Давлат дастури ҳаётийлигини таъминловчи таклифлар билдирилди

/

Давлат дастури ҳаётийлигини таъминловчи таклифлар билдирилди

 

Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари суриши лозим. Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ва Ижроия қўмитасининг нав­батдаги қўшма йиғилиши шу мақсадда ташкил этилди.

 

Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойи­ҳаси  муҳокама қилинди.

 

Йиғилишда таъкидланганидек, 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва бу жараёнда халқимиз фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи ушбу ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” социал-деморатик партияси депутатлари, фаоллари, экспертлари, бошлан­ғич партия ташкилотларида ҳам атрофлича кўриб чиқилмоқда. Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этилди.

 

Фракция аъзолари томонидан эътироф этилганидек, Давлат дас­тури лойиҳасига партия илгари сурган бир қатор дастурий ва халқчил ғоялар киритилган. Жумладан, прописка тизимини ислоҳ қилиш, судларда прокурор иштирокини такомиллаштириш, йўл ҳаракати қоидаларини қонун даражасига чиқариш, олий таълимга қабул квоталарини кенгайтириш, “Электрон парламент” тизими жорий этиш, илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш каби ғоялар шулар жумласидандир. Депутатлар ушбу масалалар сайловолди учрашувларида халқимизни анча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар эканлигига гувоҳ бўлишганини таъкидлашди. Ушбу масалаларнинг Давлат дастури лойи­ҳасидан ўрин олгани бир томондан халқимиз орзу-умидлари рўёбига, бир томондан партиянинг сайловчиларга берилган ваъдалари ижроси таъминланишига хизмат қилади.

 

Лойиҳада Қонунчилик палатаси ва депутатлар ваколатларини кенгайтириш, парламент ва депутат назоратини такомиллаштириш, ҳар бир қонунни халқ томонидан баҳолаш тизими жорий этилиши, фракцияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги депутатлар зиммасига масъулият юклаши таъкидланди.

 

Акмал Бурханов,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 

— Давлат дастури лойиҳасининг халқ муҳокамасига қўйилиши одат тусига айланиб улгурди. Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, дастурдаги энг халқчил ғоялар аҳоли билдирган таклифлар асосида вужудга келган. Шунинг учун халқимизнинг ушбу жараёнлардаги фаоллиги йилдан-йилга ошиб бормоқда.

 

Бу йилги дастур лойиҳасини кузатган бўлсак, унда партиямизнинг бир қатор асосий ғоялари ўрин олганини кўришимиз мумкин. Буни прописка, олий таълим, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш йўналишларидаги бандларда кў­ришимиз мумкин. Шундай бўлса-да, дастурга “Адолат” СДП ғояларини янада кўпроқ сингдиришни истасак, Сайловолди дастуримиздан келиб чиққан ҳолда бериладиган таклифларни кўпайтиришимиз лозим.

 

Дастурнинг 21-бандида “Сайлов тизимини янада такомиллаштириш чораларини кўриш” вазифаси юклатилган. Сўнгги парламент сайловларидан келиб чиққан ҳолда, биз мазкур бандга пропорционал сайлов тизимига ўтиш бўйича қўшимча киритишимиз лозим. Ҳеч бўлмаганда 50 фоизга.

Шунингдек, такрорий сайловдан воз кечиб, биринчи сайловда ким энг кўп овоз тўпласа, шуни депутат сифатида сайланган деб қабул қилишимиз керак. Биринчидан, такрорий сайловга сайловчилар тўлиқ чиқмайди. Иккинчидан, такрорий сайлов учун давлат бюджетидан ортиқча маблағ сарфланади.

 

Шу билан бирга сайловолди учрашувларимизда энг кўп қўллаб-қувватланган ғоямиз — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ тизимидаги тергов органларини бирлаштириб, ягона мустақил тергов қўмитасини тузиш таклифини ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир. Бу, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва адолат таъминланишига олиб келади.

 

Музаффара Абдиева,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 

— Дастурнинг 262-бандида илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси мавжуд. Ушбу бандга Президент Мурожаатномасида таъкидланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш учун жорий йилда ҳар бир туманда биттадан умумтаълим мактабларини математика, кимё-биология, геологияга ихтисослаштириш таклифини киритишимиз керак. 

