Илм-маърифат тараққиётни белгилайди

/

Илм-маърифат тараққиётни белгилайди

 

Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирокида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

 

Тадбирда партиянинг вилоят ва туманлар кенгашлари вакиллари, депутатлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакиллари, туман бошлан­ғич партия ташкилотлари ходимлари, туман касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, кенг жамоатчилик  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Тадбирни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Зафар Эшқулов очди ва иштирокчиларга тадбирнинг мақсад-моҳияти хусусида маълумот берди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров маъруза қилди.

 

Партия етакчиси Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш борасида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан батафсил сўзлади. Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар партия дастури билан чамбарчас боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унда қатор долзарб иқтисодий ислоҳотлар билан бирга таълим жараёнига жиддий эътибор қаратиш, олий таълимда тизимли ислоҳотларни йўлга қўйиш, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида қатор ўзгаришлар ва ислоҳотларни амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратилганини қайд этди.

 

 — Мурожаатномада таъкидланганидек, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш бугуннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди, — деди депутат Н.Умаров. — Бунинг учун давлат сиёсатини янада ривожлантириш, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 25 фоизга, кейинги йилларда 50-60 фоизга етказиш, давлат грантларини 2 бараварга кўпайтириш борасида амалий ишлар қилинади. Ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тад­қиқотлар учун мақсадли грант маблағлари ажратиш механизми тубдан яхшиланади. Она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими яратилиши ва “Рақамли Ўзбекис­тон — 2030” дастурининг амалга оширилиши келажагимиз эгаларининг истиқболи йўлидаги эзгу ишлардандир. Шуни унутмаслик керакки, амалий натижа билан мустаҳкамланган ислоҳотнигина одамлар қалбан ҳис этади ва эртанги кунга ишонч билан қарайдиган бўлади.

 

Очиқ мулоқот давомида депутатимиз ёшлар билан уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида самимий суҳбатлашди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

 

Учрашувда сўзга чиққан талабалар партия дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлашларини, келажакда етук кадрлар бўлиб етишишларида партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар, пар­тия­вий лойиҳалар уларга яқиндан ёрдам беришини таъкидлашди.

 

Шунингдек, тадбирда иштирокчилар томонидан ёшлар фаолиятини ривожлантириш, иқтидорли йигит-қизларни халқаро фан олимпиадалари ва нуфузли спорт мусобақаларига қатнашишлари учун молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёшлар учун ўйингоҳ, бассейн, китоб дўконлари қуриш зарурлиги  каби амалий таклифлар ўртага ташланди.

 

Мазкур учрашув туман ёшларида чуқур таассурот уйғотганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.

 

***

 

Шунингдек, Термиз давлат университети фаоллар залида Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирокида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

 

Тадбирни партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳамраев олиб борди. 

 

Олий Мажлис депутати Наримон Умаров сўзга чиқиб,  Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва унда кўрсатилган давлат ва жамиятни тубдан ислоҳ этишни давом эттириш масалалари, шунингдек, 2020 йилда ёшларни қувонтирадиган янгиликлар ҳақида ёшларга маълумот бериб ўтди.

 

Учрашувда Мурожаатномада ёшлар учун белгиланган бир қатор имкониятлар ҳамда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани ёшларнинг кайфияти, илму юксалишга шашти ва иштиёқини янада кўтаргани яққол сезилди.

 

Айтиш жоизки, жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади. Маълумки, кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш долзарб вазифа. Шу мақсадда миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Мазкур тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини бериши кутилаяпти.

 

“Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт”, дея таъкидлади  Президентимиз. Бу муҳим вазифани бажариш учун, биринчи навбатда, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш керак. Кейинги уч йилда олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада оширилди, бунинг учун барча имкониятлар ишга солинди. Шу билан бирга, учрашувда қайд этилдики, олий таълимни ривожлантириш бирданига ечиладиган масала эмас, бунга катта изланиш ва ресурс керак. Шартнома тўловини икки-уч баробар кўтариб, қабул квоталарини ошириш мумкин, лекин бу ҳолатда ёшларда, уларнинг оилаларида моддий қийинчиликлар юзага келади.

 

Шу боис Мурожаатномада олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарурлиги таъкидланди. Қувонарлиси, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш кўзда тутилди.

 

Учрашувда Мурожаатномада ёшлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида кенг тушунча берилди. Ёшлар ҳам фаол тарзда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янгидан ишлаб чиқиладиган “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси давлат ва жамиятнинг ёшларга муносабатини бутунлай янги даражага кўтариши кутилаётгани қайд этилди.

 

Тадбир сўнггида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига депутатимиздан атрофлича жавоб олишди.

 

**

 

Беш ташаббус – беш имкон

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекис­тонни ривожланган мамлакатга айлантириш, жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация ҳақида гапирар экан: “...авваламбор ташаббускор, ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз керак”, дея таъкидлади. Бу айни вақтда барчамизнинг зиммамизга ёшлар билан ишлашда катта масъулият юклайди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамированинг андижонлик ёшлар билан учрашувида ҳам бу ўз ифодасини топди. Жумладан, депутатнинг Жалақудуқ туманида ташкил этилган “Беш ташаббус – беш имкон” мавзусидаги тадбирда иштироки ёшларда қизиқиш уйғотди.

