Бизнинг мақсадимиз – ҳуқуқий ижтимоий давлат

/
Бизнинг мақсадимиз – ҳуқуқий ижтимоий давлат
 
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайловда мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган юздан ортиқ муҳим ташаббуслар қаторида “Ҳуқуқий ижтимоий давлат” барпо этиш ғоясини илгари ҳам сурмоқда.
 
Тўғри, мазкур ғоя давлатимиз мустақиллиги эълон қилинган даврдан бошлаб асосий мақсадга айланган, аввалги Сайловолди платформаларимизда ҳам ўз аксини топган эди. Лекин бугунги шиддатли ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ҳам у янгича мазмун билан бойиши, энг муҳими, устувор ғоя сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолиши ҳамда амалга татбиқ этилиши зарур.
 
Ҳуқуқий давлат бу — қонун ҳукмрон бўлган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида тан олинган ва амалда таъминланган, бошқарувда халқнинг хоҳиш-иродаси ҳисобга олинган, ҳокимият ваколатлари ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш асосига қурилган демократик макондир. Ҳуқуқий давлатда олий қадрият инсондир.
 
Демак, энг асосий ва муҳим масала бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш экан, бу йўналишда олдимизда қандай вазифалар мавжуд? Фикримизча, энг аввало, адолатли қонунлар, адолатли ҳуқуқий тартибга солиш механизми жорий этилиши лозим. Бу ўринда, жамиятдаги энг муҳим ижтимоий муносабатларнинг қонун билан тартибга солинишига эришмоғимиз даркор. Ҳозирча, афсуски, бу борада эришилган натижаларимизни ижобий дея олмаймиз. Чунки, ҳуқуқий тартибга солиш майдонида қонунлардан кўра қонуности ҳужжатларининг сони ва салмоғи катта. Ҳозир мамлакатимизда амалда 15 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлса, уларнинг атиги 5 фоизини қонунлар ташкил этади. Бу айрим ҳолатларда инсон манфаатидан идоралар, айрим шахслар манфаатининг бирламчи ўринга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Биргина таълим соҳасини олсак, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”, дея белгиланган бўлса-да, мактаблардаги дарсликларнинг пуллик бўлиши, ҳақ эвазига таълим бериш кўрсаткичларининг ортиб бориши, мактабларда таълим сифати пасайиб, репетиторликнинг ривожланиб кетиши каби ҳолатлар айрим қонун­ости ҳужжатларида белгиланган нормаларнинг натижасидир.
 
Яна бир муҳим вазифа, бу қонунларнинг ижросини таъминлашдан иборат. Бу борада ҳам баҳсли вазиятлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар, фойдаланилмаётган имкониятлар бисёр. Жамоатчилик назорати институти ҳам амалдаги қонунлар ижросини таъминлашда, жамиятда ижтимоий адолат ўрнатишда муҳим ўринга эга. Ҳозир мамлакатимизда ўн мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари, яна шунча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, икки мингга яқин оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бораётган бир шароитда уларнинг қонунлар ижроси, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириши борасидаги ролини янада кучайтириш лозим.
 
Жамиятда қонун устуворлигининг тўлиқ таъминланиши аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига узвий боғлиқ. Шу жиҳатдан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий тар­ғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ва ўз ҳуқуқларини билишга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз хулқ-атворни шакллантириш демократик ҳуқуқий давлат қурилишнинг зарурий шарти ва гаровидир.
 
Биз илгари сураётган фикрлардан яна бири, бу ­“ижтимоий давлат” ғоясидир. Ижтимоий давлат деганда, ижтимоий соҳага жуда катта эътибор қаратиладиган, фуқароларнинг тенглиги, уларнинг турли табақаларга ажралишига йўл қўймайдиган, умумфаровонлик таъминланган жамият тушунилади.
 
Ҳаттоки, айрим ривожланган Европа мамлакатларида давлатнинг ижтимоий мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланган. Масалан, Германия Конституциясида унинг ижтимоий давлат эканлиги белгиланган. Бизда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми Асосий қонунда кўрсатилмаган бўлса-да, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий давлатларникидан кам эмас. Ўн йиллардан буён ҳар йили давлат бюджети маблағларининг эллик фоиздан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилаётганининг ўзи ҳам буни яққол исботлайди.
 
Фикримизча, ижтимоий соҳа, айниқса, таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар миқдори янада оширилиши зарур. Чунки, сифатли таълимсиз, етук кадрларсиз буюк келажакни тасаввур этиб бўл­майди. Конс­титуциямизда фуқароларга таълим олиш ҳуқуқи берилдими, энди уни таъминлаш чоралари кўрилиши лозим. Мактабгача таълим муассасаларининг сони етарли бўлмаса ёки мактабларда бир синфда 40 нафар ўқувчи сиқилиб ўтирса ёхуд олий таълим билан қамраб олиш даражаси атиги ўн фоиз атрофида бўлса, қандай қилиб, сифатли таълимни, малакали кадрларни талаб қиламиз? Давлат ижтимоий мақомини шу ўринда кўрсатиши зарур. Таълим учун етарли шароитлар яратилиши шарт.
 
Ёки соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар етишмаслиги муаммоси аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда. Зарур ташкилий чоралар ўз вақтида кўрилмагани, тўғри прогнозлаштириш амалга оширилмагани боис ҳозирда республика бўйича ўн мингга яқин врач мутахассислар етишмаслиги кузатилмоқда.
 
Хулоса қилиб айтганда, бизнинг бош мақсадимиз Ўзбекис­тонимиз эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолат, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият принциплари ҳукмронлик қиладиган, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги сўзсиз таъминланган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган ва барча аҳоли қатлами учун муносиб ҳаёт шароити яратилган, кучли “ҳуқуқий-ижтимоий давлат” сифатида ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши йўлида хизмат қилишдир.
 
Ботир ТУГАЛов
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
70-Ургут сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун жамиятимизда юқоридаги фикрлар тўла ўз тасдиғини топиб, аёлларга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим сиёсий жараён, яъни парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайлов арафасида турибмиз....
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...