 

Шунингдек, дастурнинг 41-бандида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш жараёнини янада демократлаштириш” вазифаси қўйилган. Сайловчиларимиз билан мулоқотларда мазкур жараёнларнинг адолатли ва шаффоф ўтмаслиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Бундан ташқари, маҳалла аҳолисининг барчаси ушбу сайловда иштирок этмаслиги натижалар бўйича норозиликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ушбу жараёнларни очиқ-ошкора ўтишини таъминлашимиз ҳамда маҳаллада истиқомат қилаётган барча аҳоли учун овоз бериш имкониятини яратиб беришимиз керак. Шундагина улар эртанги куни учун овози муҳим эканлигини ҳис қилган ҳолда овоз беради.

 

Қодир ЖЎраев,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 

— Бугунги кунда мамлакатимиз ташқи сиёсатида ҳам очиқлик принципи энг асосий мезонга айланмоқда. Бундан 8 йил аввал қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий концепцияси бугунги кун талабларига маълум маънода жавоб бермай қолган. Шу боисдан мазкур концепцияни янги таҳририда қабул қилиш бўйича таклифларни киритиш лозим.

 

Бундан ташқари, партия Сайловолди дастуридаги ўқув йилининг бошланиши муддатини қайта кўриб чиқиш таклифи кўпчилик сайловчилар томонидан илиқ кутиб олинган эди. Мазкур масалани ҳам давлат дастурига киритишни таклиф этаман. Бунинг натижасида таълим муассасаларида ўқув йили сентябрь ойи­да эмас, август ойининг бошига кўчирилади. Бу амалиёт хорижий давлатларда ҳам мавжуд.

 

Бу ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўқувчилар ҳамда талабаларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши ва китоб мутолааси учун зарур бўлган вақтни мақбуллаштиришга олиб келади.

 

Шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Биз бугунги кунда давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушмаётганлигидан хавотирдамиз. Ундирувларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилганлиги бизни мутлақо қониқтирмайди. Бундай ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиши ва сўнгра, қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур. Акс ҳолда, давлат божлари ва бош­қа мажбурий ундирувлар парламент назорати доирасидан четда қолади ва айрим давлат органлари томонидан мақсадсиз фойдаланишга, ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади.

 

Депутатлар томонидан электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Давлат дастури лойиҳасига умумий ўрта таълим дарсликларини сифатли ишлаб чиқиш, уларни обравация қилиш ягона институтини шакл­лантириш, Муниципал уй-жойлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш, “дори воситаларининг ягона электрон базаси”ни яратиш, коррупцияга қарши курашга жамоатчиликни, фуқароларни рағбатлантириш механизмини жорий этиш орқали кенг жалб этиш каби бир қатор таклифлар билдирилди. Мазкур таклифларни мутасадди органга тақдим этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Шундан сўнг депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи кўриб чиқилди.

 

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2019 йилда Омбудсман фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилди. Хусусан, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбуд­сман) тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм инс­титути жорий этилди. Унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

 

Шунингдек, 2019 йилда Омбудсман томонидан ҳудудларда жойлашган 20 та жазони ижро этиш муассасасида ва 6 та тергов ҳибсхонасида ўрганишлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар доирасида қамоқда сақланаётган шахсларни сақлаш шароитлари, улар билан муомалада бўлиш тартиби, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маънавий-маърифий ишларни олиб бориш масалалари кўриб чиқилган.

 

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари раҳбарларига тақдимномалар ва даъволар киритилган.

 

Депутатлар йиғилиш давомида Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётини янада такомиллаштириш бўйича Вакилнинг тавсия ва таклифларига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш бўйича берилган таклифни депутатлар қўллаб-қувватлашди. Чунки бу таклиф “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топгани айтиб ўтилди.

 

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш таклифи халқаро амалиётга мос эканлиги эътироф этилди.

 

Йиғилиш якунида фракция томонидан Омбудсман фаолиятининг баъзи йўналишлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар қўллаб-қувватланди.

 

Йиғилишда, шунингдек, суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ва фракция аъзолари партия позициясидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Баҳром

 

Бурхониддинов,

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар....
01 янв 1970
2020 йил 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...