 

Туман ёшлари томонидан ташкил этилган адабиёт, санъат, китобхонлик, қўл меҳнати ва  спорт тўгараклари фаолиятини ўзида ифодалаган кўргазмалар, театрлаштирилган чиқишлар келажагимиз эгаларининг иқтидори ва ташаббускорликларини кўрсатди. Айниқса, спорт мусобақалари уларни соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб камолга етаётганликларининг тасдиғи бўлди.

 

— Келажак бугундан бошланади. Давлатимиз томонидан фарзандларимиз учун барча имкониятлар яратилган, — деди тадбирда сўз олган депутат О.Мамирова. — Бунга жавобан ҳар бир йигит-қиз яхши ўқиши ва фаол бўлиши лозим, Президентимиз такрор-такрор айтганларидек, эртанги кун сизларники, маррани баланд олинг!

 

Мамлакатда ёшлар билан ишлаш ҳаракатининг амалдаги мисоли сифатида ўтказилган тадбир иштирокчиларда бой таассурот қолдирди.

 

**

Янгийўлда аҳоли таклифлари ўрганилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Халбаеванинг сайловчилар билан нав­батдаги учрашувлари Янгийўл  туманидаги “Йўғонтепа” қишлоғига қарашли “Юксалиш” ва “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан ўтказилди. Очиқ мулоқотларда маҳаллалар аҳлининг муаммолари тингланди.

 

Фуқаролар ўз муражаатларида 2009 йилда ҳашар йўли билан қурилиб, таъмирдан чиқарилган “Абу Бакир Сиддиқ” масжидининг фаолият юритишига тегишли идорадан рухсат берилмаганини айтишди. Ўрганишлар жараёнида масжид замон талабларига жавоб берадиган даражада қурилганлиги аниқланди. Маҳалла оқсоқоллари халқ вакили Д.Халбаевадан ушбу масаланинг ижобий ҳал этилишида ёрдам беришини сўради.

 

Шунингдек, депутатимиз эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Муҳиддин Исроилов билан учрашди. Суҳбат давомида тадбиркор бир гектарлик ер майдонида қурилаётган  иссиқхонанинг 60 фоизи битказилгани ва қолган қурилиш ишлари учун кредит олишда муаммоларга дуч келаётганини билдириб, кредит олишда амалий ёрдам сўради.

 

Бундан ташқари, мазкур ҳудудда ноқонуний уй-жой бузилиши, суд-ҳуқуқ тизими фао­лиятига нисбатан эътирозлар, маҳалла ҳудудидаги ички йўллар ва электр симёғочларининг талабга жавоб бермаслиги, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида бир қатор камчиликлар мавжудлиги  аниқланди.

 

Депутатимиз фуқаролардан юқоридаги масалалар бўйича аризаларни қабул қилиб, уларни босқичма-бос­қич ҳал этишни ўз назоратига олишини маълум қилди.

 

**

 

Мурожаатнома моҳияти — депутат ва ёшлар эътиборида

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев Пешкў ва Ромитон туман ёшлари билан учрашди.

 

Учрашув мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига бағишланди. Айниқса, унда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, турли имтиёзлар берилиши, имкониятлар сонининг кўпайтирилиши юзасидан қайд этилган таклифлар депутат томонидан алоҳида тилга олинди. Шунингдек, қизлар учун алоҳида грантларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ таклиф билдирганлиги барчада бирдек катта қизиқиш уйғотди.

 

Тадбирда ёшлар ўз таклифлари, фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Депутат ҳар бир ёш авлод вакилининг таклифини эшитар экан, уларга ўз муносабатини билдирди.

 

**

 

Ҳаёт сифати яхшиланиши учун...

 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг “Электрон ҳукумат соҳаси амалиётига оид қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ўрганиш” лойиҳаси доирасида Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) Фарғона вилояти бошқармасида  йиғилиш бўлиб ўтди.
 

Унда қўмита аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Сайидғаниева ҳам иштирок этди.

 

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда илгари сурилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий  ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири — жамиятни рақамлаштириш ҳисобланади.  Бу ўз навбатида барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни талаб этади.

 

Қолаверса, аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилиб, модернизация қилинмоқда ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича кўплаб Президент, ҳукумат қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда қўмита томонидан электрон ҳукумат соҳаси амалиётига оид қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ДХА Фарғона вилоят бошқармаси тузилмасида ўрганиш белгиланган. 

 

Ўрганиш концепцияси давлат хизматларини электронлаштириш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг идоралараро интеграция қилинишини таъминлаш, электрон ҳукумат ва давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришда таклифлар тайёрлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Сурхондарё, Андижон,

 

Тошкент, Бухоро вилоят , Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

 

кенгашлари матбуот хизмати

 

 

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар та...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....