Бугунги кун аёли ҳар соҳада байроқдор бўлиши шарт

/
Аёл – жамиятнинг мустаҳкам қўрғони бунёдкоридир. Унинг кайфияти яхши бўлса, оила фаровон бўлади, у бахтли бўлса, оила ва жамият бахтли бўлади. Садоқат тимсоли дея таърифланган аёл бугун минглаб ихтиролар қилди, дунё яратувчиларини вояга етказди, имкониятлар сари дадил қадам ташлашни ўргатди. Бу унинг учун оғир кечмади, аксинча, орзу ва умидларининг рўёбига айланди.
 
Аёлларнинг оғир меҳнати нафақат ишхонада, аввало, уйда, рўзғорда бўлади. Улар меҳнати билан миллионлаб забардаст спортчиларни ортда қолдириши мумкин. Ҳар қандай вазифани ўз вақтида бажариб, ҳам оналик, ҳам аёллик шарафини ҳимоя қилишда унда дунёча кучни кўрса бўлади.
 
Бугун мамлакатимизда аёлларни эъзозлаш, уларни ҳурмат қилиш, улар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари энг муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилмоқда.
 
Истиқлол йилларида Конституциямиз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят кодекси, “Ўзбекис­тон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя­си тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсат тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда асосий мақсад юртимиз аёлларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, опа-сингилларимизнинг фаоллигини оширишга, уларга маънавий-руҳий мадад беришга, қолаверса, турли таҳдид ва қотиб қолган эскича қарашлардан ҳимоя қилишга қаратилди.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга асосланади. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар ҳуқуқини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги (CEDAW), аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги, оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилди. Бу аёлларимизга берилган эътиборнинг ўзига хос намунасидир.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил февраль ойида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунинг­дек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини кучайтириш ва амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларимизда янада фаол иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида аёллар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдори эканлигини қайд этган.
 
Бугун ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши керак.
 
Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенглигига эришиш тарафдори. Демак, бугунги кун аёли ҳар соҳада байроқдор бўлиши шарт. Партиянинг Сайловолди дастурида бу борада таклифларнинг қайд этилганлиги мамлакатимизда аёлларнинг мустаҳкам ўрнини белгилаб беришга, уларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.
 
Албатта, жамиятимизда хотин-қизларнинг давлат қурилишидаги иштирокини ошириш мақсадида партиямиз фаолиятида аёллар ролини кучайтириб, партия аъзоларининг муайян қисмини аёллар ташкил этишига эришилди. Партия “Аёллар қаноти” томонидан қилинаётган тарғибот ишларидан асосий мақсад ҳам аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятнинг муҳим бўғини сифатида ролини оширишдир.
 
Бугунги кунда хотин-қизларимиз сиёсий жараёнларда нафақат фаол иштирокчи, балки жамиятимизнинг катта кучига, шу билан бирга, ҳал қилувчи омилига айланиб бормоқда. 2007 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайловида мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига кўрсатилган бир неча номзод қаторида аёл кишининг ҳам номзоди кўрсатилди ва илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига аёл киши сайланган эди. 2019 йилда эса Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида аёл киши Сенат раиси лавозимига сайланди. Билдирилган бу ишонч ҳар бир аёлнинг миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий мезони ҳисобланади.
 
Гулбаҳор Сайидганиева
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига
106-Боғдод сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томо...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ва Шўрчи туман кенгашлари томонидан туман маданият саройида “Биз адолат тарафдоримиз!&r...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида таълим тизими, хусусан, мактагача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим тизимида қилиниши керак бўлган аниқ ...