Халқ вакиллари долзарб таклифларни киритишди

/

Халқ вакиллари долзарб таклифларни киритишди

 

Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги муҳим масалаларни ҳал этишга оид масалалар кўриб чиқилди.

 

Дастлаб депутатлар Тошкент шаҳрида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг 2019 йил давомида бажарилган ишлари билан танишдилар. Шунингдек, бу йўналишда жорий йилга мўлжалланган режаларга эътибор қаратдилар. Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмоновнинг маълум қилишича, 2020 йилда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 618 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилган.

 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилиб, Омбудсман фаолиятини ривожлантириш ҳамда иш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Шунингдек, йиғилишда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг ахбороти тингланди. Бунда депутатлар қонуности ҳужжатларининг ижроси юзасидан муҳим жиҳатларга эътибор қаратишди ва билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Шу билан бир қаторда, “Адолат” СДПдан 6-Чўпонота  сайлов округидан сайланган депутат Обиджон Латипов, 21-Қорасарой сайлов округидан сайланган депутат Луиза Ҳикматова ҳамда 45-Қоратош сайлов округидан сайланган депутат Абдумавлон Касимовлар томонидан сессия кун тартибига киритилган масалалар аҳамиятли бўлди. Хусусан, 2019 йилнинг май ойида Президентнинг Учтепа туманига  ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан бир қатор топшириқлар берилган, жумладан, тумандаги 4 та тиббий муассасада  бюджет маблағлари асосида, яна 4 та  тиббий муассасада эса маҳаллий бюджет маблағлари асосида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш вазифаси белгиланган. Бироқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2019 йил якунига қадар капитал таъмирланиши лозим бўлган 25-оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Ўрикзор” филиали, 22-оилавий поликлиниканинг “Бекобод” филиали, 23-оилавий поликлиниканинг “Тинчлик” филиалларида таъмирлаш ишлари бошланган бўл­са-да, маблағ танқислиги сабаб якунига етмаган. Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан 2020 йил бошида бўнак (аванс) тариқасида маблағ ажратилган, бироқ пудратчилар тендер асосида танланмаган деган сабаб билан молиялаш тўхтаб қолган.

Натижада таъмирлашга тушган поликлиникага мурожаат этувчи аҳолининг сифатли тиббий хизмат олишида ноқулайликлар юзага келмоқда. Ушбу муаммоли масалани ечиш ва таъмирлаш ишларини тезроқ якунлаш мақсадида депутат Обиджон Латипов ҳолат юзасидан сессияда чиқиш қилди. Депутат Президентнинг 2019 йилги ташрифидан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор нормалар асосида ушбу биноларни капитал таъмирлашни тезроқ якунлаш мақсадида истисно тариқасида молиявий барқарор ва катта иш тажрибасига эга корхоналарга бериш белгиланганлигини билдирди. Тошкент шаҳар ҳокимиятининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси билан шарт­нома асосида ўз ҳисобидан иш бошлаган корхоналарга тўловларни амалга ошириш орқали жараён янада чўзилишининг олди олиниши айтиб ўтилди. Депутат томонидан киритилган масала асосида Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Депутат Луиза Ҳикматова эса ҳар бир тумандаги Давлат хизматлари марказлари қошида электрон мобил алоқа воситалари орқали кар-соқовлар онлайн мактаби очишни таклиф этди. Мазкур масала ҳам сессия иштирокчилари томонидан маъқулланиб, Кенгаш қарори қабул қилинишига эришилди.

 

Доимий комиссия фаолиятида ҳам бир қанча масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, доимий комиссиянинг маҳаллий бюджет масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Абдумавлон Касимов Шайхонтоҳур тумани аҳолисининг мурожаатларига асосан 2013 йилда “Гулбозор” маҳалласи “Зарқайнар” ва “Навоий” кўчаларини боғловчи йўл беркилиб қолиши бўйича ўз таклифларини киритди. Ўз нав­батида, мазкур масала сессия кун тартибига олиб чиқилди ва ҳал этиш юзасидан қарор қабул қилинди.  

 

Эндиликда сессия кун тартибида депутатларнинг ўз сайлов округини ўрганиб, аниқлаган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳам алоҳида кўриб чиқилади.

 

Меҳринисо

 

БОБОНАЗАРОВА,

 

Тошкент шаҳар кенгаши

 

матбуот котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...
01 янв 1970
Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзаси...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унд...
01 янв 1970
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ...