демакдир.Биз синтетик пестицидлар (“ақлли” ўғитлар), турли ем қўшимчалари, ҳосилдорликни таъминлаш, маданий экинларни етиштиришда органик ўғитлардан оқилона фойдаланиш тарафдоримиз. Биз ривожланган демократик мамлакатларнинг экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари саноатини рағбатлантиришнинг турли механизм­ларини қўллаш соҳасидаги тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш, шунингдек, улар томонидан йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилиш ор­қали хулосалар чиқарган ҳолда миллий ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб-қувватлашни таклиф қиламиз.
 
Мухтасар айтганда, Ўзбек­ис­тоннинг иқтисодини рақобатбардош, барча ишлаб чиқарувчиларга тенг имкониятлар таъминланган, ишлаб чиқарувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити асосий мезон бўлган, чет эл сармоядорларига ҳам тенг ишбилармонлик муҳити асосида фаолият олиб боришлари кафолатланган, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги сўзсиз таъминланган, кучли “ҳуқуқий-демократик давлат” сифатида ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши йўлида хизмат қилиш биз учун энг олий ва шарафли вазифадир.
 
Муҳаммад Искандаров
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига
117-Урганч сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим сиёсий жараён, яъни парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайлов арафасида турибмиз....
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...
01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...
01 янв 1970
Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлар­аро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳк...